Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украинада тинчлик – АҚШ миллий хавфсизлик стратегиясининг устувор йўналиши
Доналд Трамп сиёсати устувор йўналишлари қаторида Украинада ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва Россия билан муносабатларда стратегик барқарорликни тиклаш ҳам бор. Бу АҚШнинг янги миллий хавфсизлик стратегиясида таъкидланган.
АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти янги миллий хавфсизлик стратегиясини ишлаб чиқди. 33 бетдан иборат ушбу ҳужжат жума куни, 5 декабр куни, Оқ уй сайтида эълон қилинди. У 2022 йилда собиқ президент Жо Байден томонидан маъқулланган стратегияни алмаштиради.
“Қўшма Штатлар келгуси ўн йилликларда ҳам дунёдаги энг кучли, энг бой, энг қудратли ва энг муваффақиятли давлат бўлиб қолиши учун, мамлакaтимизга ташқи дунё билан муносабатларда изчил, аниқ мақсадга йўналтирилган стратегия керак”, — дейилади ҳужжатда.
АҚШнинг янги миллий хавфсизлик стратегияси America First (“Аввало Америка”) концепцияси асосида қурилган. Унда миллий манфаатларга каттароқ урғу бериш ва дунё бўйлаб ҳарбий иштирокни камайтириш кўзда тутилган. “Биз қилган ҳар бир ишимизда Американи биринчи ўринга қўямиз”, — деб ёзади Трамп стратегия муқаддимасида.
Европага оид Америка сиёсатини баён қилувчи бўлимда Украинадаги урушни тугатиш биринчи ўринга қўйилади. “Россиянинг Украинадаги уруши натижасида Европанинг Россия билан муносабатлари ҳозирда жиддий равишда заифлашган ва кўплаб европаликлар Россияни экзистенциал таҳдид сифатида кўрмоқда, — дейилади стратегиянинг “Европа улуғворлигини илгари суриш” деб номланган бобида. — Европанинг Россия билан муносабатларини бошқариш учун АҚШ томонидан катта дипломатик фаоллик талаб этилади — ҳам Евросиё қитъасида стратегик барқарорлик шароитларини тиклаш, ҳам Россия ва Европа давлатлари ўртасида можаро келиб чиқиши хавфини пасайтириш мақсадида”.
АҚШ Украинанинг “ҳарбий ҳаракатларни тезроқ тўхтатиш бўйича музокаралар олиб бориши”ни ўзининг “асосий манфаатларидан бири” деб атайди. Бунинг мақсади “Европа иқтисодиётини барқарорлаштириш, урушнинг кутилмаган тарзда кескинлашуви ёки кенгайишини олдини олиш, Россия билан муносабатларда стратегик барқарорликни тиклаш, шунингдек Украина урушдан кейин тикланишини таъминлаш”дан иборат экани қайд этилади.
Ҳужжатда Украинадаги уруш Европа давлатларини танқид қилиш учун ҳам мисол сифатида келтирилади. Унда айтилишича, АҚШ президенти маъмурияти “Европадаги расмийлар билан қарама-қаршилик ҳолатида”, чунки улар “урушга нисбатан реалликка тўғри келмайдиган кутилмаларни сақлаб турибди”. “Европаликларнинг катта қисми тинчликни истайди, аммо бу истак сиёсатга айланмаяпти, бунга кўп жиҳатдан ҳукуматларнинг демократик жараёнларни заифлаштириши сабаб бўлмоқда”, — дейилади ҳужжатда.
Вашингтон Европанинг ўз мудофааси учун масъулиятни Европа зиммасига ўтказишни, Россия билан муносабатларни барқарорлаштиришни ва НАТОни янада кенгайтиришдан воз кечишни истайди. Стратегияда айтилишича, Қўшма Штатлар Европага “ўзининг ҳозирги траекториясини тўғрилашига” ёрдам бериши лозим.
Трамп маъмуриятининг Европага нисбатан сиёсати устувор йўналишлари қаторида, жумладан, унга “ҳеч қайси душман давлат ҳукмронлик қила олмайдиган шартларда, бирлашган мустақил давлатлар гуруҳи сифатида оёққа туриши ва ҳаракат қилиши учун имконият яратиш” вазифаси ҳам борлиги қайд этилади. Бундан ташқари, ҳужжатга кўра, АҚШнинг мақсадларидан бири — “НАТОни доимий равишда кенгаяётган алянс сифатида қабул қилишга барҳам бериш ва бундай ривожланишнинг олдини олиш”дир.
Мавзуга оид
23:16 / 12.06.2026
Европа Иттифоқи Украина ва Молдова аъзолиги бўйича музокараларни бошлайди
22:34 / 12.06.2026
Тулси Габбард АҚШ биолабораториялари ҳақидаги маълумотларни ошкор қилди
20:26 / 12.06.2026
Трампнинг шов-шувли смартфони Хитой телефонининг тўлиқ нусхаси бўлиб чиқди
20:03 / 12.06.2026