Жаҳон | 22:57 / 29.08.2024
2563
2 дақиқада ўқилади

Бразилия Х ижтимоий тармоғини блоклаш билан таҳдид қилди

Ижтимоий тармоқ эгаси Илон Маскка нисбатан Бразилияда одил судловга тўсқинлик қилиш, жиноий ташкилот ташкил этиш ва жиноятга ундаш айбловлари бўйича тергов олиб борилмоқда.

Фото: Getty Images

Бразилия Олий суди судяси Алешандре де Мораэс Американинг Х corp. (собиқ Twitter) корпорацияси эгаси Илон Маскка 24 соат ичида компаниянинг ушбу мамлакатдаги янги юридик вакилини тайинлаш вазифасини юклади. Бу ҳақда 28 август куни суд матбуот хизмати хабар берди.

Хабарда айтилишича, бизнесменнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи адвокатга ҳам 18 август куни кўрсатилган маълумотларни тақдим этиш белгиланган. Агар талаблар бажарилмаса, Х ижтимоий тармоғининг Бразилия интернет сегментидаги фаолияти тўхтатилиши мумкин.

Бразилияда Маскка нисбатан одил судловга тўсқинлик қилиш, жиноий ташкилот ташкил этиш ва жиноятга ундаш айбловлари бўйича тергов олиб борилмоқда.

Маскнинг ўзи ҳолатга Х ижтимоий тармоғидаги саҳифаси орқали изоҳ берди. «Бу судя бир неча бор ўзи қасамёд келтирган қонунларни бузди», — деб ёзади америкалик тадбиркор. Шунингдек, у юристлар фикрига таяниб, Алешандре де Мораэснинг кўрсатмасини «ноодатий ва ноқонуний» деб атади.

Август ўрталарида Бразилия суди Х’дан ижтимоий тармоқда «фейк» тарқатган айрим аккаунтларни блоклашни талаб қилгани тўғрисида хабар берилганди. Ижтимоий тармоқ аввалига талабни бажарган, аммо кейин Маск «Бразилиядаги барча даромаддан айрилиб, у ердаги офисини ёпишга мажбур бўлса ҳам», аккаунтларни блокдан чиқаришини маълум қилди. Мораэс суд фаолиятига тўсқинлик қилган миллиардерга қарши тергов бошлади ва аккаунтлар блокланмагунча ундан ҳар куни 20 минг доллар миқдорида жарима ундириш билан таҳдид қилди.

Мавзуга оид