Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украина дронлари Россиянинг йирик нефт заводига зарба берди
Россиянинг энг йирик нефтни қайта ишлаш заводларидан бири — “Лукойл-Нижегороднефтеоргсинтез” (НОРСИ) Украина дронлари ҳужумидан кейин ишлаб чиқариш қувватларининг ярмидан кўпроғини тўхтатишга мажбур бўлди. Reuters агентлигига кўра, заводнинг асосий нефтни қайта ишлаш ускунаси ишдан чиққан.
Фото: Zima Nadezhda/Zoonar/IMAGO
Reuters 21 май куни тарқатган хабарда таъкидланишича, Нижегород вилоятининг Кстово шаҳрида жойлашган НОРСИ заводига 20 майга ўтар кечаси Украина дронлари ҳужум қилган.
Ҳужум оқибатида заводнинг асосий АВТ-6 нефтни бирламчи қайта ишлаш қурилмаси тўхтаб қолган. Мазкур ускуна корхона умумий қувватининг 53 фоизини таъминлаб, суткасига 25,7 минг тонна нефтни қайта ишлаш имконига эга бўлган.
НОРСИ Россиядаги тўртинчи энг йирик нефтни қайта ишлаш заводи ва мамлакатда бензин ишлаб чиқариш бўйича иккинчи ўринда туради. Ҳужумгача завод йилига 16 миллион тонна нефт ёки кунига тахминан 320 минг баррел нефтни қайта ишлаш қувватига эга эди.
20 майга ўтар кечаси Кстово шаҳрига дронлар ҳужум қилгани ҳақида ОАВ ва OSINT-каналлар хабар берган, маҳаллий ҳокимият эса НҚЗда ёнғин чиққанини расман тасдиқламаган.
“Нижегороднефтеоргсинтез” сўнгги икки ой ичида иккинчи марта ҳужумга учрамоқда. Аввалроқ, 5 апрель куни ҳам корхона дронлар зарбасидан шикастланган эди.
Reuters агентлиги 20 май куни тарқатган бошқа маълумотда эса Россиянинг марказий қисмидаги деярли барча йирик нефтни қайта ишлаш заводлари сўнгги ҳафталардаги Украина дронлари ҳужумлари ортидан ишлаб чиқаришни қисқартиргани ёки вақтинча тўхтатгани айтилган.
Агентлик манбаларига кўра, тўлиқ ёки қисман ишдан чиққан НҚЗ умумий қуввати йилига 83 миллион тоннадан ошади. Бу Россия нефтни қайта ишлаш умумий қувватининг қарийб чорак қисмига тенг.
Шунингдек, мазкур ҳажм мамлакатда ишлаб чиқариладиган бензиннинг 30 фоиздан ортиғи ва дизель ёқилғисининг тахминан 25 фоизини ташкил этади.
Россия Энергетика вазирлиги Reuters сўровига расмий изоҳ бермаган.