Қорақалпоғистонда иккита ШЭС қурилиши бошланди
Президент Қорақалпоғистонда Хитой ва Саудия Арабистони компаниялари билан ҳамкорликда ташкил этиладиган 2 та шамол электр станцияси қурилишига старт берди. Шунингдек, янги иншоотларнинг қурилиши ва фаолияти бошлаб берилди.
Қорақалпоғистон Республикасида шамол электр станциялари ва саноат корхоналари қурилиши бошланди, савдо мажмуалари ишга туширилди, деб хабар бермоқда президент матбуот хизмати. Шу муносабат билан ўтказилган маросимда Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистоннинг иқтисодий ривожи ҳақида сўзлади.
Қайд этилишича, ҳудудда сўнгги 5 йилда саноат, тадбиркорлик ва инфратузилма соҳаларида 50 дан ортиқ имтиёз ва енгиллик берилган. Хусусан, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун тўғридан-тўғри ер ажратиш ҳуқуқи фақат Қорақалпоғистонда жорий қилинган. Қиймати 50 миллиард сўмдан юқори лойиҳаларга инфратузилма ҳам тортиб берилмоқда.
Имтиёзлар ҳисобига ўтган даврда тадбиркорлар ихтиёрида 2 триллион сўмдан зиёд маблағ қолган. Ҳудудда ишбилармонлик инфратузилмасини яхшилаш учун 44,5 триллион сўм маблағ йўналтирилган. Натижада охирги йилларда 25 мингдан ортиқ янги тадбиркорлик субъекти пайдо бўлган.
2023 йилда 345 миллион долларлик 1400 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилиб, 10 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди. 2024 йилнинг биринчи ярмида 730 миллион доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилди.
Қорақалпоғистонда чет эл капитали билан ташкил этилган корхоналар сони ҳам кўпайиб бормоқда. 2017 йилда 73 та хорижий ва қўшма корхона бўлган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 175 тага етди, дейилади хабарда.
Ҳозирда ҳудуд иқтисодиётига туртки берувчи қарийб 9,5 миллиард долларлик 120 дан ортиқ янги йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳалар 2025−2028 йилларда босқичма босқич ишга туширилади. Натижада 20 мингдан ортиқ янги иш ўрни, 12 триллион сўмлик ишлаб чиқариш қуввати ва бюджетга 500 миллиард сўм қўшимча тушум яратилади.
Давлат раҳбари қурилиши бошланаётган ва ишга туширилаётган мажмуаларнинг аҳамияти ҳақида тўхталди. Ўзбекистондаги иқтисодий ўсиш суръатлари энергетика соҳасида улкан вазифаларни қўймоқда, деди у.
Сўнгги йилларда 2 миллиард доллар инвестиция ҳисобига қуввати 2,6 гигаватт 10 та қуёш ва шамол станциялари ишга туширилди. Йил якунига қадар қўшимча 1,5 гигаватт қувватлар тармоққа уланиб, «яшил» энергия улуши 15 фоизга етказилади. Бундан ташқари, умумий қиймати 19 миллиард доллар бўлган 18,6 гигаваттли 32 та «яшил» лойиҳа амалга оширилмоқда.
Президент бунда Қорақалпоғистоннинг ҳиссаси катта эканини таъкидлади. Нуфузли тадқиқот институтлари ҳисоб-китобларига кўра, Қорақалпоғистонда 680 гигаватт қуёш, 120 гигаватт шамол энергияси салоҳияти бор.
2030 йилга қадар Қорақалпоғистонда 11 миллиард доллар тўғридан тўғри инвестиция ҳисобига жами 10,3 гигаватт қувватга эга 10 та йирик шамол электр станцияси қурилиши режалаштирилган. Бу лойиҳалар тўлиқ ишга тушиши ҳисобига йилига 35 миллиард киловатт соат «яшил» энергия олинади.
Қувват узатишда барқарорликни таъминлаш учун Қўнғирот, Беруний ва Қораўзак туманларида жами 400 мегаваттли 3 та электр энергиясини сақлаш тизими барпо этилади.
Бугун ушбу лойиҳаларнинг бир нечтаси бўйича қурилиш ишлари бошланмоқда. Биринчиси, Хитойнинг «Sany Renewable» компанияси томонидан Қўнғирот туманида қуриладиган қиймати 1,2 миллиард долларлик, 1 гигаватт қувватли шамол электр станцияси (ШЭС). Иккинчиси, Саудия Арабистонининг «ACWA Power» компанияси билан ҳамкорликда Беруний ва Қораўзак туманларида ташкил этиладиган қиймати 250 миллион долларлик 100 мегаватт электр энергиясини сақлаш тизимига эга 200 мегаватт қувватли шамол электр станцияси.
Келгусида уларда йилига 4 миллиард 200 миллион киловатт соат ёки 1 миллион 750 минг хонадоннинг бир йиллик истеъмолига тенг «яшил» энергия ишлаб чиқарилади. Натижада қарийб 1,3 миллиард метр куб табиий газ тежалади ва атмосфера зарарланиши қарийб 2 миллион тоннага қисқаради.
Бу билан бир пайтда Қўнғирот туманида шамол турбинаси қисмлари, миноралари ва парракларини ишлаб чиқариш бўйича корхоналар қурилиши ҳам бошланмоқда. Натижада йилига 1000 мегаватт қувватли шамол турбина қисмлари ва 120 та минорани ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилиб, 100 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрланади.
Бундан ташқари, Нукус туманида 24 миллион доллар инвестиция ҳисобига йилига 20 миллион дона иситиш радиаторлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Шу кунларда саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларида 62 миллион долларлик 12 та лойиҳа ишга туширилмоқда. Маросимда улардан иккитаси — Беруний тумани ва Нукус шаҳридаги йирик савдо мажмуалари очилди. Давлат раҳбари рамзий тугмани босиб, янги иншоотларнинг қурилиши ва фаолиятини бошлаб берди.
Мавзуга оид
18:32 / 28.10.2024
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисига янги ўринбосар тайинланди
21:17 / 25.10.2024
Қўнғирот–Бейнеу йўлининг 240 километрлик қисми фойдаланишга топширилди
12:10 / 25.10.2024
Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги вазири тайинланди
17:54 / 16.10.2024