Жаҳон | 21:28 / 22.07.2025
8283
2 дақиқада ўқилади

Индонезияда президент мушугига қўриқчи тайинланиши ортидан можаро келиб чиқди

Мамлакатнинг кўплаб аҳолиси буни давлат маблағларини беҳуда сарфлаш деб ҳисоблади.

Фото: Getty images

Индонезияда президент мушуги давлат муҳофазасига олинди ва қўриқчилар тайинланди. Шу сабабли мамлакатда жанжал кўтарилди. Бу ҳақда Malay Mail хабар берди.

Нашрнинг эслатишича, Индонезия президенти Прабово Субианто 9 йил олдин кўчадан мушук топиб олган эди. У мушукни асраб олишга қарор қилди ва уни Бобби деб номлади. Яқинда эса унга махсус қўриқчиларни тайинлади.

Ижтимоий тармоқларда Индонезия аҳолиси давлат бюджети маблағлари президент мушугини қўриқлашга сарфланаётганидан норози бўлди.

Давлат котиби ўринбосари Жури Ардианторо журналистлар билан суҳбатда президентнинг мушуги расмий хавфсизлик протоколига тушишини айтди. Унинг сўзларига кўра, айнан шунинг учун Бобби давлат ҳимоясида бўлиш ҳуқуқига эга.

«Гап фақат президентда эмас, балки президентнинг мулки ҳам давлатнинг масъулияти бўлиб, уни қўриқлаши керак. Энди сўрамоқчиман: Бобби кимники? Давлат уни қўриқлай оладими? Албатта, ҳа. Нега бу норозиликларга сабаб бўлиши керак?», деб тушунтирди Ардианторо.

Айниқса, Боббини аравачада полиция эскорти кузатувида олиб кетишаётгани акс этган видео Индонезия аҳолисини қаттиқ ғазаблантирди. Бу Жакартада бўлиб ўтган «Мушуксеварлар мулоқоти куни» фестивали пайтида содир бўлди.

«Афсус. Мушукка қўриқчи сифатида ҳамроҳ бўлганинг учун маош оласанми? Наҳотки биз миллат сифатида шунчалик йўлдан адашган бўлсак, 2025 йилда ҳам бундай амалиётлар мавжуд бўлса?», деб ёзди ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири.

Сиёсатшунос Маде Суприатма журналистлар билан суҳбатда мушукни қўриқлаш учун бюджет маблағлари сарфланишини асоссиз деб атади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид