Ўзбекистон | 20:32 / 06.09.2024
15123
9 дақиқада ўқилади

Ўқитувчиларнинг 1 фоизи 10 млн сўмдан кўп маош олмоқда. Қандай қилиб?

ММТВ раҳбарлари 10 млн сўм ёки 1000 доллар (икки хил маълумот айтилди) маош олаётган ўқитувчилар сони 6 минг нафар атрофида эканини айтди. Kun.uz бунга қандай эришиш мумкинлигини ўрганди. Маълум бўлишича, ўқитувчи минг доллар маош учун олий тоифа ва сертификат олиши, максимал кўп дарс соатларини қўлга киритиши, ўқувчилари юқори балл билан ОТМга кириши каби кўплаб вазифаларни уддалаши керак.

Фото: ЎзА

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ваъда қилинган минг долларлик ойлик ўқитувчиларнинг аксарияти учун ҳалигача орзу бўлиб қолаётганига изоҳ берди. Янги ўқув йили бошланишидан олдин матбуот анжумани ўтказган вазир Ҳилола Умарова журналистларнинг бу ҳақдаги саволига жавобан ойликлар оширилиши кутилган даражада бўлмаётганининг сабабларига тўхталмади, фақат қилинган ва қилинаётган ишлар ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, президент топшириғи асосида тоифаси юқори ўқитувчиларнинг маошини ошириш масаласи кўриб чиқиляпти. Ҳозирги пайтда ҳар хил устамалар йўлга қўйилгани ва Вазир жамғармаси ташкил этилгани ҳисобига мактабларда минг доллар ва ундан юқори миқдорда маош олаётган ўқитувчилар сони 6 мингдан ошган, деди Ҳилола Умарова.

Муаммо шундаки, 6 минг нафар ўқитувчи – тизимдаги жами ўқитувчиларнинг атиги 1,1 фоизини ташкил этади. Лекин ҳатто шу рақамни ҳам текшириш керакка ўхшайди. Чунки вазир ўз нутқида “минг доллар ва ундан юқори маош олаётганлар сони 6 мингдан зиёд” деган бўлса, унинг молия масалалари бўйича ўринбосари Темур Комилов “6 мингга яқин ўқитувчи 10 млн сўмдан кўпроқ маош олаётганини” айтди. 10 млн сўм ва минг доллар ўртасида яхшигина фарқ пайдо бўлганига эса анча бўлган.

Комиловнинг сўзларига кўра, ҳозир мактаблардаги ўқитувчиларнинг қарийб ярми – 250 мингга яқини 3 млн сўмдан 6 млн сўмгача маош оляпти. Ойликларни 1 млн сўмга ошириш учун йилига 7 трлн сўмдан кўп пул керак. “Ҳамма бирдек минг доллар ойлик олади деган нарса – утопия”, деди вазир ўринбосари.

1000 доллар маош олиш учун нима қилиш керак?

Kun.uz вазир айтган ҳар хил устамаларни олиб, маоши 1000 долларга яқинлашган ўқитувчилар билан суҳбатлашди. Чилонзор туманидаги 200-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг она тили ва адабиёт ўқитувчиси Севара Ялгашова жорий йилда “вазир устамаси”ни қўлган киритган.

Олий тоифали ўқитувчилар максимал 1,5 ставка дарс ўтиши мумкин, бу 30 соат дегани. Агар ўқитувчи 30 соат дарс ўтса, ойлик 6 млн сўмга яқинлашиб қолади. Бундан ташқари, менга “вазир устамаси” тўланади бу – 5,5 млн сўм. Шунингдек, ўзимнинг фаним – она тили ва адабиётдан миллий тил сертификатим бор, тил сертификати учун ойликнинг 20 фоизи миқдорида устама тўланади.

Ўқитувчининг фаолияти баҳоланиб, 10 фоиз мактабдан ҳам устама берилади. Бу ҳам қўшиляпти. Май ойидан бошлаб “вазир устамаси”ни оляпман, маошим шу билан 11 млн сўмдан ошяпти”, – дейди у Kun.uz билан суҳбатда.

Севара Ялгашованинг маоши ва олаётган устамаларини ҳисоблаб кўрамиз.

  • У олий тоифали ўқитувчи бўлгани учун 1,5 ставка дарс олган. Демак, базавий тариф ставкаси бўйича ойлик – ўртача 6 млн сўм.
  • Мактабнинг ўрнак кўрсатган ходимларини моддий рағбатлантириш директор жамғармасидан устама: базавий тариф ставкасига нисбатан 10 фоиз (бу 40 фоизгача бўлиши мумкин) – 600 минг сўм.
  • Она тили ва адабиётдан тил сертификати учун устама: базавий тариф ставкасига нисбатан 20 фоиз – 1,2 млн сўм.
  • Вазир устамаси: 5,5 млн сўм.

Юқоридагиларни қўшганда, йиғинди 13 млн 300 минг сўмни ташкил этади.

Марказий банкнинг 6 сентябр кунги расмий курси бўйича 1 АҚШ доллари 12707,95 сўмга тенг. Шунга кўра, 13,3 млн сўм = 1047 доллар.

Ўқитувчи 12 фоиз даромад солиғи ва 1 фоиз касаба уюшмаси учун бадал тўлайди. Шундан келиб чиқиб, юқоридаги ҳолатда педагогнинг қўлига тегадиган маблағ тахминан 11,7 млн сўм ёки 920 доллар атрофида бўлади.

Вазир устамаси бўлмаса, бошқа устамаларга ҳаракат қилиш керак”

Наргиза Адилова – Шайхонтоҳур туманидаги 299-мактаби инглиз тили ўқитувчиси. У “вазир устамаси”ни 2022 йилда олган. Ўша пайтларда маоши 15 млн сўмга ҳам етганини айтади. Лекин ҳозир у бу устамани олмайди.

