Жаҳон | 22:24 / 27.08.2024
4148
3 дақиқада ўқилади

«Бу ерда ядровий ҳодиса хавфи мавжуд» - АЭХА раҳбари Курск АЭС ҳақида

Рафаэл Гросси сўзларига кўра, атом электр станциясидан бир неча километр узоқликда кечаётган жанглар «жиддий хавотир уйғотади». Курск АЭС реакторида ҳимоя қобиғи йўқ, шунинг учун у заиф.

Фото: РИА Новости

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) бош директори Рафаэл Гросси Россиянинг Курск вилояти, Курчатов шаҳридаги Курск атом электр станциясига (АЭС) сафаридан сўнг «ҳозир бу ерда ядровий ҳодиса юз бериш хавфи бор», деди. Бу ҳақда у 27 август куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди, деб ёзди «Интерфакс».

АЭХА раҳбарининг айтишича, атом электр станциясидан бир неча километр узоқликда кечаётган жанглар «жиддий хавотир уйғотади». Гросси сўзларига кўра, Курск АЭС реакторида ҳимоя қобиғи йўқ, шунинг учун у заиф.

«Станциянинг ўзига хос хусусияти шундаки, унда РБМК типидаги реакторлар бор. Дизайнига кўра, РБМК дунёдаги кўплаб бошқа турдаги реакторлардагидек ҳимоя қобиғига эга эмас. Ҳимоянинг йўқлиги реактор ядроси деярли оддий бинода жойлашганлигини ва артиллерия зарбалари ёки дрон зарбаларига жуда заиф эканлигини англатади», деди у.

Реакторга ташқи таъсир кўрсатилса, ядровий ҳодиса хавфи бор, деб қўшимча қилди Гросси.

«Чернобил ва Курск атом электр станцияларини тўғридан-тўғри таққослаш мутлақо тўғри эмас. Айтиш мумкинки, худди шу турдаги махсус ҳимояга эга бўлмаган реактор Курск АЭС ҳудудида ишлайди. Ва ҳақиқатан ҳам, зарба бўлган тақдирда, ушбу реакторнинг ядросига қандайдир ташқи таъсир кўрсатилса, ядровий ҳодиса, эҳтимол радиация чиқиши билан содир бўлади», деди у.

АЭХА раҳбари Курск атом электр станциясига «вазиятни шахсан баҳолаш» учун келганини айтди. «Бугун станцияда кўрганларимга асосланиб айтишим мумкинки, станция нормал шароитларга жуда яқин ишлаяпти», деди Гросси. У асосий иншоотларини, жумладан, реактор ва турбина заллари, бошқарув хонаси ва ишлатилган ёқилғи сақлаш омборини кўриш имконига эга бўлганини таъкидлади.

Журналистларнинг саволига жавоб берар экан, Гросси «дрон ҳужумлари изларини кўрганини» айтди. «Бу станциядаги хавфсизлик режими бўйича катта ташвиш уйғотади», деди у.

Журналистлар билан суҳбатдан сўнг Гросси Киевга бориш ниятида ва у ерда Украина президенти Володимир Зеленский билан гаплашмоқчи.

Украина Қуролли кучларининг Курск вилоятига ҳужуми бошланганидан кўп ўтмай, Россия 10 август куни Курск АЭС ҳудудида уриб туширилган ракеталарнинг бўлаклари топилгани ҳақида маълум қилди. Россия президенти Владимир Путин 22 август куни Украина армияси АЭСга ҳужум қилишга уринганини айтганидан кейин АЭХА раҳбари Курск АЭСга сафар қилди.

Мавзуга оид

Эълонлар