Жаҳон | 12:56 / 15.08.2024
2721
4 дақиқада ўқилади

Покистонда қизларнинг ўқиши учун ота-оналарга пул тўланяпти

Покистон ҳукумати ёшларнинг, айниқса қизларнинг рақамли саводхонлигини ошириш мақсадида профессионал курсларни муваффақиятли тамомлаганлик учун молиявий мукофотлар таклиф қилмоқда. Ушбу ижтимоий чора ўқувчи қизларнинг ота-оналарига ҳақ тўланган ҳолатда яхши натижа кўрсатяпти.

Фото: Unsplash

Дунёнинг қашшоқ мамлакатлари ҳукуматлари касб-ҳунар ўрганиш курсларида ўқиётган ёшларга кичик миқдорда бонуслар тўлашга ҳаракат қилмоқда. Айрим ҳолларда, пул ота-оналарга, бошқаларида – агар вояга етган бўлса, болаларнинг ўзларига ўтказилади. Шунга ўхшаш амалиётлар Покистонда ҳам кенг тарқалди.

Бугунги кунда покистонлик ёшларнинг атиги 9 фоизи асосий IT кўникмаларига эга, улар орасида ўғил болалар устунлик қилади. Мамлакатдаги ёш аёлларни рақамли саводхонликни оширишга қандай ундаш йўлларини аниқлаш учун покистонлик ва америкалик олимлар тадқиқот ўтказди. Тадқиқотга Покистоннинг энг йирик қўшимча таълим хизматларини етказиб берувчиси — Punjab Skills Development Fund (PSDF) нотижорат ташкилоти ҳамкорлик қилди. Бугунги кунга қадар мазкур жамғарма 500 минг нафардан ортиқ ночор ўғил-қизларни ўқитди. Курс охирида уларнинг барчасига 5000–6000 Покистон рупийси (тахминан 218–243 минг сўм) берилган.

Тадқиқотчилар Покистоннинг иккинчи энг зич шаҳри бўлган Лаҳордаги давлат ўрта мактаблари ва коллежларида таҳсил олаётган 16–22 ёшдаги 489 покистонлик қизларни саралаб олди. Барча қатнашчилар бухгалтерия ҳисобидан тортиб рақамли маркетинггача бўлган соҳаларда олти ҳафталик онлайн дастурларни якунлашга қизиқиш билдирган. Агар улар ўқишни муваффақиятли тамомласа, қизларга ёки уларнинг ота-оналарига халқаро сертификат ва 3000 рупий (135 минг сўм) ваъда қилинган – бу пул талаба қизлар оилалари ўртача ойлик даромадининг тахминан 7,5 фоизига тенг.

Тадқиқот иштирокчилари олтита гуруҳга бўлинган. Учта гуруҳдаги талаба қизларнинг ота-оналари қизларига тўланадиган ҳақ суммасини билмаган, фақат қизлар хабардор бўлган. Қолган учтасида ота-оналар бонус қандай улушда тақсимланишидан хабардор қилинган. Ҳар бир гуруҳда талабалар қуйидаги шаклда тақдирланган:

— талабанинг ўзи курс охирида мукофот олди;

— қизга бонуснинг 50 фоизи берилди, қолгани ота-онасининг ҳисобига ўтказилди;

— маблағнинг 100 фоизи ота-оналарга ўтказилди.

Ота-оналар бонусдан бехабар ва маблағни олиш ҳуқуқига эга бўлмаган гуруҳ назорат гуруҳи деб аталди. Қизлар курсларга онлайн тарзда дарсдан бўш вақтларида мактабдаги компютерхоналарда қатнашди.

Тадқиқот давомида тажриба иштирокчилари сони аста-секин камайди. Баъзилар техник муаммоларга дуч келди, бошқалари қўшимча курс ва асосий таълимни бир вақтда ўзлаштира олмади, баъзилари учун танланган дастур жуда қийин бўлиб чиқди. Жами 119 нафар қиз (24 фоиз) ўқишни муваффақиятли якунлади.

Назорат гуруҳи аъзолари дастурда энг ёмон натижани кўрсатди – уларнинг атиги 16 фоизи сертификат олди. Талабаларга тўлиқ ёки ярим суммада бонус бериладиган ва бундан ота-оналар хабардор бўлган гуруҳларда эса, аксинча, натижалар яхши эди: 23-26 фоиз талаба қизлар ўқишни тамомлади. Энг юқори кўрсаткичларни ота-оналар мукофот пулларини тўлиқ олишини билган гуруҳлар кўрсатди – бу гуруҳда 32 фоиз қизлар курсни охирига етказди (назорат гуруҳидагидан икки баравар кўп).

Тадқиқотчилар қизларининг ўқиши учун пул тўлашини билган ота-оналар, афтидан, фарзандлари дарс қилаётганда уларни рағбатлантириб, дарсларга қатнашиш ва топшириқларни бажаришини назорат қилиб турган. Қизлар ҳам ўз навбатида, курсларни ўташда билвосита имтиёзларга эга бўлган – ота-оналарнинг розилиги ва қўллаб-қувватлаши.

Тадқиқот муаллифлари талабаларга моддий ёрдам ажратишда маҳаллий оилаларнинг турмуш тарзини ҳисобга олиш керак деган хулосага келди. Агар ёш ва катта авлод ўртасида алоқа ўрнатилган бўлса, унда ўқиш натижаларига қараб бонусни талаба оладими ёки унинг ота-онаси – муҳим эмас. Агар минтақадаги оилаларда ўзаро ишончга асосланган муносабатлар кам бўлса, ота-оналарга мукофот таклиф қилиш тўғрироқ бўлади.

Мавзуга оид