Жаҳон | 15:20 / 02.09.2024
4681
2 дақиқада ўқилади

Эронда твити оятуллоҳнинг постидан кўпроқ лайк олган блогер 12 йилга қамалди

Унга бир нечта моддалар бўйича айблов қўйилди, улар орасида Исроил фойдасига жосуслик қилиш ҳам бор.

Фото: iranintl.com

Эрон суди 31 август куни блогер Ҳусайн Шанбеҳзодани 12 йилга озодликдан маҳрум қилди, деб хабар бермоқда Iran International блогернинг адвокати Амир Раисянга таяниб.

Шанбеҳзода Эрон режимининг танқидчиси сифатида танилган. Блогер июн ойида, Х ижтимоий тармоғида битта нуқтадан иборат твити Эрон олий раҳнамоси оятуллоҳ Али Xоминаийдан кўра кўпроқ лайк тўплаганидан кейин ҳибсга олинганди.

Адвокатнинг айтишича, Шанбеҳзодага бир вақтнинг ўзида бир нечта моддалар бўйича айблов эълон қилинган. У “Исроилпараст пропоганда” учун 5 йил, “исломий қадамжоларни ҳақорат қилганлик” учун яна 4 йил, “ижтимоий тармоқларда ёлғон тарқатганлик” учун 2 йил, шунингдек, “давлатга қарши пропоганда” учун бир йил қамоқ жазосини олди.

Адвокатнинг айтишича, суд ҳокимияти судланувчининг “Исроилпараст пропаганда” олиб боргани ҳақида ҳеч қандай далил тақдим этмаган. Юристнинг сўзларига кўра, айблов унинг “шахсий ёзишмалари” асосида илгари сурилган.

Бошқа айбловларга келсак, дея таъкидлади Раисян, суд блогернинг сиёсий маҳбусларни қўллаб-қувватлагани, ҳижобни бекор қилиш тарафдори бўлгани, “Ўлим жазосига йўқ” ҳэштегини ишлатгани, Эрондаги сайловларни танқид қилиб, Эрон собиқ президенти Иброҳим Раисийнинг вафотидан мамнун бўлганини асос қилиб кўрсатган.

Кейинроқ Iran International блогер Исроил фойдасига жосуслик қилишда ҳам айбланганини маълум қилди. Суд ҳужжатларида Шанбеҳзода “Моссаднинг қочоқ агенти” деб аталади.

Адвокат ҳукм устидан шикоят қилмоқчи. Аммо судланувчи 12 йилдан 5 йилини қамоқда ўтказиши керак, шундан кейингина у муддатидан илгари шартли озод қилиш тўғрисида ариза бериши мумкин.

Мавзуга оид