Хорижий тил ўқитувчиси бўлганим сабаб тил сертификатим учун 50 фоиз устама тўланади. Кейин директор фондидан ҳам устама олганман. Шулар қўшилиб, анча бўлиб қолади. Ҳозир директор устамаси, метод бирлашмаси устамаси – 15 фоиз. Бундан ташқари, синф раҳбарлигим билан маошим 10 млн сўмдан ошади.

Директор устамаси йил давомида қилган ишларингиз учун берилади: ўқувчиларингиз фан олимпиадаларида қатнашса, тадбирларда иштирок этсангиз, ойлигингизга 15 фоиз қўшилади. Метод бирлашмасининг устамасини олиш учун эса туманда, шаҳарда дарс ўтиб берган бўлишингиз керак – бунинг энг кўпи 10 фоиз, директор устамасини 40 фоизгача оладиганлар бор.

Тил сертификати C1 ёки IELTS 7'дан юқори бўлса, маошга 50 фоиз қўшилади. Бу фақат хорижий тил ўқитувчилари учун. Лекин бошқа фан ўқитувчиси бўлса, C1 ёки IELTS'дан 7 балли бўлса ҳам, 50 фоиз қўшилмайди, 20 фоиз қўшилади”, – дейди у.

Устамалар маошга боғлангани учун, ўқитувчи қанча кўп дарс соатини қўлга киритса, унга тўланадиган устамалар миқдори ҳам маошига қараб юқори бўлади. Наргиза Адилованинг тушунтиришича, дарс соати тақсимланаётганда халқаро олимпиадаларда ўрин эгаллаган, ёки халқаро сертификатга эга бўлган, олий тоифаси бўлганига қараб ўқитувчиларга кўпроқ дарс соати берилади.

Дуч келган одамга 1,5 ставка дарс берилмайди. Биринчи тоифадан кўра олий тоифали ўқитувчилар, тил сертификати C1 бўлганлар B2 сертификати бор ўқитувчилардан кўра кўпроқ соат дарс олади”, – дейди у.

Наргиза Адилова олий тоидали ўқитувчи бўлгани, тил сертификати борлиги, директор устамаси, метод бирлашма раҳбарлиги учун устама, синф раҳбарлиги учун тўланадиган устамани олгани билан маоши (солиқлардан кейин) 10 млн сўмга етишини айтяпти.

Вазир устамаси” жуда оз сонли педагогларга берилади

Демак, қанча кўп устама бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, ўқитувчи маоши 1000 долларга етиши учун “вазир устамаси” катта рол ўйнайди. Лекин муаммо шундаки, бу устама ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Рақобат жуда катта бўлади, квота эса чекланган.

Биринчи босқичда ўқитувчилар ютуқларига қараб туманда сараланади. Ўзининг критерийлари бор. Олий таълим муассасаларига юқори балл билан ўқувчилари кирган бўлса, ёки республика олимпиадаларига ўқувчи чиқарган бўлса, республикада методик қўлланмалари оммалашган бўлса, бундан ташқари, ўз ҳудудида илғор ўқитувчи деб топилган бўлса, “вазир устамаси”ни қўлга киритиши мумкин. Масалан, мен абитуриентлар билан ишлаганман, 80-90 фоиз абитуриентларим юқори балл билан ўқишга кирган. Шуларнинг ҳужжатларини тақдим қилиб, саралашдан ўтганман. Кейинги босқичда тест бўлади, ундан 100 баллдан 80 ёки ундан юқори балл тўплаганлар суҳбат босқичига ўтади. Мен 87 балл билан ўтганман. Кейин 20 балли суҳбат босқичи бўлади, шундан ўтса, устамани олиши мумкин. Бизга квота чегараланган деб айтишганди, лекин кўпчилик тест босқичидан йиқилиб кетганди”, – дейди Севара Ялгашова.

Наргиза Адилова эса бу устама учун рақобат жуда катталигини айтади.

Вазир устамаси”ни олиш учун бу йил Шайхонтоҳур туманига инглиз тили ўқитувчилари учун битта жой берилди. Битта жойга учтагина номзод берилади, бу дегани 400 ўқитувчидан атиги 3 таси номзод сифатида тақдим этилади. Илгари топширганимда ҳам битта ўрин берилганди. “Вазир устамаси”ни олиш қийин, рақобат катта бўлади. Каттароқ туманларга 2-3 тадан квота берилди. Бу йил квота қисқариб кетди, чунки ихтисослаштирилган мактаблар учун ҳам жой ажратилди. Илгари фақат умумий ўрта таълим мактаблари ўқитувчилари танловда иштирок этиши мумкин эди”, – дейди у.

“Вазир устамаси” 2022 йилдаги ҳукумат қарори билан жорий қилинган. Бунинг учун Халқ таълими вазири жамғармаси ташкил этилган ва 2022 йилда унга 300 млрд сўм маблағ ажратилган.

Хўш, ўзи маоши 1000 долларга етадиган ўқитувчиларнинг аниқ сони қанча? Вазир Ҳилола Умарова айтганидек, 6 мингдан зиёдми ёки унинг молия масалалари бўйича ўринбосари Темур Комилов таъкидлагандек 6 мингга яқинми? Ва бу сони 6 минг нафар атрофида экани айтилаётган ўқитувчиларнинг қанчаси 10 млн сўм, яна қанчаси 12,7 млн сўм (минг доллар) атрофида маош олмоқда?

Kun.uz бу саволни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизматига йўллади, лекин саволга жавоб берилмади.

Мадина Очилова,
Kun.uz

Мавзуга оид