Британия ва АҚШ мактабларида телефонга тақиқ қатъийлашяпти. Нега?
АҚШ ва Буюк Британия мактабларида телефондан фойдаланиш чекланяпти. Тақиқ ўқувчиларга ёқмаяпти, ўқитувчилар эса мамнун, ота-оналар аросатда. Хўш, тартиб нега пайдо бўлди ва у иш берадими?
АҚШда вазият қандай?
АҚШ мактабларининг аксарида телефондан фойдаланиш сиёсати мавжуд. 2021-2022 ўқув йилида мактабларнинг 76 фоизи телефондан академик мақсадларда фойдаланишни тақиқлаган. Флорида штатида 2022/2023 ўқув йилида дарс вақтида телефон ишлатиш тақиқланди ва мактаблар Wi-Fi тармоғи орқали ижтимоий тармоқларга киришни блоклади.
Аҳолиси кўп бўлган Ню-Йорк ва Калифорния штатлари тақиқ бўйича янги сиёсат қўлламоқчи. 2024/2025 ўқув йилидан Калифорниядаги барча мактабларда мобил телефондан фойдаланиш тақиқланади. Чикаго, Мэн ва Виржиния мактабларида ҳам телефондан фойдаланиш бўйича чекловлар бошланган.
Буюк Британия тақиқни кучайтиряпти
Британия ҳам мактабларда телефондан фойдаланишни чеклаш бўйича йўриқнома ишлаб чиққан. Бу ўқувчиларга халақит берувчи омилларни минималлаштиради ва онлайн буллингнинг олдини олади деб ҳисоблаяпти ҳукумат.
Мактаблар ўз эҳтиёжларидан келиб чиқиб индивидуал қоидалар ишлаб чиқади. Айрим мактаблар фақат танаффуслар ва овқатланиш вақтида телефондан фойдаланишга рухсат берса, бошқалари бутунлай тақиқлайди. Шунингдек, ўқитувчи ўқувчини тинтиб кўриши, тақиқланган буюмни текшириши мумкин. Жараёнда буюмлар йўқолса ёки шикаст етса, ўқитувчилар жавобгар бўлмайди.
Қарама-қарши тадқиқотлар
АҚШдаги тадқиқотлар телефон ўқувчиларни дарсдан чалғитиши ва кибербуллингга сабаб бўлишини кўрсатади. 11-17 ёшли ўқувчиларнинг 97 фоизига мактаб соатлари давомида ўртача 237 та билдиришномалар келади. Бу эса мактабдаги соатларнинг ярмига тенг. Pew тадқиқотида эса Қўшма Штатлардаги 70 фоиз мактаб ўқитувчиси телефоннинг чалғитишини асосий муаммо деб ҳисоблаган.
Британияда 2016 йилда ўтказилган тадқиқотда телефондан фойдаланиш ва академик ўзлаштириш ўртасида боғлиқлик борлиги аниқлаган. Мактабларда телефон тақиқланганда 16 ёшлилар тест натижаси яхшиланган.
Бироқ баъзи тадқиқотлар телефонни ўчириш когнитив қобилиятни қисқартиради деб ҳисоблайди. 2019 йили ўтказилган тадқиқотда эса кунига 3 соатдан ортиқ ижтимоий тармоқда ўтирадиган ўсмирлар депрессия ва асабийлик каби руҳий муаммоларга 2 марта кўпроқ дуч келишлари исботланган.
Тақиқнинг жисмоний ва руҳий сабаблари
АҚШда мактабда электрон қурилмаларни тақиқлаш 1980 йилдан бери муҳокама қилиб келинади. Дастлабки танқидчилар телефонлар ўқувчиларни чалғитади ва наркотик савдосига аралаштириб қолади деган фикрда. 1999 йилда Colorado's Columbine мактабидаги отишмада 13 киши вафот этган. Шундан кейин ота-оналар боласининг хавфсизлигидан хабардор бўлиш учун мактабда телефонни қайтаришни талаб қилган.
Телефондан фойдаланишни назорат қилиш пандемиядан кейин ёшларнинг руҳий саломатлиги билан боғлиқ ташвиш тўлқини фонида содир бўлади. Мактабларда кибербуллинг, чалғиш ва имтиҳонларда кўчириш сабаблари туфайли тақиқ яна қайтди. 1 миллиондан ортиқ ўқувчиси бор Ню-Йорк штати 2015 йилдан телефон борасида мактаблар тақиқ сиёсатига мустақиллик берди.
Бош жарроҳ Вивек Мерти ижтимоий тармоқлар болаларда ташвиш ва руҳий тушкунлик аломатларини бошдан кечириш хавфини оширишини таъкидлади. “Ўқувчи мактабда нафақат ўрганяпти, балки бир вақтнинг ўзида дўстларига хабар ёзиш ва жавоб қайтариши, доимий янгилик саҳифасини янгилаб туришига ҳам тўғри келяпти”, – деган у. Шифокорга кўра, чалғиш ўрганишни қийинлаштиришидан ташқари, ўқувчининг дўстлашуви ва ижтимоийлашувини ҳам камайтириб қўйяпти.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти телефонлар ўқувчиларни чалғитувчи манба экани, киберзўравонликка олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган. Ташкилот дунё бўйлаб ҳар 4 мамлакатдан биттасида мактабларда телефонни тақиқловчи сиёсат борлигини маълум қилган.
Тақиқлаш иш берадими?
Лос-Анжелес мактабининг 6 йиллик ўқитувчиси Рафаела Ҳожес болаларнинг ижтимоийлашувида катта ўзгариш сезганини айтади.
“Телефонни чеклаш сиёсати ўқитувчи, ўқувчи ва ота-она ўртасидаги келишувсиз иш бермайди. Жуда кўп муаммолар пайдо бўлади. Лос-Анжелесда бошқарув кенгаши аъзолари қурилмаларни келгуси йилдан тақиқлаш учун овоз берди. Аммо сиёсат қандай ишлаши ҳали аниқ эмас”, – дейди АҚШ Миллий мактаб хавфсизлиги ва хавфсизлик хизматлари президенти Кен Трамп.
“АҚШда ва бутун дунёда телефонга тақиқ бўйича ота-оналар, ўқитувчилар ва ўсмирларнинг ўртасида кураш кетяпти”, – дейди “Ташвишли авлод” китоби бош тадқиқотчиси Зак Рауч.
Америка шифокор амалдорлари ижтимоий тармоқ ва саҳифаларда огоҳлантириш белгилари бўлиши кераклигини таклиф қиляпти. Худди сигарет қутилари устида турадиган ёзувларга ўхшаб.
Лос-Анжелеслик 18 ёшли Алиса BBC’га телефонсиз ўрта мактабда ўқишни тасаввур қила олмаслигини айтди. “Мактабимизда жуда катта кампуслар бор. Уларнинг ҳаммасини назорат қилиш осон эмас. Масъуллар борса ҳам кўра олмайдиган қанчадан-қанча жой бор”, – деган у.
Мавзуга оид
10:20
Ўзбекистон АҚШга ҳар ҳафта 3-4 тонна узум экспорт қилишни режалаштирмоқда
20:20 / 14.10.2024
АҚШдаги ядровий объектлар ва авиабазалар устидан сирли дронлар учиб ўтишни бошлади
16:10 / 14.10.2024
АҚШ РФ ва ХХРни ASEAN давлатлари баёнотини блоклашда айблади
10:09 / 14.10.2024