Жаҳон | 11:00 / 16.08.2024
2941
3 дақиқада ўқилади

Германия ташқи ишлар вазири Афғонистондаги толиблар режимини танқид қилди

Уч йил муқаддам толиблар Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган ва шундан бери аёллар ҳуқуқларини мунтазам равишда чеклаб келган. Анналена Бербок дунёдаги энг оммавий инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳақида гапирди.

Фото: Florian Gaertner/AA/picture alliance

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Афғонистонда ҳукмронлик қилаётган «Толибон» ҳаракатини кескин танқид қилди. «Уч йил давомида толиблар режими ҳар куни миллионлаб афғон аёллари ва қизларининг яхшироқ ва эркинроқ ҳаётга бўлган умидларини пучга чиқарди», деди у 15 август, пайшанба куни Кобулни толиблар эгаллаб олганининг уч йиллиги муносабати билан. 

Бербокнинг айтишича, Афғонистондаги аёллар ва қизлар «дунёдаги энг кенг тарқалган тизимли инсон ҳуқуқлари бузилишига» дуч келишмоқда. «Мамлакатнинг ярмига энди оддий ҳаёт бир қисми бўлган нарсаларни қилиш тақиқланади: ишлаш, касалхонага ёки ресторанга ёлғиз бориш, қўшиқ айтиш, кўчада юзингизни кўрсатиш, мактабга бориш, аёл бўлиш. Афғонистонда кўплаб аёллар ва қизлар ҳаёти уй қамоқхонасидаги ҳаётга ўхшайди», — деди Германия дипломатияси раҳбари. 

Унинг таъкидлашича, Берлин Афғонистонда «Толибон» таҳдиди остида қолган аёллар, қизлар ва барча одамларни қўллаб-қувватлашда давом этади. «Имкон бўлса, биз одамларни жойларда қўллаб-қувватлаймиз, уларга озиқ-овқат ёки асосий тиббий ёрдам кўринишида шошилинч гуманитар ёрдам кўрсатамиз. Имконият бўлганда ва асосли ҳолатларда биз Афғонистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича лойиҳаларда қатнашамиз», деди у ва толиблар томонидан таъқибга учраган 34 мингдан ортиқ киши Германиядан бошпана топганини қўшимча қилди.

Афғонистонда толибларнинг уч йиллик ҳукмронлиги

Уч йил олдин, 2021 йил 15 августда Кобул «Толибон» ҳаракати томонидан эгаллаб олинган эди. Толибон НАТО бошчилигидаги Халқаро хавфсизлик кучлари (ISAF) олиб чиқиб кетилганидан кейин бир неча ҳафта ичида бутун мамлакатни назорат остига олди.

Ўшандан бери мамлакатда аёллар ва қизларнинг ҳуқуқлари қаттиқ чекланди. ЮНEСКОнинг пайшанба куни эълон қилган маълумотларига кўра, 2021 йилдан бери камида 1,4 миллион афғон қизи мактабдан четлаштирилган. Бу ташкилот аввалги ҳисоб-китобларни ўтказган 2023 йил апрел ойига нисбатан 300 минг кишига кўпдир.

«Бугунги кунда Афғонистон 12 ёшдан ошган аёллар ва қизларнинг таълим олиши тақиқланган ягона давлатдир», – деди ЮНEСКО бош директори Одри Азуле.

Мавзуга оид