Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳамас Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш таклифини рад этди
Ҳамас Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларнинг сўнгги раундидаги таклифларни рад этди ва уларнинг муваффақиятсизлигида Исроилни айблади.
Ҳамас ҳаракати Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича билвосита музокараларнинг сўнгги босқичидаги таклифларни рад этди. Бу ҳақда dpa агентлиги ташкилотнинг 18 август, якшанба кунги баёнотига таяниб хабар берди.
Хабарга кўра, ҳаракат вакиллари Исроил томони илгари сурган янги талабларни қабул қилишдан бош тортган. «Доҳадаги музокараларнинг сўнгги раундида нималар муҳокама қилинганини воситачилардан билиб, биз яна бир бор амин бўлдикки, (Исроил бош вазири) Нетаняҳу келишувга эришиш йўлига тўсиқлар қўйишда давом этмоқда», — дея ҳамасчилар сўзларидан иқтибос келтиради агентлик. Уларнинг фикрича, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу «воситачиларнинг саъй-ҳаракатларини йўққа чиқариш ва урушни узайтириш учун янги шарт ва талабларни илгари суради».
Хабар қилинишича, айниқса, Ҳамас Исроилнинг Ғазо секторининг бир қанча нуқталарида, жумладан, Миср чегарасидан ўтувчи Филаделфия коридорида ҳарбий мавжудлигини сақлаб қолиш ниятидан қониқмаган.
АҚШ Ғазо секторида ўт очишни тўхтатишга интилмоқда
АҚШ президенти Жо Байден маҳаллий вақт билан 18 август, якшанба куни Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ҳали ҳам мумкин, деб ҳисоблашини айтди. «Биз таслим бўлмаймиз», деди у журналистларга уришаётган томонлар ўртасидаги ўзаро даъволар ҳақидаги миш-мишлар фонида.
Ўз навбатида, АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 18 август, якшанба куни Исроил ва Ҳамас ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларда муваффақиятга эришиш учун Тел-Авивга келди. Хабар қилинишича, Блинкен сафари давомида, жумладан, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан учрашади, сўнгра Мисрга боради.
Нетаняҳу: Ҳамасга босим ўтказиш керак
18 август куни Нетаняҳу, унинг фикрича, биринчи навбатда, Фаластиннинг Ҳамас ҳаракатига босим ўтказиш кераклигини яна бир бор таъкидлади.
«Ҳамас ўз вакилини ҳатто Доҳадаги музокараларга ҳам юбормади, шунинг учун ҳам Исроил ҳукуматига эмас, балки Ҳамасга ва (Яҳё) Синварга босим ўтказиш керак», деди Нетаняҳу вазирлар маҳкамаси йиғилишида Ҳамаснинг янги раҳбарига ишора қилиб.
Ғазо бўйича таклиф 7 октябр куни ўғирлаб кетилган барча гаровга олинганларни Ҳамас қўйиб юборадиган уч босқичли жараённи талаб қилади. Бунинг эвазига Исроил ўз кучларини Ғазо секторидан олиб чиқиб кетади ва фаластинлик маҳбусларни озод этади, деб эслатди AP.
Британия ва Франция ташқи ишлар вазирлари Дэвид Лэмми ва Стефан Сежурне ҳам 16 август куни Исроилга ташриф буюриб, Ғазо бўйича келишув зудлик билан амалга оширилиши зарурлигини таъкидлади.
Қоҳирада бўлажак учрашув
Аввалроқ, 16 август куни Доҳада АҚШ, Исроил, Миср ва Қатар расмийлари иштирокида Исроил ва Ҳамас ўртасидаги можарони тинч йўл билан ҳал қилиш мақсадида музокараларнинг иккинчи куни бўлиб ўтган эди. Раунд якунида Қўшма Штатлар, Миср ва Қатар баёнотида томонларга «кўприклар қуриш таклифи» тақдим қилингани қайд этилди. Ҳафта охиригача Қоҳирада уч ҳукуматнинг юқори мартабали вакиллари учрашиши кутилмоқда, деб ёзади The New York Times.
Яқин Шарқдаги кескинлашув
7 октябр куни эрталаб Ҳамаснинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.
Ҳамаснинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида Ҳамасга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.
Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери деярли 40 минг фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.
Мавзуга оид
20:09 / 08.05.2026
Исроил ҳужуми натижасида Ҳамас бош музокарачисининг ўғли ҳалок бўлди
14:15 / 20.04.2026
Ҳамас расмийлари гуруҳ баъзи қуролларини топширишга тайёрлигини билдирди
17:42 / 07.04.2026
Тинчлик кенгаши Ҳамасдан тез орада қуролсизланишни талаб қилмоқда
13:30 / 15.03.2026