Ўзбекистон | 08:30 / 06.09.2024
20930
2 дақиқада ўқилади

Суперконтракт бўйича қўшимча тартиблар белгиланди

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги суперконтракт бўйича қўшимча тартиблар белгиланганини маълум қилди.

Фото: Kun.uz

Давлат комиссияси баёнига кўра, кириш имтиҳонлари натижаси бўйича танловда иштирок этиб, иккинчи-бешинчи бакалавриат таълим йўналишларидан бири бўйича давлат гранти ёки тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилган абитуриентларга ўз хоҳишларига кўра, устуворлиги бўйича танлаган биринчи бакалавриат таълим йўналишида табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга рухсат берилди.

Ушбу ҳолатда абитуриент тўплаган балли биринчи таълим йўналишида тўлов-контракт асосидаги ўтиш баллидан паст бўлиши лозим.

Бунда контракт суммасини ҳисоблаш Давлат комиссияси томонидан тасдиқланган табақалаштирилган тўлов-контракт қийматининг минимал миқдорлари асосида амалга оширилади.

Шунингдек, танлаган барча йўналишларга ўқишга тавсия этилмаган абитуриентлар рўйхатдан ўтишда танлаган йўналишларидан бирида табақалаштирилган контракт асосида ўқишига рухсат берилади.

Бунда, олий таълим муассасалари томонидан талабаликка қабул қилиш танлов бўйича биринчи бакалавриат таълим йўналишида эълон қилинган тест синовлари натижаларига кўра, абитуриентларинг тўплаган балини асос сифатида қабул қилиб, мурожаат этган абитуриентларнинг аризаларига мувофиқ, тўплаган баллари қатъий кетма-кетлигига риоя этган ҳолда амалга оширилади.

Суперконтрактнинг бир йиллик ўқитиш қийматидан камида 50 фоизи миқдоридаги тўловларни амалга оширган абитуриентлар талабалар сафига қабул қилинади. Суперконтрактни 2024 йил 15 октябрга қадар тўлиқ (100 фоиз) тўлаган абитуриентларга, истисно тариқасида 10 фоиз чегирма тақдим этилади.

Мавзуга оид