Шоҳимардонлик отахоннинг соддалик билан айтган гапларини ижтимоий тармоқларда эшитмаган одам топилмаса керак. Ҳаётлигида қўшнилари-ю қариндош-уруғидан бошқа ҳеч ким танимаган оддий деҳқонни у 33 йил аввал берган интервюси машҳур қилди. Ўлимидан бир неча йил ўтиб эса унинг суҳбатдаги жумлалари оммалашди, ҳатто айримлари мемга ҳам айланиб улгурди. Kun.uz мухбири марҳум Исмоил отанинг ўғиллари билан суҳбатлашишга муваффақ бўлди.

1992 йил – мустақилликнинг илк йиллари, ҳали давлатчилик тўлиқ шаклланиб улгурмаган. Собиқ иттифоқ республикалари ўртасида алоқалар узилиб, республика иқтисодиёти оғир аҳволга тушган ва турли корхоналар иш фаолиятини тўхтатганди. Оқибатда савдо дўконлари бўшаган, одамлар ишсиз ва пулсиз қолиб, юқори инфляция фонида нарх-наволар кескин ошиб бораётган оғир даврлар эди.

Ана шундай кунларда ББС (Буюк Британия) мухбири шоҳимардонлик Исмоил ота Мирзаматовдан қишлоқ ҳаёти ҳақида интервю олади. Ўшанда соддагина деҳқон нарх-наво тобора ошиб кетаётганига ўз фикрини билдирар экан, қувлик билан президент (Ислом Каримов) телевизорда чиқиб “августдан кейин ҳаммаси яхши бўлиб кетиши” ҳақида ваъда бергани ва у ўша кунни интизорлик билан кутаётганини айтган.

Содда ва самимий деҳқон интервюдан сўнг 15 йил яшаб 2007 йил 2 декабрида 77 ёшида вафот этади. Бундан бир ой аввал отанинг турмуш ўртоғи Мақсуда ая ҳам 86 ёшида бандаликни бажо келтирди. Марҳум деҳқондан 4 ўғли ва 4 қиз қолган. Kun.uz мухбири Исмоил отанинг ўғиллари билан суҳбатлашди.

Отам августни кутиб яшади...

“Отамнинг 33 йил аввалги айтган машҳур гаплари ҳали ҳам долзарб, ижтимоий тармоқларда ҳали ҳам айланяпти. Отам доим бизга ишласанг тишлайсан, деб насиҳат қиларди. Биз ўғилларини қаттиқ ишлатарди. Мана, кам бўлганимиз йўқ, ўзлари деҳқончилик орқасидан саккиз болани уйлаб жойладилар.

Ғайрат Мирзаматов, Исмоил отанинг иккинчи ўғли

Умрининг охиригача ўша августни кутиб яшади. Отам 2007 йилда 77 ёшида буйрак хасталигидан вафот этди. ББС тасвирга олган ўша машҳур интервюни кўриш ўзларига насиб этмади. Отамлар ғоятда содда, оқкўнгил ишонувчан инсон эди. Умрининг охиригача деҳқончилик билан шуғулланди. У оилада ёлғиз ўғил бўлган.