Жаҳон | 22:13 / 21.08.2024
4745
3 дақиқада ўқилади

Эрон парламенти 2001 йилдан бери биринчи марта Вазирлар Маҳкамасининг барча аъзоларини тасдиқлади

Бу янги президент Масъуд Пизишкиён мамлакатнинг барча кучлари билан консенсусга эришганини кўрсатмоқда.

Фото: AP

Эрон парламенти 21 август куни президент Масъуд Пизишкиён таклиф қилган Вазирлар Маҳкамасининг барча аъзоларини тасдиқлади. Президент йигирма йилдан ортиқ вақт ичида биринчи марта барча тарафдорларини ушбу орган орқали ўтказишга муваффақ бўлди, деб ёзди Al-Arabiya.

Нашрнинг қайд қилишича, ушбу ҳодиса Иброҳим Раисиий вертолётда ҳалок бўлганидан сўнг президентликка сайланган узоқ йиллик депутат Пизишкиённинг эрта ғалабасини англатади.

Депутатлар розилигини олиш Пизишкиённинг мунозарали қарорлар қабул қилишдан кўра, Эрон теократиясидаги барча куч марказлари учун маъқул бўлган номлар билан консенсус кабинетини танлаганини кўрсатади.

Пизишкиённинг янги вазирлар маҳкамаси аъзолари орасида 61 ёшли Аббос Ароқчий ҳам бор, у Эроннинг янги ташқи ишлар вазири бўлади. Ароқчий 2015 йилда дунё кучлари билан ядровий келишувга эришган Эрон музокаралар гуруҳи аъзоси бўлиб, Теҳроннинг ядровий дастурини чеклаш эвазига санкциялар бекор қилинишига эришган.

2018 йилда президент Доналд Трамп Қўшма Штатларни ядро келишувидан олиб чиқиб, Эронга қарши янги санкциялар жорий қилган эди. Пизишкиён президентлик кампанияси давомида ядровий келишувни жонлантиришга ҳаракат қилишини айтди.

Қонунчилар томонидан энг кўп қўллаб-қувватланган номзод мамлакатнинг янги мудофаа вазири Азиз Носирзода бўлди, у амалдаги 288 депутатдан 281 нафарининг овозини олди. Носирзода 2018 йилдан 2021 йилгача Эрон ҳаво кучлари бош қўмондони бўлган.

Соғлиқни сақлаш вазири Муҳаммад Ризо Зафарқандий энг кам овоз тўплаган — 163 та. Уй-жой ва йўллар вазири Фарзона Содиқ, 47 ёшли архитектор 231 овоз олди. У Эроннинг ўн йилдан ортиқ вақт ичидаги биринчи аёл вазири бўлди.

Парламент, шунингдек, разведка вазири сифатида Исмоил Хатиб ҳамда Адлия вазири сифатида Амин Ҳусайн Раҳимийни тасдиқлади. Аббос Алиободий энергетика вазири бўлди. Учаласи ҳам Раисий даврида Вазирлар Маҳкамасида ишлаган.

Нашрнинг эслатишича, бундан олдин фақат Муҳаммад Хотамий 1997 ва 2001 йилларда президент сифатида таклиф қилган барча номзодларини парламент тасдиғидан ўтказган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид