Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Чехларга сенсация керак, Бразилия ва Кореяга дуранг ҳам етади. А, В ва C гуруҳларида вазият қандай?
Сўнгги тур арафасида гуруҳларда қандай интригалар бор ва кимга қандай натижа керак?
2026 йилги жаҳон чемпионатида барча жамоалар иккитадан ўйин ўтказиб бўлишди ва учинчи турни бошлаш арафасида. Шундан кейин плей-оффнинг барча иштирокчилари номи маълум бўлади.
Чемпионат регламентига кўра, янги формат бўйича гуруҳлардан 32 та жамоа кейинги босқичга ўтади: 12 та гуруҳда биринчи ва иккинчи ўрин эгалари автоматик равишда плей-офф иштирокчисига айланади, шунингдек, учинчи ўринни олган 12 та жамоадан энг яхши натижага эга 8 жамоа улар сафига қўшилади.
Бир гуруҳда икки ёки ундан ортиқ жамоаларнинг очколари сони тенг келиб қолган тақдирда, кўрсаткичлар қуйидаги тартибда ҳисобга олинади:
– ўзаро ўйинлардаги очколар сони;
– ўзаро ўйинлардаги голлар нисбати;
– ўзаро ўйинларда урилган голлар сони;
– умумий тўплар нисбати;
– жами урилган голлар сони;
– фейр-плей рейтингидаги интизомий баллар сони камлиги: сариқ карточка – 1 балл, тўғридан тўғри бўлмаган қизил карточка – 3 балл, тўғридан тўғри қизил карточка – 4 балл, сариқ ва тўғридан тўғри қизил карточка – 5 балл;
– ФИФА рейтингидаги ўрин.
Учинчи ўрин эгалари орасидаги энг яхши жамоаларни аниқлаш учун:
– жами очколар сони;
– жами голлар нисбати;
– жами урилган голлар сони;
– фейр-плей рейтингидаги интизомий баллар сони камлиги;
– ФИФА рейтингидаги ўрин.
Икки турдан кейин Мексика (A), АҚШ (D), Германия (E), Аргентина (J) миллий жамоалари иккитадан ўйинда ғалаба қозониб, гуруҳ ғолиблигини нақд қилишган. Шунингдек, Франция ва Норвегия (иккиси ҳам I гуруҳида) ҳамда Колумбия (K) ҳам иккитадан ғалабага эришиб, плей-офф масаласини муддатидан олдин ҳал қилишган, лекин бу гуруҳларда ким биринчи ўринни эгаллаши ҳозирча аниқ эмас.
А гуруҳи
A гуруҳида икки турдан кейин битта интрига аллақачон ёпилган: Мексика биринчи ўринни кафолатлаган ва 1/16 финалга чиққан. Жанубий Корея иккинчи ўринда келмоқда, Чехия ва ЖАР сўнгги турда турнирда қолиш учун курашади.

3-тур ўйинлари. Чехия – Мексика, ЖАР – Корея. Икки ўйин ҳам 25 июн куни Тошкент вақти билан соат 04.00 да бошланади.
– Мексика аллақачон гуруҳ ғолиблигини кафолатлаган. Чехияга ютқазса ҳам мезбонлар биринчи ўриндан тушиб кетмайди: ЖАР устидан ғалаба қозонса, Кореяда ҳам очколар сони 6 тага етади, аммо мексикаликлар ўзаро ўйиндаги ғалаба эвазига (1:0) юқорида қолади.
– Кореяга тўғридан тўғри 1/16 финалга йўл олиш учун ЖАР билан ўйиндаги дуранг ҳам кифоя қилади. Осиёликлар жамоаси ўзаро учрашув натижасига кўра (2:1) Чехиядан устун. Жанубий африкаликлардан мағлубият кореяликлар учун жиддий муаммолар туғдириши мумкин: агар чехлар ҳам Мексикани енгадиган бўлса, Сон Ҳеунг Минг жамоадошлари уч очко билан тўртинчи ўринга тушиб кетади, агар чехлар ғалаба қозона олмаса, учинчи ўрин эгаларининг якуний турнир жадвали шаклланишини кутишга тўғри келади.
– Тўғридан тўғри йўлланмага эга бўлиш учун Чехияга биринчи навбатда Мексика устидан ғалаба қозониш, шу билан бирга, Корея ЖАР билан ўйинда керакли ҳисобда ютқазиши керак бўлади. Чехия ва ЖАР ўртасидаги ўзаро ўйинда дуранг қайд этилганди – 1:1, очколар тенг келиб қолган тақдирда барчасини умумий голлар нисбати ҳал қилади, ҳозирча Европа вакилларида вазият яхшироқ (+1). Чехларни минимал ҳисобдаги ғалаба ҳам қониқтириши учун жанубий африкаликлар ҳам биттадан ортиқ гол фарқи билан ғалаба қозонмаслиги талаб этилади. Агар Чехия ЖАРга қараганда битта камроқ гол урса, бу жамоаларда тўплар нисбати бўйича ҳам тенглик юзага келади – шундан кейин урилган голлар сонига қаралади, ундан кейин иш интизомий балларни ҳисоблаш ва ФИФА рейтингидаги ўринларни кўриб чиқишгача бориши мумкин. Лекин тўрт очко ҳам учинчи ўрин билан гуруҳдан чиқиш имкони бўлади – бунинг учун камида тўртта гуруҳдаги учинчи ўрин эгаларидан яхшироқ кўрсаткичларга эга бўлиш талаб қилинади.
– ЖАРни Корея билан ўйинда фақат ғалаба қониқтиради. Шу шарт бажарилса ва Чехия Мексикани енга олмаса, жанубий африкаликлар иккинчи ўрин билан тўғридан тўғри плей-оффга чиқади. Агар чехлар ҳам ўз ўйинида ғалаба қозонадиган бўлса, жанубий америкаликларга Европа вакилларига қараганда йирикроқ ғалаба керак бўлади. Ва яна шу гап – жамоа 4 очко билан учинчи ўринда қолса ҳам, умумий рейтингда юқорироқда жойлашиб, плей-оффга ўтиши аниқ, лекин икки очко билан учинчи ўрин орқали гуруҳдан чиқиш амалда имконсиз.
A гуруҳи вакилларига плей-оффда ким рақиб бўлади?
Ушбу гуруҳ ғолиби C, E, F, H ёки I гуруҳларидан учинчи ўрин билан чиққан жамоалардан бирига қарши ўйнайди. Мексика аллақачон гуруҳдаги ўз ўрнини билади, аммо ким рақиб бўлиши аниқ эмас.
Гуруҳдаги иккинчи ўрин B гуруҳидан иккинчи ўрин билан чиқадиган жамоага (ҳозир бу Швейцария) қарши ўйнайди.
Гуруҳнинг учинчи жамоаси (агар турнирдаги иштирокини давом эттирса), E ёки G гуруҳлари ғолибига тўқнаш келиши мумкин.
B гуруҳи
Канада ва Швейцария 4 тадан очко жамғариб, Босния ва Ҳерцеговина ҳамда Қатардан олдинлаб кетишган. Ҳозирча бу жамоалар тўғридан тўғри йўлланмани расмийлаштирмади, аммо гуруҳ жадвали етакчиларига ўзаро ўйинда ютқазмаслик етарли бўлади. Боснияликлар ва қатарликларда учинчи ўрин учун имконият сақланиб қолмоқда, гуруҳдан тўғридан тўғри йўлланмага эга бўлиш учун эса сўнгги турда жамолардан бири йирик ҳисобда ғалаба қозониши талаб этилади.

3-тур ўйинлари. Швейцария – Канада, Босния ва Ҳерцеговина – Қатар. Икки ўйин ҳам 24 июнга ўтар кечаси соат 00.00 да бошланади.
– Канадага гуруҳ ғолиби бўлиш учун Швейцария билан ўйинда дуранг натижа кифоя қилади. Очколар тенглигича қолган тақдирда, турнир мезбонлари тўплар нисбати бўйича устунликка эга бўлади: канадаликларда – +6, швейцарларда – +3.
– Швейцария фақат Канадани енгиш орқали биринчи ўринга чиқиши мумкин. Дуранг натижа европаликларни иккинчи ўрин орқали плей-оффга олиб чиқади, ҳатто мағлубиятга учралган тақдирда ҳам энг яхши кўрсаткичга эга учинчи ўринлардан бири сифатида 1/16 финалга йўл олиш мумкин.
– Иккинчи турда Қатарни йирик ҳисобда мағлуб этган (6:0) Канада фақат қуйидаги шарт билан учинчи ўринга тушиб кетиши мумкин: Швейцариядан мағлубиятга учраб, Босния Қатар устидан йирик ҳисобда ғалаба қозонса. Икки ўйиндаги тўплар фарқи 9 тага етса (масалан, канадаликлар 0:3 ҳисобида ютқазса ва боснияликлар 6:0 ҳисобида ғалаба қозонса), ўзаро ўйинда дуранг қайд этилгани (1:1) туфайли кейинги ўлчовларга (урилган голлар сони, интизомий рейтинг, ФИФА рейтинги) қаралади.
– Иккинчи турда Боснияни йирик ҳисобда (4:1) мағлуб этган Швейцария учинчи ўринга тушиб кетиши учун қуйидаги шартлар бажарилиши керак: Канадага ютқазиши ва Қатар Босния устидан йирик ҳисобда ғалаба қозониши. Ва бу ерда ҳам тўплар фарқи роппа-роса 9 та бўлса, унда ўзаро учрашувдаги тенглик (1:1) туфайли кейинги ўлчовларга қаралади.
– Боснияга Қатар устидан ғалаба керак. 4 очкога эга бўладиган исталган жамоа учинчи ўрин эгалари орасида кучли саккизликка кирадит. Тўғридан тўғри йўлланма учун эса ўз ўйинида йирик ҳисобда ғалаба қозониш ва Канада ва Швейцариядан йирик ҳисобда ютқазишини кутиш керак бўлади.
– Қатарни Босния билан ўйинда фақат ғалаба қониқтиради. Тўғридан тўғри чиқиш учун эса Боснияни йирик ҳисобда енгиш ва Швейцария Канадага йирик ҳисобда ютқазишига умид қилиш керак бўлади.
– Босния ва Қатар ўртасидаги баҳсда дуранг икки жамоани ҳам гуруҳда қолдиради: 2 очко – учинчи ўрин эгалари рейтингида саккизликка кириш учун етарли бўлмайди. Бундай сценарийда тўплар нисбати туфайли Босния учинчи, Қатар тўртинчи бўлади.
B гуруҳи вакилларига плей-оффда ким рақиб бўлади?
Ушбу гуруҳ ғолиби E, F, G, I ёки J гуруҳларидан учинчи ўрин билан чиқадиган жамоалардан бирига қарши ўйнайди.
Гуруҳнинг иккинчи вакили A гуруҳининг иккинчи вакилига (ҳозир бу Кория) тўқнаш келади.
Гуруҳнинг учинчи вакили (агар гуруҳдан чиқа олса), D ёки E гуруҳлари ғолибларидан бири билан ўйнаши мумкин.
C гуруҳи
Бразилия ва Марокаш 4 тадан очкога эга, аммо 1/16 финал йўлланмасини ҳали расмийлаштирмаган. 3 очкога эга Шотландия ҳам топ-2 учун курашда қолмоқда. Ҳаити эса сўнгги тур натижаларидан қатъи назар ўзаро ўйиндаги мағлубият туфайли шотландларни қувиб ўта олмайди ва тўртинчи ўриндан юқорига кўтарила олмайди.

3-тур ўйинлари. Шотландия – Бразилия, Марокаш – Ҳаити. Икки ўйин ҳам 25 июнга ўтар кечаси соат 03.00 да бошланади.
– Бразилия 1/16 финалга тўғридан тўғри йўлланма олиши учун Шотландияни мағлуб этиши кифоя. Параллел учрашувда Марокаш Ҳаитини енга олмаса, гуруҳда биринчи ўрин пентакампеонларда қолади. Шу билан бирга, Марокаш Ҳаитини мағлуб этган тақдирда ҳам Бразилия ўз ўйинида ғалаба қозониб ҳам биринчи ўринда қолиши мумкин. Бразиллар марокашликлар билан ўзаро ўйинда дуранг ҳисоб қайд этишган (1:1), ҳозирча тўплар нисбати африкаликларникига қараганда яхшироқ (+2), шунинг учун жанубий америкаликлар очколар тенг келган тақдирда юқорида қолишади.
– Марокашга 1/16 финалга чиқиш учун Ҳаитига ютқазмаслик кифоя қилади. Ғалаба африкаликларни биринчи ўринга олиб чиқиши мумкин, аммо бунинг учун Бразилия Шотландия билан ўйинда очко йўқотиши ёки марокашликлар ўз ўйинида йирикроқ ҳисобда ғалаба қозониб, тўплар нисбатини яхшироқ қилиб олиши керак бўлади. Шу билан бирга, мағлубият ҳам Марокашни учинчи ўринга тушириб юбормаслиги мумкин – бунинг учун Шотландия Бразилияни мағлуб этмаслиги керак, очколар тенг келиб қолган тақдирда марокашликлар шотландлар билан ўзаро ўйин натижасига кўра (1:0) юқорида қолади. Марокаш учун энг хавфли сценарий – ўз ўйинида Ҳаитига мағлуб бўлиши ва Шотландия Бразилиядан устун келишидир, бу ҳолда бразиллар билан қўшимча кўрсаткичлар бўйича баҳслашишга тўғри келади.
– Агар Бразилия ва Марокаш ўз ўйинларида ютқазадиган бўлса, уларда 4 тадан очко бўлади, ўзаро ўйинда дуранг қайд этилгани туфайли барчасини тўплар нисбати ҳал қилади. Ҳозирда Бразилияда бу яхшироқ – +3, Марокашда эса – +1. Бразиллар воқеаларнинг салбий ривожида ҳам иккинчи ўринни ўзида сақлаб қолишади, бунинг учун Анчелотти шогирдлари охирги турда икки ёки ундан кўп тўп фарқи билан ютқазмаслиги керак – акс ҳолда африкаликлар Жанубий Америка вакилларидан юқорига чиқиб кетади.
– Тўғридан тўғри плей-оффга чиқиш учун Шотландия Бразилия устидан ғалаба қозониши керак бўлади. Британлар жамоаси шунда 6 очко билан топ-2 дан ўрин олиши аниқ, Марокаш Ҳаити билан ўйинда очко йўқотган тақдирда биринчи ўринни ҳам ўзиники қилади. Бразилия билан дуранг ҳисоб Шотландияни 4 очко билан учинчи ўринда қолдиради ва бу учинчи ўринлар орасидаги энг яхши натижалардан бири бўлиши аниқ. Мағлубият ҳам шотландларни учинчи ўриндан пастга тушириб юбормайди, аммо бу ҳолда улар бошқа гуруҳлардаги 3-ўрин эгаларининг натижалари ёмонроқ бўлишига умид қилиши керак бўлиб қолади.
– Ҳаити аллақачон 1/16 финалга чиқиш имкониятини йўқотган. КОНКАКАФ вакиллари сўнгги ўйинида Марокашни мағлуб этган тақдирда ҳам учинчи ўрин учун рақобатчиси Шотландия билан ўзаро ўйиндаги мағлубият (0:1) туфайли юқорига кўтарила олмайди.
C гуруҳи вакилларига плей-оффда ким рақиб бўлади?
Ушбу гуруҳ ғолиби F гуруҳидан иккинчи ўрин билан чиққан жамоага қарши ўйнайди (ҳозир бу Япония).
Гуруҳнинг иккинчи ўрин эгаси F гуруҳи ғолибига (ҳозир бу Нидерландия) қарши майдонга тушади.
Гуруҳда учинчи ўринни олган жамоа (агар турнирда қолса), A, E ёки I гуруҳи ғолибларидан бирига қарши ўйнаши мумкин.