Ўзбекистон | 15:26 / 30.08.2024
1933
3 дақиқада ўқилади

ССВ мустақиллик байрами ва дам олиш кунларида тиббиёт муассасалари қай тартибда ишлаши бўйича маълумот берди

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги муносабати билан бу йил ўзбекистонликлар 31 август – 3 сентябр кунлари кетма-кет 4 кун дам олади.

Хўш, ушбу саналарда тиббиёт муассасалари қай тартибда ишлайди? Фуқароларга қайси шифо масканларида қандай профилактик-тиббий хизматлар кўрсатилади? Соғлиқни сақлаш матбуот хизмати бу борада маълумот берди.

Аҳоли саломатлигини асраш, хусусан, байрам ва қўшимча ишланмайдиган кунларда тиббиёт муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириб бориш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигида штаб ташкил этилган.

Шунингдек, 31 август – 3 сентябр кунлари мамлакатдаги 1084 та оилавий поликлиника, 1251 та оилавий шифокор пункти, туман, вилоят ва республика миқёсидаги барча шифохоналар, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ҳамда тиббиёт олий ўқув юртлари клиникалари ҳамда ҳудудлардаги 39 та туманлараро қўшма шикастланиш ва ўткир қон-томир касалликлари марказларида 40 минг нафар тиббиёт тизими ходимлари қонунда белгиланган тартибда, навбатчилик асосида аҳолига тиббий хизмат кўрсатади.

Байрам кунлари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудлардаги 13 та филиали ҳамда 178 та аҳоли пунктида жойлашган шошилинч тиббий ёрдам бўлимларида ҳам 24 соат давомида навбатчи шифокор ва ҳамширалар фаолият юритади. Ушбу муассасалар зарур дори-дармонлар билан таъминланиб, захира ўринлари яратилган.

«Беморларга шошилинч тиббий хизмат кўрсатишда тез тиббий ёрдам хизматининг ўрни беқиёс. Мустақиллик байрами муносабати билан эълон қилинган 4 кунлик дам олиш кунларида мазкур соҳа эгалари ҳам одатий иш фаолиятини давом эттиради.

Хусусан, Республика тез тиббий ёрдам марказининг мамлакатимиз бўйлаб 2 838 та тез тиббий ёрдам бригадаси аҳолидан бўладиган чақириқлар учун доимий шай ҳолатда.

Бундан ташқари, юртимиздаги 227 та туғуруқ, 245 та болалар даволаш муассасаcи ҳам узлуксиз иш олиб боради. Республика Call-маркази (1003) орқали эса тиббиётга тегишли саволларга малакали мутахассислардан тун-у кун жавоб олиш мумкин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Мустақиллик байрами ва дам олиш кунларида узлуксиз меҳнат қиладиган барча тиббиёт ходимларига ўз миннатдорлигини билдиради», дейилган вазирлик матбуот хизмати хабарида.

Мавзуга оид