Жаҳон | 20:54 / 22.08.2024
3592
7 дақиқада ўқилади

Демократлар қурултойининг учинчи куни: «мураббий» Уолз ва «мустақил сайловчи» Опра Уинфри

Фото: Getty Images

Демократик партиянинг Чикагодаги миллий қурултойининг охиргидан олдинги кунида ғалабали муҳит ҳукмронлик қилди. Камала Ҳарриснинг шериги сифатида танланган Тим Уолз илк бор вице-президент сифатида мамлакат қаршисида чиқиш қилди. Шунингдек, Демократик партияга аъзо бўлмаган, лекин Доналд Трампга қарши бўлган қатор машҳур шахслар, жумладан телеюлдуз Опра Уинфри ҳам сўзга чиқди.

АҚШнинг собиқ президенти Билл Клинтон Демократик партия қурултойи чоғида Камала Ҳаррис ва Доналд Трамп ўртасидаги танлов яққол кўриниб тургани ҳақида гапирди.

«2024 йилда бизда, менимча, анча осон танлов бўлади, — деган у. — Мен улардан қайси бири мамлакатим учун [президент сифатида] кўпроқ маъқул бўлишини биламан».

Унинг сўзларига кўра, Ҳаррис америкаликларнинг муаммоларини ҳал қилишга ва уларнинг ҳар бирида «ўз орзусини амалга ошириш имкони борлиги»га ишонтиришга қодир.

Клинтон ортидан саҳнага Вакиллар палатаси собиқ спикер, Демократик партиянинг «чўқинтирган онаси» деб ҳисобланадиган Нэнси Пелоси (унинг позицияси Жо Байден сайлов пойгасидан чиқишга қарор қилишида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлгани айтилади) ҳам кўтарилди.

Пелоси Байден-Ҳарриснинг маъмуриятини «замонанинг энг муваффақиятли жамоаларидан бири» деб атади. «Мен биламанки, вице-президент Ҳаррис бизни янги чўққиларга олиб чиқишга тайёр», — деган у.

Қурултой саҳнасида Демократик партиядаги бошқа нуфузли фигуралар ҳам кўриниш берди. Вице-президентликка асосий фаворитлардан бири саналган Пенсилвания губернатори Жош Шапиро (сўзамоллиги ва харизмаси туфайли партияда унга «Барух Обама» лақабини беришган) шахсий эркинлик мавзусини кўтарди, таълим, репродуктив ҳуқуқлар ва ҳақиқий сайловларга алоҳида эътибор қаратди.

«Бюллетенда фақат Камала ва Тимнинг номлари ёзилган бўлиши мумкин, лекин ўртага бизнинг ҳуқуқ ва эркинликларимиз тикилган», — деган у.

Чикагодаги қурултойда кутилмаганда таниқли телебошловчи Опра Уинфри ҳам пайдо бўлди. Сўнгги йилларда у сиёсатдан узоқлашганди.

2007 йилда у ўшанда кўпчиликка таниқли бўлмаган Барак Обаманинг президентлик учун номзодини қўллаб-қувватлаганди, аммо кейинги сайловларда демократ номзодлардан ҳеч бирини, жумладан 2020 йилда Байден ва Ҳаррис жуфтлигини ҳам ташвиқот қилмайди.

Бирор партияга мансуб бўлмаган аёл Чикагода сайловчиларга мурожаат қилиб, уларни бу сафар демократларни қўллаб-қувватлашга чақирди.

«Сизнинг қаршингизда сайловларда қайта ва қайта овоз беришдан фахрланадиган мустақил сайловчи турибди, чунки мен америкаликман ва америкаликлар шундай қилишади», — деган Уинфри.

У демократларни бу сайловда ўртага эркинлик тикилганини ёдда тутишга чақирган. «Сиз мамлакатимизга уларнинг нуқтайи назари билан қарашингизни истайдиган одамлар бор. Улар сиз китоблар хавфли, штурм милтиқлари хавфсиз эканига ишонишингизни истайдиган одамлар. Аммо биз бирга бўлганимизда, бизни енгиб бўлмайди», — деган Опра Трамп ва тарафдорларини назарда тутиб.

Ўрта ғарбдан бўлган одам

Оқшом кулминацияси Миннесота губернатори, олдиндаги сайловларда вице-президентликка номзод сифатида қатнашишга розилик билдирган Тим Уолзнинг нутқи бўлди.

«АҚШ вице-президентлиги номзодлигини қабул қилиш мен учун шараф, — деган у чиқиши давомида. — Биз барчамиз бу оқшом оддий ва ажойиб сабаб туфайли йиғилдик: биз бу мамлакатни севамиз».

Ўз нутқида у Камала Ҳаррисга «ишонч ва ушбу ақлбовар қилмас кампанияда иштирок этишга таклиф», АҚШ президенти Жо Байденга — «тўрт йиллик етакчилик» учун миннатдорчилик билдирган.

«Ким бўлишингиздан қатъи назар Камала Ҳаррис сиз хоҳлаган ҳаётда яшаш эркинлигингизни ҳимоя қилади», — деган Уолз.

У Небраскадаги «400 кишилик аҳолига эга шаҳарчада» кечган болалигини эслаб, ўз қўшниларига ғамхўрлик қилишга ўргатилганини айтган.

«Миннесотада биз қўшниларимиз ва уларнинг шахсий танловларини ҳурмат қиламиз», — дея қўшимча қилган у.

Уолз Миннесота губернаторлигига биринчи бор 2018 йилда сайланган. Ундан олдин 12 йил мобайнида Конгрессда ишлаган.

BBC’нинг Шимолий Америкадаги мухбири Энтони Зуркернинг қайд этишича, Уолзнинг чиқиши кўпроқ Америка футболи бўйича ўрта мактаб жамоаси мураббийи сайланишига ўхшаб кетган — бунинг ажабланарли томони ҳам йўқ, Уолз ўтмишда мураббий бўлиб ишлаган.

Унинг чиқишидан олдин саҳнага у машғулотларда ёрдам берган жамоа ўйинчилари гуруҳи чопиб чиққан, улардан айримлари ўзларининг эски мактаб футболкаларида эди.

Бу Уолз учун ўзини халққа танитиш учун биринчи муҳим имконият бўлди ва у мураббий имижи Америка жамоатчилигига манзур бўлишига ишонмоқда.

Нутқи якунида Уолз ўйинлар вақтида ўз футболчиларини руҳлантираётгандек оҳангда сўзладиа: «Ҳозирда ўйиннинг сўнгги чораги ўтмоқда. Биз бир очко ортдамиз. Аммо биз ҳужум қиламиз. Ва бизда ғалаба қозониш учун тўғри жамоа бор!»

Партиядагилар унинг Ўрта ғарбдаги кичик шаҳарчадан чиққан оддий америкалик сифатидаги имижи бетараф ва консерватив сайловчиларни жалб қилиши мумкин деб ҳисобламоқда.

Камала Ҳаррис Уолзни ўз шериги сифатида эълон қилиши биланоқ республикачилар унга ташланишганди. Улар у губернатор лавозимида консервативларча ишламагани, балки бутунлай либерал сиёсат юритганига эътибор қаратишди. Бунинг ортидан рафиқаси бепуштликдан даъволангани ҳақида ҳақиқатни ошкор қилмагани (у Гвен Уиппл билан 1994 йилда турмуш қуришган, етти йил фарзандсизликдан кейин ЭКО орқали фарзандли бўлишган), шунингдек Миннесота Миллий гвардиясидаги лавозими тўғрисида ёлғон гапирганини ҳақида маълумотларни тарқатишди.

Ҳозирча республикачиларнинг айбловларига демократларнинг тарафдорлари эътибор қаратмаяпти. Аммо партия стратеглари аслида сўровлар номзодларнинг имкониятлари тенг эканини кўрсатаётган ҳолатда ҳам демократлар ўз ғалабасига ҳаддан ташқари кўп ишонаётганидан хавотирланмоқда.

Эртами кечми Доналд Трамп Ҳаррисга қандай ҳужум қилиш йўлини ўйлаб топди ва шунда сайлов пойгаси анча мураккаблашади, дея қайд этади Энтони Зуркер.

Мавзуга оид