Камала Ҳаррис нима сабабдан айрим муҳим масалалар борасида ўз позициясини ўзгартирганига ойдинлик киритди
АҚШ президентлигига номзод прокурорлик лавозимида ишлаганида одам савдосида айбланган тўдаларни таъқиб қилиб, иммиграция борасидаги қарашлари ўзгарганини айтди.
АҚШнинг амалдаги вице-президенти Камала Ҳаррис CNN билан интервюсида фрекинг ва иммиграция масалалари борасидаги ўзининг айрим позицияларини нима сабабдан ўзгартирганига тушунтириш берди. Ҳаррис позициялари ўзгаргани билан уларнинг аҳамияти ўзгаришсиз қолаётганини таъкидлади.
Қайд этилишича, Ҳаррис эндиликда «Янги яшил йўналиш» — илк бор 2019 йилда тақдим этилган иқлим ўзгариши муаммоларини ҳал этиш бўйича кенг кўламли таклифларни қўллаб-қувватламайди. 2019 йил сентябрда иқлим инқирози бўйича умумий йиғинда Ҳаррисдан фрекингга (ер қатламларини гидравлик парчалаш орқали углеводородларни қазиб олиш – таҳририят) нисбатан федерал тақиқ жорий этиш-этмаслигини сўрашган эди.
«Мен фрекинг тақиқланишини қўллаб-қувватлашимга ҳеч қандай шубҳа йўқ», — деган эди ўшанда Ҳаррис. Аммо ўтган йиллар давомида АҚШ вице-президенти бу борадаги позициясидан чекинди ва ҳатто ўзининг ҳал қилувчи овозини фрекинг ижарасини кенгайтиришга берди.
«Мен фрекингни тақиқламасдан туриб иқтисодий тоза энергияни ривожлантириш мумкинлигини кўрдим», — дейди у. Ҳаррис Калифорния бош прокурори лавозимида хизмат қилганида одам савдосида айбланган тўдаларни таъқиб қилиб, иммиграция борасидаги қарашлари ўзгарганини таъкидлади.
«Менинг қадриятларим ўзгармади. Ҳақиқат шу. Вице-президент лавозимида тўрт йил ўтирган бўлсам, мамлакат бўйлаб тез-тез уюштирган сафарларим бунга мисол бўла олади», — дейди у Грузияга амалга оширган 17 та ташрифига шама қилиб.
Иқтисодиёт демократлар учун сиёсий заифлик бўлиб қолмоқда. Сўровларга кўра, сайловчиларининг аксарияти иқтисодий бошқарув ва инфляцияни тутиб туришда кўпроқ Трампга ишонч билдирмоқда.
«Бизнинг иқтисодиётимиз қайта тикланиши керак эди ва биз буни уддаладик. Ҳали қиладиган ишларимиз кўп, аммо шунинг ўзи ҳам катта натижа», — дея таъкидлайди Ҳаррис рецепт бўйича бериладиган харажатлар қисқаргани ва оилалар учун солиқлар камайганини кўрсатиб.
АҚШ вице-президенти, шунингдек, Яқин Шарқ масаласига Байден билан қандай ёндашишларига ойдинлик киритмади. «Биз сулҳ тузишимиз керак. Бу уруш тугаши ва биз асирларни озод этишга имкон берадиган сулҳни тузишимиз лозим», — дейди у.
Мавзуга оид
19:31 / 06.12.2024
Руминия Конституциявий суди президентлик сайловларининг биринчи тури натижаларини бекор қилди
17:23 / 26.11.2024
Гуржистон парламенти президентлик сайлови санасини белгилади
21:49 / 08.11.2024
Ишчилар синфи исёни ёки муваффақиятсиз кампания? Ҳаррис сайловда нега ютқазди?
12:46 / 08.11.2024