Жаҳон | 07:53 / 14.08.2024
4929
2 дақиқада ўқилади

Байден ва Боррел Украинанинг Курск яқинидаги ҳужуми ҳақида гапирди

АҚШ президенти Украинанинг муваффақияти «Путин учун ҳақиқий дилемма»ни юзага келтиришини айтди, Европа дипломатияси раҳбари эса Европа Иттифоқи Украина халқи курашини тўлиқ қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Фото: Viacheslav Ratynskyi/Reuters

АҚШ президенти Жо Байден 13 август, сешанба куни Янги Орлеанда журналистлар билан суҳбатда Украина Қуролли кучларининг Россия Федерацияси Курск вилоятидаги ҳужуми ҳақида илк бор изоҳ берди. Байденнинг таъкидлашича, бу ютуқ «Путин учун ҳақиқий дилемма» яратади ва АҚШ «украиналиклар билан тўғридан тўғри ва доимий алоқада». «Воқеалар ривожи давомида бу ҳақда айтмоқчи бўлган нарсам шу», деди Америка президенти.

Украина Қуролли кучларининг Курск вилоятидаги ҳужуми ҳақида Европа Иттифоқи ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел ҳам гапирди. У Х ижтимоий тармоғида Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба билан фронтдаги сўнгги воқеалар ва Курск яқинидаги қарши ҳужумни муҳокама қилганини ёзди. 

Европа дипломатияси раҳбари Европа Иттифоқи Украина халқининг курашини тўлиқ қўллаб-қувватлашини тасдиқлади. «Россия ўзининг асоссиз ҳужумига қарши Украина қаршилигини синдира олмади ва энди ўз ҳудуди ичида чекинишга мажбур бўлмоқда», - деди у. 

Украина Қуролли кучларининг Курск вилоятидаги ҳужуми 

Украина Қуролли кучлари 2024 йилнинг 6 августидан буён Курск областида ҳарбий операция ўтказмоқда. Россия Мудофаа вазирлиги ва Россия тарғибот-ташвиқоти Telegram-каналлари хабарларига кўра, Украина қўшинлари Россия чегара ҳудудининг бир қисмини қўлга киритиб, 10 километрдан кўпроқ ичкари томон кириб борган. 12 август куни Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирский Курск областида 1000 квадрат километрга яқин ҳудуд Украина армияси назоратида эканлигини маълум қилди.

Курск областидаги ҳарбий амалиётда «минглаб» украиналик ҳарбийлар иштирок этмоқда. Бу ҳақда Украина хавфсизлик соҳасидаги исми ошкор этилмаган юқори мартабали ходимга таяниб, AFP хабар берди. Унинг сўзларига кўра, ҳужумнинг мақсади - Россия кучларини «чўзиш» ва мамлакатни «беқарорлаштириш».

Мавзуга оид