Жаҳон | 18:37 / 15.08.2024
5965
2 дақиқада ўқилади

Германия Россияни ҳарбий базаларидаги саботажга алоқадорликда гумон қилмоқда — ОАВ

Базаларда ичимлик суви тармоғини ифлослантиришга уриниш бўлгани таъкидланмоқда.

Фото: AP

Германия иккита ҳарбий базасидаги эҳтимолий саботажни текширмоқда, у ерда ичимлик сувини ифлослантиришга уриниш бўлгани. Бу ҳақда Bloomberg юқори мартабали депутатга таяниб ёзди. Нашр суҳбатдошига кўра, Германия Россияни қўпорувчиликка алоқадорликда гумон қилмоқда.

Нашрнинг аниқлик киритишича, қўпорувчилик мақсади Германиядаги иккита ҳарбий объект - Кёлн-Вандаги Бундесвер авиабазаси ва Гелзенкирхендаги НАТО аэродроми бўлган. Аввалроқ Германия Мудофаа вазирлиги Кёлн яқинидаги авиабазанинг ҳудуди муҳрлангани, у ерда қўпорувчилик гумони билан тергов олиб борилаётганини тасдиқлаган эди.

Бундесвер матбуот котиби Улрих Фонроберт маълум қилишича, тунда Кёлндаги авиабазанинг панжарасида тешик очилган ва бунга жавобгар шахслар топилмаган. Унинг сўзларига кўра, огоҳлантириш тизими сув сифатининг «ғайритабиий ўзгаришларини» қайд этган, бу эса сув таъминоти тизими ҳужумга учраганлигини кўрсатади.

Гелзенкирхендаги НАТО вакили Донни Деммерс сўзларига кўра, 13 август куни гумонланувчи аэродромга кирмоқчи бўлган, бироқ хавфсизлик ходимлари унга тўсқинлик қилган.

«Биз Кёлнда нима бўлганини билганимиз учун сув ҳавзаларини текширдик. Ҳеч бир тажовузкор уларга кириш имконига эга эмас эди», деди Деммерс.

Апрел ойида Баварияда Россия ва Германия фуқаролигига эга икки киши портловчи ҳаракатларга тайёргарлик кўриш ва Россия фойдасига жосуслик қилишда гумонланиб ҳибсга олинган эди. Германия Бош прокуратураси маълумотларига кўра, улар бошқа нарсалар қаторида Америка ҳарбий базаларида ва немис қуролларини Украинага олиб ўтиш йўлларида саботаж тайёрлаган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид