Пойтахт жамоат транспорти янги ўқув йилига дош бероладими?
Дарслар бошланишига ҳам унча кўп вақт қолмади. 4 сентябрдан мактабларга, 9-санадан эса ОТМга ўқувчи-талабалар ёпирила бошлайди. Табиийки, жамоат транспортига юклама ошади. Хўш, Тошкент шаҳар жамоат транспорти бунга қанчалик тайёр?
Автобуслар тирбандликда туришда давом этади
Мавзуни энг муҳим масалаларнинг биридан бошласак. Кўриб турганингиз – дунёдаги энг тирбанд шаҳарлардан бири бўлмиш Индонезия пойтахти Жакарта. Тирбандлик катталигига қарамай, автобуслар алоҳида йўлакда бемалол ҳаракатланяпти. Бу – катта шаҳарлар учун энг элементар талаблардан бири аслида. Лекин Тошкентда бундай йўлакларни ташкил этиш, ташкил этилганларини эса самарали ишлатиш ишлари анча секин кетяпти.
Шаҳарда жамоат транспорти учун мўлжалланган, “А” ҳарфи туширилган махсус йўлаклар ҳозирча 7 та кўчада, жами 48 километрлик масофада ташкил этилган. “Тошшаҳартрансхизмат” компаниясининг бизга маълум қилишича, келгусида яна қўшимча 180 км узунликдаги шундай йўлакларни ташкил қилиш режалаштирилган. Энг асосий масала – йўлаклардан автомобиллар юрмаслиги масаласига эса эътибор етарлича эмас. Бу борада “қўл режимида” иш олиб бориляпти, яъни вақти-вақти билан рейдлар уюштирилмоқда.
Ваҳоланки, бир неча йилдан бери масъуллар тизимли назоратни йўлга қўйиш учун йўл четларига ва автобусларга камералар ўрнатилиши ҳақида айтиб келади. Бу камералар орқали жамоат транспорти учун ажратилган йўлакда қолдириб кетилган ёки бу йўлакда қоидага зид равишда ҳаракатланган автомобилларга чора кўрилиши керак эди. Камераларнинг бир қисми ўрнатиб қўйилган бўлса ҳам, улар ишлатилмаяпти. Тирбандликка қарши чоралардан бири деб кўрилаётган паркоматлар масаласи ҳам бир неча йилдан бери фақат қоғозда қолиб кетяпти.
“Тошшаҳартрансхизмат”: Тайёргарлик кўрилган, лекин ҳаракатдаги автобуслар сони кўпайтирилмайди
Энди бевосита автобуслар ва метрополитен фаолиятини бошқарувчи компанияларнинг янги ўқув йили бошланишига тайёргарлигига келсак. 25 август куни “Тошшаҳартранспорт” эълон қилган видеода айтилишича, ўқув йили бошланишига тайёргарлик доирасида автобусларни техник хизмат ҳолатга келтириш ва санитар ҳолатини яхшилаш чоралари кўрилган. Автоматлаштирилган диспетчерлик бошқарувининг барча функциялари ишлай бошлаган, натижада йўналишлар бўйича интизом мониторинги ва ҳайдовчилар фаолиятини назорат қилиш янги даражага кўтарилган. Ресурсларни бошқаришнинг электрон тизимини тўлиқ жорий этиш ҳисобига, ходимлар ҳисобини юритиш, ёқилғи-мойлаш ва эҳтиёт қисмлари харажатларини назорат қилиш самарадорлиги оширилган. Бу тизим орқали ҳайдовчилар содир этган қоидабузарликлар, ЙТҲлар, пул тушумлари ва йўловчилар оқими ҳақидаги маълумотлар таҳлил қилиб борилади.
“Тошшаҳартрансхизмат” АЖнинг Йўловчи ташишни мувофиқлаштириш бўлим бошлиғи ўринбосари Санжар Мирзараҳмедовнинг Kun.uz'га маълум қилишича, ҳозирда компания таркибида 8 та автобус саройи мавжуд бўлиб, уларнинг таркибида жами 1 845 та йўловчи ташувчи автобус бор. Шунинг 1 556 таси 163 та йўналишда одамларга хизмат қилади, 289 таси эса захирада туради. Захирадаги автобусларнинг 163 таси ишга яроқли, улар фақатгина фавқулодда вазиятлар, мисол учун, носозлик сабаб тўхтаган автобуснинг ҳаракатини давом эттириш учун чиқарилади. Қолган 126 та транспорт воситаси эса 2008-2009 йилларда ишлаб чиқарилгани ва ҳозирга келиб муддатини ўтаб бўлгани учун фойдаланилмайди.
“Тошшаҳартрансхизмат” ҳозирда кунига 1,2 млн нафар йўловчи ташийди. Янги ўқув йилидан бошлаб эса бу рақам 1,3 млнга ошиши, шунга мос равишда йўловчи транспортида босим юзага келиши кутилмоқда.
“2024 йил май ойигача бўлган ўқув мавсумида ўқув муассасаларида дарсларнинг бир вақтда бошланиши транспортга юкламани келтириб чиқарган. Бир вақтнинг ўзида йўловчи оқимининг автобусга чиқиши юкламани оширган. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан ҳамкорликда олиб борилаётган режага мувофиқ, ОТМда дарслар бошланиши ярим соат оралиғи билан турли пайтларга белгилаш режалаштирилган.
Буларни амалга ошириш йўловчи транспортида эрталабки юкламаларни камайтириш самарасини беради. Бу дегани автобусларга бир вақтнинг ўзида кўп йўловчи чиқишининг олдини олиб, вақт кесимида йўловчиларни автобусларга тақсимлаш имкониятини беради”, – деди компания вакили.
