Жаҳон | 23:20 / 25.10.2025
5692
2 дақиқада ўқилади

Камала Ҳаррис яна АҚШ президентлигига номзодини қўйиши мумкинлигини айтди

«Мен бутун фаолиятимни жамиятга хизмат қилиш билан ўтказдим ва бу менинг қонимда бор», деб тушунтирди у.

Фото: BBC

АҚШ собиқ вице-президенти Камала Ҳаррис яна президентликка номзодини қўйиши мумкинлигини айтди. Бу ҳақда у BBC нашрига берган интервьюсида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, сиёсий фаолияти «тугамаган».

«Мен бутун фаолиятимни жамиятга хизмат қилиш билан ўтказдим ва бу менинг қонимда бор», деб тушунтирди Ҳаррис.

Ундан бир кун келиб Оқ уйни бошқарадиган биринчи аёл бўла оладими, деб сўралганида, сиёсатчи шундай жавоб берди: - Эҳтимол, ҳа.

Бироқ Ҳаррис президентликка қайта номзодини қўйиш ёки қўймаслик ҳақида ҳали бир қарорга келмаганини таъкидлади.

Маълумки, АҚШда навбатдаги президентлик сайлови 2028 йилда бўлиб ўтади.

«Хизмат қилишнинг кўплаб усуллари бор, аммо келажакда нима билан шуғулланишимни ҳамон ҳал қилмаганман», деди у.

Шунингдек, Ҳаррис президентлик пойгасида аутсайдер бўлиши ва Демократик партиядан номзод бўлиш имконияти камлиги ҳақидаги тахминларни рад этди.

«Агар мен сўровларга қулоқ солганимда, биринчи лавозимга ҳам, иккинчи лавозимга ҳам номзодимни қўймаган бўлардим ва албатта, бу ерда ўтирмаган бўлардим», деб таъкидлади АҚШ собиқ вице-президенти.

У амалдаги президенти Доналд Трамп фаолиятини танқид қилди. У федерал хавфсизлик идораларини ўз қуролига айлантирганини таъкидлади, президент талабларига осонгина бўйсунган бизнес ва турли ташкилотлар раҳбарларини танқид қилди.

«Кўпчилик... бошиданоқ таслим бўлди ва золим олдида тиз чўкмоқда. Ўйлашимча, кўп сабабларга кўра, жумладан, улар ҳокимият билан ёнма-ён бўлишни, эҳтимол, маъқулланишни ёки терговдан қочишни хоҳлайди», деди у.

Камала Ҳаррис сўнгги президентлик сайловида 48,43 фоиз овоз тўплади ва Доналд Трампга ютқазган эди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид