Россия ҳарбийлари Курск вилоятидаги дўконни талон-торож қилди
Курск вилоятининг Глушково ҳудудидаги дўконни талон-торож қилганлардан камида бири чечен бўлинмасида хизмат қилади, дея аниқлади «Агентство». Глушково Россия Қуролли кучлари назорати остида.
Россия Қуролли кучлари назорати остидаги Курск вилояти Глушково поселкасида ҳарбий кийимдаги икки киши уяли телефонлар дўконини талон-торож қилишди. Воқеа акс этган видео 18 август, якшанба куни кечқурун «Типичный Курск» Telegram-каналида чоп этилди. «Агентство» журналистлари улардан бирининг шахсини аниқлашди - у чечен бўлинмаларининг жангчиси бўлиб чиқди. Ижтимоий тармоқларда у Юсуф Абдулвадудов деб ўзини таништиради ҳамда ва суратлардан бирида «Ахмат Қодиров номидаги полк» ёзуви туширилган футболкада акс этган.
Чечен жангчиларининг талон-торож этишда иштирок этишини Курск вилояти губернатори вазифасини бажарувчи маслаҳатчиси Роман Алехин билвосита тасдиқлади - у Telegram’да «Гуруч курмаксиз бўлмайди» сарлавҳали пост ёзиб, унга икки чечен уяли телефон дўконини талон-торож қилаётгани акс этган видеони юбормасликни сўради, чунки ҳолат ҳақида аллақачон «ваколатли органларга» хабар берилган. Алехин, шунингдек, бошқа шунга ўхшаш ҳодисалар ҳақида хабар беришга чақирди ва шу билан бу Россия ҳарбийлари томонидан талон-торож қилишнинг алоҳида ҳолати эмаслигини истисно этмади.
Чегара ҳудудларида рус ҳарбийлари ва Курск вилоятида Украина ҳужуми
Telegram’да эълон қилинган видеокузатув камерасида аскарларнинг уяли телефонлар дўконидан товарларни олиб, дераза ва витриналарни синдираётгани акс этган. Видео чоп этилгандан сўнг россиялик ҳарбий блогерлар талончилар топилгани ҳақида хабар беришди.
Ўтган ҳафта маҳаллий ҳокимият Глушково поселкаси қўшни Суджа туманидаги Украина Қуролли кучларининг ҳужуми туфайли мажбурий эвакуация қилинишини билдирди. Глушково Россия ҳарбийлари назорати остида қолмоқда.
«Агентство» эслатишича, айнан чечен бўлинмалари чегара ҳудудларини Украина Қуролли кучлари ҳужумларидан ҳимоя қилиши керак эди, бироқ Украина армияси олдинга силжишини тўхтата олмаган. «Ахмат» махсус кучлари қўмондони Апти Алаудиновнинг айтишича, чечен бўлинмалари украиналик ҳарбийлар билан «шунчаки тўқнаш келмаган» ва шунинг учун ҳужумни қайтара олмаган. Шу билан бирга, россиялик ҳарбий блогерлар «Ахмат» жангчилари Украина Қуролли кучларига қаршилик кўрсатмаганини ёзишган.
Украина Қуролли кучларининг Курск вилоятидаги кенг кўламли ҳужум операцияси 6 августдан бери давом этмоқда. Бу Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли уруши 2022 йил февралида бошланганидан бери бундай турдаги биринчи ҳужумдир.
Мавзуга оид
08:40 / 04.10.2024
Курск АЭС ёнида «уриб туширилган дрон туфайли» ёнғин бошланди
15:41 / 23.09.2024
Россия қўмондонлиги Украина Курскда юриш қилишини билган. Амалиёт бошланганида эса кўп аскарлар қочиб кетган
18:17 / 22.09.2024
Фронтдаги вазият: Курск областида томонлар навбатма навбат қарши ҳужумга ўтмоқда
14:30 / 21.09.2024