Жаҳон | 20:54 / 18.08.2024
10533
3 дақиқада ўқилади

Лукашенко Беларус Украина билан чегарага ўз армиясининг катта қисмини жойлаштирганини маълум қилди

Лукашенко бунга Украина нафақат «Беларус билан чегара яқинида 120 мингдан ортиқ ҳарбийни тўплаб тургани», балки қўшимча бўлинмаларни ҳам у ерга юбораётгани сабаб бўлганини айтди.

Фото: «Россия-1»

Александр Лукашенко «Россия-1»га берган интервьюсида Беларус ўз армиясининг учдан бир қисмини Украина билан чегарага йўналтирганини маълум қилди. Лукашенконинг сўзларига кўра, бунга Украина нафақат «Беларус билан чегара яқинида 120 мингдан ортиқ ҳарбийни тўплаб тургани», балки қўшимча бўлинмаларни ҳам у ерга юбораётгани сабаб бўлган.

«Биз «Нима учун бундай қиляпсизлар?», дея сўров юбордик. Уларнинг айтишича, биз россияликлар билан Гомел орқали ҳужумга тайёргарлик кўряпмиз экан. Аммо бизда бундай мақсад йўқ. Улар 120 мингнинг устига келган қўшимча кучларини олиб кетди. Ва биз ҳам қўшимча йўналтирган кучларимизни олиб кетдик», — дейди у.

Беларус президентининг айтишича, чегаранинг ҳар икки тарафида ҳам уруш аввалида жойлаштирилган бўлинмалар қолмоқда. «Украина билан чегарадан қўшинларимизни олиб кетишимиз бу ўлим билан баробар. Уруш кетяпти», — дейди Лукашенко.

Унинг сўзларига кўра, Беларуснинг ғарбий чегарасида ҳам мудофаа кучайтирилган. «Брестдан Гроднога қадар мудофаа чизиғи тортилган. Литва ва Полша чегаралари бизнинг манфаатимиз учун деярли ёпилган. Украина-Россия махсус ҳарбий операциясидан биз ҳам ўрганяпмиз. Қаерда жойлаштириш кералигини кўрмоқдамиз», — дея таъкидлайди у.

Умуман уруш ҳақида гапирар экан Лукашенко Москва ва Киев музокаралар столига ўтириши кераклигини маълум қилди. «Келинглар музокаралар столига ўтирамиз ва бу жанжални тўхтатамиз. У на украин халқига, на россияликларга ва на беларусларга керак», — дейди Лукашенко.

«Сиз [Россияда] баъзида нацистлар ҳақида гапирасизлар. У нацистлар қолмади. Украина денацификация қилинди. Аммо у ерда қолган бир нечта ўтакетган нацистлар бор, бироқ улар трендда эмас», — дейди Лукашенко президент Володимир Зеленскийнинг украинлар орасидаги шуҳрати сўнаётганига ишора қилиб.

2023 йил мартда Россия Беларусга ядровий тактик қуролни жойлаштириш режасини эълон қилганди, июнда эса ядровий зарядларнинг биринчи партияси етказилган. 2024 йил июлда Беларус Мустақиллиги куни муносабати билан ўтказилган парадда тактик ядровий зарбаларни беришга мўлжалланган «Искандер» ракета мажмуалари ҳам намойиш этилганди.

Украина давлат чегара хизмати чегарада Беларус қўшинлари ёки техникалари сони ортганини қайд этмаган. «Беларус Республикаси билан чегарада вазият — ўзгаришсиз», — дейди чегара хизмати вакили полковник Андрей Демченко.

Мавзуга оид