Жаҳон | 08:50
461
3 дақиқада ўқилади

ЕИ Россия нефтига нисбатан янги санкцияларни тайёрламоқда

Евроиттифоқ Яқин Шарқдаги можаро туфайли жаҳон нефть нархлари қимматлашаётган бир пайтда Россия нефти учун белгиланган нарх чегарасининг ошишини вақтинча тўхтатиш имкониятини муҳокама қилмоқда.

Фото: AP

Бу ҳақда Bloomberg агентлиги ўз манбаларига таяниб хабар берди.

Маълум қилинишича, 2025 йилда Евроиттифоқ Россиянинг Urals нефть турига нисбатан динамик нарх чегараси механизмини жорий этган. Унга кўра, ҳар олти ойда нарх лимити бозордаги ўртача нархдан 15 фоиз паст даражада автоматик тарзда белгиланади.

Ҳозирда мазкур чегара бир баррель учун 44,1 доллар этиб белгиланган. Уни қайта кўриб чиқиш ёз охирига режалаштирилган. Европа компанияларига белгиланган лимитдан юқори нархда сотилаётган нефть учун суғурта ва транспорт хизматларини кўрсатиш тақиқланган.

Bloomberg маълумотларига кўра, июль ойидаги режалаштирилган қайта кўриб чиқиш натижасида лимит камида 65 долларгача кўтарилиши мумкин эди. Бу эса “Катта еттилик” (G7) мамлакатлари аввал келишиб олган 60 долларлик чегарадан ҳам юқори ҳисобланади.

Манбаларнинг айтишича, Брюссел ҳозирда учта асосий вариантни муҳокама қилмоқда: амалдаги 44,1 долларлик чегарани сақлаб қолиш, йил охиригача автоматик ошириш механизмини музлатиб қўйиш ёки ҳар қандай оширишни 60 доллардан юқори бўлмаган даражада чеклаш.

Кутилишича, мазкур чоралар Евроиттифоқнинг июнь ойи бошида тақдим этилиши режалаштирилган 21-санкциялар пакети таркибига киритилади.

Янги пакет доирасида Россияга қарши чекловларни четлаб ўтишда ёрдам бераётган учинчи давлатлардаги банклар, нефть трейдерлари, нефтни қайта ишлаш корхоналари ва криптовалюта операторларига нисбатан ҳам санкциялар жорий этилиши мумкин.

Шунингдек, Россиянинг “соя флоти”га мансуб деб ҳисобланаётган тахминан 20 та танкерга қарши ҳам чекловлар киритилиши режалаштирилмоқда. Кейинчалик бу чоралар суюлтирилган табиий газ ташувчи кемаларга ҳам татбиқ қилиниши мумкин.

Нефть нархлари эса АҚШ ва Эрон ўртасида амалда бўлиб турган ўт очишни тўхтатиш режимига қарамай ўсишда давом этмоқда.

26 май куни июль ойида етказиб бериладиган Brent нефти фьючерслари 3,3 фоизга қимматлашиб, бир баррель учун 99,33 долларга етди. Шу билан бирга, WTI нефти фьючерслари 92,79 доллар даражасида савдо қилинди.

Нархларнинг ўсишига АҚШ президенти Дональд Трампнинг Эрон билан музокаралар муваффақиятсиз якунланса, янги ҳужумлар бўлиши мумкинлиги ҳақидаги баёноти ҳам таъсир кўрсатган.

26 майга ўтар кечаси АҚШ ҳарбийлари Эрон жанубидаги бир қатор нишонларга, жумладан ракета учириш майдончалари ва денгиз миналарини жойлаштиришга уринган кемаларга зарба берган.

АҚШ Марказий қўмондонлиги бу ҳаракатлар ўзини ҳимоя қилиш ва Эрон кучларидан келаётган таҳдидларни бартараф этиш мақсадида амалга оширилганини маълум қилди. Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси эса бунга жавоб чоралари кўрилишидан огоҳлантирган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид