АҚШ Эроннинг Трамп ва Ҳаррис штабларига киберҳужумлари ҳақида маълум қилди
Теҳрон таъсир кўрсатиш амалиётларини кучайтирди ва сайлов кампанияси аъзоларига қарши киберҳужумларни фаоллаштирди, дея маълум қилди АҚШ разведка идоралари.
Эроннинг тажовузкор фаоллиги, шу жумладан, Америка жамоатчилигига таъсир кўрсатиш операциялари ва сайловолди ташвиқоти расмийларига киберҳужумлар сайловлар даврида кучайган. Бу ҳақда 19 август, душанба куни Миллий разведка директори идораси, Федерал қидирув бюроси ва Миллий хавфсизлик департаменти қошидаги Киберхавфсизлик ва инфратузилма хавфсизлиги агентлигининг қўшма баёнотида айтилган.
«Эрон бу йилги сайловларни ўзининг миллий хавфсизлик манфаатларига таъсир қилиши нуқтайи назаридан алоҳида муҳим деб ҳисоблайди», — дейилади баёнотда.
АҚШ разведка агентликлари кибертаҳдидлар олдини олиш учун хусусий сектор билан ҳамкорлик қилади
АҚШ разведка агентликлари собиқ президент Доналд Трампнинг сайловолди ташвиқотига киришга уринишларини эсга олди, у Теҳрон билан боғланганди. Унинг рақиби Камала Ҳарриснинг кампанияси ҳам ҳакерлар диққат марказида бўлди, дейилади ҳужжатда.
«Биз чет элдан сайловларимизга таъсир ўтказиш ёки аралашиш уринишларига тоқат қилмаймиз», - дейилади баёнотда. «Биз ахборот алмашиш, хавфсизликни кучайтириш ва ҳар қандай таҳдидларни аниқлаш, уларга барҳам бериш учун хусусий сектор билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқдамиз», — дея қўшимча қилди агентликлар.
Эроннинг БМТдаги доимий ваколатхонаси баёнот бериб, бу айбловларни «асоссиз» деб атади. «Аввал эълон қилганимиздек, Эрон Ислом Республикасининг АҚШдаги президентлик сайловларига аралашиш нияти ҳам, мақсади ҳам йўқ», — дея матндан иқтибос келтирган Reuters агентлиги.
Фишинг ҳужумлари
Ўтган ҳафта Google таҳдидларни таҳлил қилиш махсус гуруҳи Эрон ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланадиган APT42 ҳакерлари АҚШ президентлик сайловлари билан боғлиқ аккаунтларга, шунингдек, Исроилдаги нишонларга фишинг ҳужумларини уюштиришда давом этаётгани ҳақида хабар берди.
Охирги олти ой ичида АҚШ ва Исроил барча APT42 ҳужумларининг қарийб 60 фоизида нишонга айланган, деб хабар берди Google.
Май ва июн ойларида АҚШ президенти Жо Байден ва собиқ давлат раҳбари Трампга алоқадор ўнга яқин шахсларнинг шахсий электрон почтаси, сайлов кампанияси билан боғлиқ бўлган амалдаги ва собиқ амалдорлар киберҳужумларга учради. Сўнгги пайтларда вице-президент Ҳарриснинг коммуникациялари ҳам ҳужумларда нишонга олинган.
APT42 юқори мартабали сиёсий маслаҳатчилардан бирининг шахсий Gmail аккаунтига кириш ҳуқуқига эга бўлди, дея аниқлик киритди Google. Июл ойи бошида корпорация АҚШ ҳуқуқ-тартибот идораларига зарарли фаолият ҳақида маълумот берган.
Исроил дипломатлари, олимларига киберҳужумлар
APT42 Исроилнинг собиқ юқори мартабали ҳарбий амалдорлари ва аэрокосмик соҳа раҳбарининг аккаунтларини нишонга олишга уриниб, сўнгги зарбалар бўйича изоҳ бериш учун журналистик сўровлар сифатида электрон почта хабарларини юборган. Шунингдек, исроиллик дипломатлар, олимлар, нодавлат ташкилотлар ва сиёсий арбоблар ҳам фишинг электрон почта хабарларини олган.
Ҳакерлар фойдаланувчиларни Google маълумотларини йиғиш учун мўлжалланган сохта саҳифага йўналтирган қисқартирилган гиперҳавола билан Project Aladdin номи билан яширинган PDF иловасини юборишди.
Ҳакерлар Рожер Стоуннинг электрон почтасига кирган бўлиши мумкин
CNN аввалроқ Эрон манфаатларини кўзлаб иш тутаётган ҳакерлар америкалик сиёсий маслаҳатчи Рожер Стоуннинг шахсий электрон почтасига кириб, Трамп кампанияси аъзолари ёзишмалари билан танишишга ҳаракат қилгани ҳақида хабар берган эди.
Республикачилар партиясидан номзоднинг сайловолди штаби вакили Стивен Чанг кибержиноятчилар собиқ президент Трамп сайловолди кампаниясидаги ички ҳужжатларга кириш имконига эга бўлганини тасдиқлади.
АҚШда президентлик сайловлари 5 ноябр куни бўлиб ўтади.
Мавзуга оид
16:58
Эронда WhatsApp ва Google Play блокдан чиқарилади
20:58 / 24.12.2024
Bloomberg: Россияга Эрон қуролларининг чорак қисмини бизнесмен Ҳусайн Шамҳаний етказиб бермоқда
19:06 / 22.12.2024
Асаднинг қулаши — Эрон ташқи сиёсатидаги муваффақиятсизлик
16:05 / 20.12.2024