Жаҳон | 08:25 / 19.08.2024
3401
3 дақиқада ўқилади

Филиппин ва Хитой кемалари денгизда «тўқнашиб кетди»

Филиппин ўзининг иккита кемаси Хитой кемалари билан тўқнашиб кетганидан сўнг «зарар кўргани»ни даъво қилмоқда.

Фото: Mark R Cristino/Matrix Images/picture alliance

Хитой ва Филиппин кемалари Жанубий Хитой денгизида икки давлат ўртасидаги баҳсли ҳудудлардаги қарама-қаршилик чоғида «тўқнашиб кетди». Бу ҳақда 19 август, душанба куни Хитой қирғоқ қўриқлаш хизмати маълум қилди.

Хитой қирғоқ қўриқлаш хизмати вакили Генг Юйинг сўзларига кўра, Филиппин кемаси «Филиппин қирғоқ қўриқлаш хизмати кемалари Хитой ҳукуматининг рухсатисиз Нанша оролларидаги Сянбин рифи яқинидаги сувларга ноқонуний равишда кириб келганидан» кейин Хитой кемаси билан «қасддан тўқнашиб кетган». Бунга жавобан, вакил сўзларига кўра, «Хитой қирғоқ қўриқлаш хизмати Филиппин кемалари билан қонунга мувофиқ иш олиб бориш учун чора кўрди». Генг, шунингдек, филиппинликларни «зудлик билан қонунбузарликлар ва провокацияларни тўхтатишга» чақирди.

Ўз навбатида, Филиппин томони Хитой кемалари билан тўқнашуви натижасида унинг иккита кемаси шикастланганини маълум қилди. Мамлакат Хавфсизлик кенгаши вакили Жонатан Малая айтишича, мамлакатининг Жанубий Хитой денгизидаги «ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш» ҳаракатлари провокация эмас. 

Филиппин ва Хитой ўртасидаги ҳудудий зиддият

Ҳодиса Жанубий Хитой денгизида жойлашган Иккинчи Томас йўналиши яқинида юз берган. У Филиппиннинг Палаван оролидан тахминан 200 километр ва Хитойнинг Хайнанидан 1000 километр узоқликда жойлашган ҳамда баҳсли ҳудуд ҳисобланади. Бу ҳудуд орқали Хитой ва Ҳинд океани ўртасидаги муҳим савдо йўллари ўтади, шунингдек, фойдали қазилмалар конлари бор. 

2024 йил баҳорида АҚШнинг Ҳинд-Тинч океани қўмондонлиги раҳбари адмирал Жон Акилино Сиднейда сўзлаган нутқида Вашингтон Хитойнинг Жанубий Хитой денгизидаги ҳаракатларидан хавотирда эканини айтди. Акилино Пекиннинг ҳудуд устидан назорат ўрнатиш бўйича бир томонлама қадамларини «хавфли, ноқонуний ва минтақани беқарорлаштирувчи» деб атади. 

2024 йил август ойида Хитой Халқ Республикаси Миллий мудофаа вазирлиги вакили Чжан Сяоганг АҚШ, Филиппин, Австралия ва Канада томонидан ушбу туманда амалга оширилган қўшма патрулларни изоҳлар экан, Филиппин томонини минтақадан ташқаридаги давлатлар билан тил бириктиришда айблади.

Мавзуга оид