Жаҳон | 19:13 / 23.08.2024
2727
2 дақиқада ўқилади

Тайван Хитой армиясининг 27 та учиш аппарати оролга яқинлашганини қайд этди

Тайван қуролли кучлари оролга Хитой армиясининг 27 та учиш аппарати яқинлашганини қайд этди. Бу ҳақда мамлакат мудофаа идораси хабар берди.

Фото: EDNews

«Миллий мудофаа вазирлиги жами 27 та учиш аппарати, жумладан, J-16 қирувчилари, KJ-500 радиолокацион кузатув самолётлари, шунингдек, учувчисиз бошқариладиган учиш аппаратларини қайд этди», — дейилади идора хабарида. Таъкидланишича, уларнинг 23 таси Тайван бўғозининг ўрта чизиғини кесиб ўтган.

20 август куни Тайван Қуролли кучлари Tien Kung III номли зенит ракета мажмуаларини қўллаган ҳолда ҳаво ҳужумидан мудофаа бўйича ўқувларни ўтказган эди. Ўқувларда, шунингдек, АҚШда ишлаб чиқарилган Patriot PAC-2 дан ҳам фойдаланилган. Ушбу қуроллар синови орол жанубида — Цзюпен ҳарбий базасида ўтказилган.

Хитой расмий вакиллари бир неча бор Тайван масаласи републиканинг ички иши экани, ташқаридан аралашувларга йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, май охирларида Хитой Тайван яқинида ҳарбий машғулотлар ўтказган эди. Икки кун давом этган манёврларда 111 та самолёт ва ўнлаб кемалар иштирок этган. Хитой ҳарбийларига кўра, машғулотларда ҳаво ва денгиз патруллари, муҳим нишонларга аниқ зарбалар ҳамда Тайванга тегишли ороллар ва ундан ташқаридаги операциялар билан биргаликда армия бўлинмаларининг жанговар қобилияти синовдан ўтказилган.  

Мавзуга оид