Жаҳон | 15:57 / 02.09.2024
1820
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Ғазо секторида ўт очишни тўхтатишга эришишда қатъий эканини билдирди

АҚШ ва Исроил мудофаа вазирликлари раҳбарлари эксклавдаги асирлар бўйича вазиятни муҳокама қилди.

Фото: APA

Қўшма Штатлар Ғазо секторидаги маҳбусларни озод қилиш имконини берадиган оташкесимга эришиш тарафдори.

Бу ҳақда АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин исроиллик ҳамкасби Йоав Галант билан телефон суҳбатида маълум қилди.

Остин Х ижтимоий тармоғида Галант билан Ғазо жанубидаги Рафаҳ шаҳрида ўлик ҳолда топилган 23 ёшли АҚШ фуқароси Херш Голдберг-Полин ва яна беш асир билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилганини ёзган. 

АҚШ мудофаа вазирлиги раҳбари ҳалок бўлган асирларнинг оила аъзоларига самимий ҳамдардлик билдирди. 

Остиннинг таъкидлашича, у ва Галлант барча асирлар озод этилишини таъминлаш, имкон қадар тезроқ ўт очишни тўхтатишда қатъий эканини яна бир бор тасдиқлади.

Аввалроқ Исроил армияси Рафаҳ шаҳридаги туннеллардан бирида олти нафар исроиллик асирнинг жасади топилгани ҳақида хабар берган эди.

Ғазо секторида ушлаб турилган исроиллик асирларнинг оилалари томонидан яратилган платформада улар ўлимида бош вазир Бинямин Нетаняҳу айбланган. Уларнинг сўзларга кўра, бош вазир «Ғазо-Миср чегарасидаги Филаделфия йўлагини босиб олишни давом эттиришни талаб қилган ва шу тариқа асирларни алмаштириш келишувига путур етказган».

Мавзуга оид