Жаҳон | 21:49 / 22.08.2024
6906
2 дақиқада ўқилади

Ҳайвон ҳуқуқлари фаоллари «Безори-мушук» зотини бойкот қилишга чақирди

Табиатда учрамайдиган, экстремал ва ғайритабиий тана шаклига эга ҳайвонни сотиб олиш уларнинг азобига шериклик қилишга тенглаштирилмоқда.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Турли мамлакатлардаги ҳайвон ҳуқуқлари фаоллари мушукларнинг янги – Bully Cat (булдог-мушук, безори-мушук) зотини бойкот қилишга чақирди. Бу ҳақда Oddity Central хабар берди.

«Булли» мушукларида жун йўқ, оёқлари калта, эгри ва ажинлар билан қопланган. Зоологлар фикрича, бу ҳайвонлар ирсий мутациялардан азият чекади. Паканалик бир талай оғриқларга, жун етишмаслиги жазирама ва совуқда азобга сабаб бўлади. Бурмалар ва нозик ажинлар туфайли мушуклар инфекцияларга, тери касалликларига ва саратонга мойил ҳисобланади. Шунингдек, уларда ҳайвонлар учун жуда муҳим бўлган мўйлов йўқ.

Ҳайвон ҳуқуқлари фаоллари бундай зотни етиштириш ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик эканлигига амин. Шунга кўра, булли-мушукларни сотиб олганлар уларга бўлган талабни қўллаб-қувватлаши ва шафқатсизликка шериклик қилиши таъкидланмоқда.

«Мушук ёки ит олишни ўйлаётган ҳар бир кишига маслаҳат - ҳар доим ҳайвоннинг фаровонлигини биринчи ўринга қўйинг. Одатда табиатда учрамайдиган экстремал ва ғайритабиий тана шаклига эга ҳайвонни сотиб олишдан олдин тўхтаб, ўйлаб кўринг», деди Қироллик ветеринария коллежи доктори Дэн О'Нил.

Bully Cat зоти бир неча йил олдин Америкада пайдо бўлган ва Буюк Британияда энг харидоргир саналади.

Мавзуга оид