Жаҳон | 23:02 / 23.08.2024
4913
2 дақиқада ўқилади

Россияда мигрантлар имтиҳонини видеога ёзиб олиш жорий қилиниши мумкин

Таълим ва фан вазирлиги мигрантлар учун рус тили имтиҳонини видеога олишни тавсия қилмоқда.

Фото: РИА Новости

Россия Таълим ва фан вазирлиги мигрантлар учун имтиҳон ўтказувчи ташкилотларга тавсиялар юборди. Унда рус тили бўйича имтиҳон топшириш тартибини ўзгартириш ва имтиҳон топширишнинг бутун жараёнини, жумладан, ёзма қисмини тасвирга тушириш таклиф этилмоқда. Имтиҳон жараёнини видеоёзувга олишнинг минимал давомийлиги 30 дақиқани ташкил этади. Бу ҳақда «Коммерсант» ёзди.

Шунингдек, Таълим ва фан вазирлиги минтақадан қатъи назар, имтиҳонлар учун ягона нарх белгилашни, ташкилотларга имтиҳонни воситачилар иштирокисиз тўғридан-тўғри таълим ташкилотлари ёки Ички ишлар вазирлигининг «ПВС» Федерал давлат унитар корхонаси ҳамкорлари билан ўтказиш тўғрисида шартномалар тузишни ҳам тавсия этган.

Таълим ва фан вазирлиги Ички ишлар вазирлигига мигрантлар учун имтиҳон ўтказиш тартибини ўзгартиришни тавсия қилмоқда. Барча тавсиялар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва Таълим вазирлиги позициясини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилгани таъкидланмоқда.

Июл ойида Россия Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин Давлат Думаси спикери Вячеслав Володинга миграция қонунчилигига ўзгартиришлар киритиш бўйича ташаббусларнинг умумлаштирилган рўйхатини юборган эди. Ташаббуслар орасида мигрантларнинг фарзандлари учун рус тилини билишини талаб қилиш таклифи ҳам бор. Бу таълим муассасаларига қабул учун кераклиги таъкидланган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид