Жаҳон | 23:16 / 29.08.2024
4435
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда иккинчи атом сувости кемаси фойдаланишга топширилди

Стратегик кучлар қўмондонлиги назорати остида фаолият юритадиган INS Arighat сувости кемаси 750 километр узоқликка уча оладиган К-15 баллистик ракеталари билан қуроллантирилади.

Фото: Indian Navy

Ҳиндистонда иккинчи INS Arighat атом сувости кемаси фойдаланишга топширилди. India Today’нинг ёзишича, модернизация қилинган ушбу сувости кемаси мамлакат ҳарбий-денгиз имкониятларини кенгайтириш йўлида муҳим қадам ҳисобланади.

Қайд этилишича, INS Arighat 750 километр узоқликка уча оладиган К-15 баллистик ракеталари билан қуроллантирилади. Манбаларнинг маълумотларига кўра, мазкур сувости кемаси Стратегик кучлар қўмондонлиги назорати остида фаолият юритади.

Ҳиндистонда биринчи атом сувости кемаси — INS Arihant 2016 йилда фойдаланишга топширилган эди. Таъкидланишича, ҳозирда яна иккита шу турдаги сув ости кемасини қуриш ишлари олиб борилмоқда.

INS Arighat тезлиги сув юзасида 12-15 узелга (22-28 км/соат), сув остида эса 24 узелгача (44 км/соат) етиши мумкин. У тўртта учириш трубаси билан жиҳозланган бўлиб, 3,5 минг километрга уча оладиган тўртта К-4 баллистик ракетани ёки парвози узоқлиги 750 километрни ташкил этувчи 12 та К-15 баллистик ракеталарини таший олади.

К-15 ракеталари стратегик ядровий жанговар каллаклар билан жиҳозланиши мумкин ва бунга қўшимча равишда INS Arighat’га торпедалар ҳам ўрнатилади.

Мавзуга оид