АҚШда фермер қимматбаҳо метеоритни 30 йил эшик тиргаги сифатида ишлатиб келгани маълум бўлди
Тош 100 минг долларга баҳоланмоқда. Шу вақтгача фермер унинг қийматини билмаган.
АҚШнинг Мичиган штатида фермер 100 минг долларлик метеоритни 30 йил давомида эшик тиргаги сифатида ишлатиб келганини билиб қолди. Космик жисм Ерга 1930 йилларда қулаган, деб хабар бермоқда LADBible нашри Марказий Мичиган университети сайтига таяниб.
Фермер Девид Мазурекнинг айтишича, тош унинг қўлига 1988 йилда ер участкасини сотиб олганда ўтган. Ферманинг аввалги эгаси 1930 йилларда метеоритнинг қулашига гувоҳ бўлганини маълум қилган. У тошни сақлаб қолган ва участкага қўшиб янги эгасига берган.
Шу пайтгача метеорит эшик тиргаги сифатида ишлатиб келинган. Яқинда Мазурек тошни баҳолаш учун Марказий Мичиган университетига олиб борди. Геология кафедраси ўқитувчиси Монализа Сирбеску метеоритнинг 88 фоизи темир ва 12 фоизи никелдан ташкил топганини ҳамда унинг қиймати тахминан 100 минг доллар эканини аниқлади.
“Бу ҳам молиявий, ҳам илмий жиҳатдан энг қимматбаҳо намуна. У Қуёш тизимининг бир бўлаги”, — деди Сирбеску.
Тошнинг вазни 10 килограммдан бироз ортиқ. У Мичиганда топилган метеоритлар орасида катталиги бўйича олтинчи ўринга чиқди. Энди Мазурек бу тошни сотиб, ундан тушган маблағнинг бир қисмини университетга хайрия қилишни режалаштирмоқда.
Мавзуга оид
08:50
Ўзбекистонда 2023 йилда 100 тонна олтин қазиб олинди
16:50 / 10.10.2024
АҚШда ўсмир “Тетрис” ўйинида янги рекорд ўрнатди. У 255-даражагача етиб борди, шундан сўнг ўйин янгидан бошланди
11:28 / 10.10.2024
Флоридага “Милтон” тўфони етиб келди – сўнгги тафсилотлар
20:43 / 09.10.2024