Санжар Мирзараҳмедов, йўналишларга чиқаётган автобуслар сони сентябр ойида кўпайтирилмаслиги, Хитойдан олиб келиниши режа қилинган 200 та автобус келсагина ҳаракатдаги таркиблар сони ошишини маълум қилди.
Метрополитен: Янги вагонлар келди, тиғиз вақтларда интервал қисқартирилади
Kun.uz'га берилган маълумотларга кўра, айни вақтда “Тошкент метрополитени” тасарруфида 79 та поезд йўловчиларга хизмат кўрсатиб келмоқда. Ёз мавсумида кунлик фойдаланувчилар сони 580-600 минг нафар бўлса, сентябр ойида бу кўрсаткич 900 минг, октябр-ноябрда эса 950-970 минг нафар бўлиши кутиляпти.
Ташкилот матбуот котиби Тўйчи Мирзаевнинг айтишича, ўқув йили бошланиши билан тиғиз вақтлар, яъни эрталабки 7:30 дан 9:30 гача, кечки 16:30 дан 19:30 гача поездлар қисқартирилган интервалли режимда ҳаракатлана бошлайди.
“Чилонзор йўналишимизда 1,5-2 дақиқали интервалда, Ўзбекистон йўналишида 3,5-4 дақиқали, Юнусобод йўналишида 4-5 дақиқали, Ерусти ҳалқа йўли йўналишида эса 8-9 дақиқали вақт интервалида поездлар ҳаракати йўлга қўйилиши режалаштирилган.
Энг кўп йўловчи оқими бизда Ўзбекистон ҳамда Чилонзор йўналишида кузатилади. Бу йўналишларда эрталабки ва кечки тиғиз вақтларда захира поездларини ҳам ҳаракатга чиқаришни режа қилганмиз. Тушунтириш берадиган бўлса, бундай эрталабки тиғиз вақтларда “Олмазор” метро бекатидан “ноловка” ҳаракат таркибларини чиқариб, бу каби юзага келиши мумкин тирбандликларни бартараф этишни мақсад қилганмиз.
Одатда метро поездларимиз 4 вагонли тарзда ҳаракатини амалга оширади. Бунда битта поездимиз бир вақтнинг ўзида 800-1000 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга. Ҳозирги вақтга келиб ерости метро бекатлари, яъни Ўзбекистон ва Чилонзор йўналишида 13 та ҳаракат таркиби 5 вагонли тарзда ҳаракатини амалга ошириб келмоқда. Бу бир вақтнинг ўзида яна қўшимча 200-250 нафар йўловчини ташиш имконияти туғилди дегани”, – дейди у.
Ўтган йили октябрдаги матбуот анжуманида метрополитен вакиллари мавжуд 256 та вагондан 75 фоизи хизмат муддатини ўтаб бўлганини айтганди. Тўйчи Мирзаевнинг сўзларига кўра, ҳаракат таркибини босқичма-босқич янгилаб бориш учун 2024 йил бошидан бери ваъда қилинган 14 та таркиб Россиядан олиб келинган. Янги вагонлар импортини кейинчалик давом эттириш кўзда тутилган. Бу борада келишувларга эришилиши лозим, деди у.
Метрополитенда ечимини кутаётган яна бир масала бекатларнинг айримларидаги ёпиқ вестибюллар билан боғлиқ. “Миллий боғ”, “Ғафур Ғулом”, “Ўзбекистон”, “Юнус Ражабий” ва “Машинасозлар” бекатларидаги иккинчи кириш-чиқиш жойлари бекат қурилганидан бери ёпиқ. Ўтган йили метрополитен маъмурияти бу жойлар 2024 йил май ойигача очилишини маълум қилганди, лекин бешала бекатнинг ҳали бирортасида йўллар очилгани йўқ. Ҳозиргача фақат “Миллий боғ” бекатидагина амалий ишлар бошланган. Қолаверса, эскирган эскалаторни алмаштириш мақсадида ярим йил олдин ёпилган “Халқлар дўстлиги” бекатидаги вестибюллардан бири ҳалигача очилгани йўқ.
Метрополитен матбуот котиби Тўйчи Мирзаев бунга изоҳ бераркан, бекатнинг эскалатор қурилиши бироз чўзилишини, қачон ишга тушиши ҳали номаълум эканини билдирди.
Тўйчи Мирзаев баъзи янги ҳаракат тракибларида совитиш тизими ўчириб қўйилишига ҳам изоҳ берди. Унинг айтишича, ёши каттароқ йўловчиларнинг сўрови билан ҳақиқатан ҳам шундай ҳолатлар бўлиб туради. “Бундай вазиятларда йўловчилардан машинистга алоқага чиқиш тугмаси орқали кондиционерни ёқишни сўрашлари тавсия этилади”, – дейди у.
Метрополитен вакили йўловчиларга мурожаат қилиб, эшикларга суянмасликни ва шахсий буюмларни унутиб қолдирмасликни илтимос қилди. Бу поездлар ҳаракатида интерваллар бузилишини келтириб чиқариб, тирбандликни янада оширади.
Дилшода Шомирзаева тайёрлади.
Мавзуга оид
16:12
Тошкент шаҳри ҳокимлиги кўчмас мулк сотиб олишда эҳтиёт бўлишга чақирди
23:20 / 18.01.2025
Тошкент метросида 19 ёшли йигит ўзини поезд тагига ташлади
17:44 / 17.01.2025
Тошкентда 4 нафар эгизак чақалоқ туғилди
16:20 / 16.01.2025