Трамп ва Ҳарриснинг илк дебати. Унда сайлов тақдири ҳал бўлиши мумкин
Ким фаворит? Ва қандай кутилмалар бор?
Тошкент вақти билан 11 сентябр куни соат олтида ABC телеканалида Камала Ҳаррис ва Доналд Трамп ўртасида илк, катта эҳтимол билан бу сайловдаги ягона дебат бошланади. Айнан шу тўқнашув пойга тақдирини ҳал этиши мумкин: ҳозирда, агар ижтимоий сўровларга қаралса, номзодлардан ҳеч бири яққол фаворит ҳисобланмаяпти. «Медуза» дебатлар қандай ташкиллаштирилгани — ва Трамп ва Ҳаррисдан нималар кутиш мумкинлиги ҳақида ёзди.
Ҳаррис кампаниянинг илк ойини идеал ўтказди. Ва дарҳол деярли пойга фаворитига айланиб олди
Июн ойида Жо Байден ва Доналд Трамп ўртасида ўтказилган дебатлар рекорд даражада эрта ўтказилган дебат бўлганди — сўнгги ўн йиллар мобайнида номзодларнинг юзма-юз баҳси фақат сентябр ойи ўрталарига келиб ўтказилган — ва мисли кўрилмаган даражада муҳим бўлган. Бир ярим соат давомида амалда бирор фикрини тўлиқ баён эта олмаган Байденнинг муваффақиятсизлигидан кейин унинг рейтинги кескин тушиб кетди. Партиядошлари амалдаги президентни номзодини қайтариб олишга кўндириш билан бандлигида, Трамп пойганинг яққол фаворити бўлиб кўрина бошлади — айниқса, суиқасдни бошдан кечирганидан кейин.
Аммо июл ойи охирига келиб демократлар барибир Байденни пойгадан чиқишга кўндира олишди — у эса номзодини қайтариб олишини эълон қиларкан, вице-президент Камала Ҳаррис номзодини қўллашини айтди. Ҳаррис 2019 йилги праймериз вақтида Байденга рақиблик қилган, аммо президентлик кампаниясини яхши олиб бора олмаганди — аммо бу сафар бутунлай бошқача ҳаракатланди. Илк ҳафталар унинг учун деярли идеал кечди.
Демократларнинг тарафдорлари дастлабки кунда унинг штаби учун 81 миллион доллар хайрия қилди — бу тарихда икки асосий партиядан исталган бирининг номзоди учун 24 соат ичида йиғилган энг кўп маблағ бўлди. Ўн кун ичида сумма 310 миллион долларга етди, август ойи охирига келиб Ҳарриснинг штаби йиққан маблағ миқдори 615 миллион долларни ташкил этаётганди. Янада муҳимроғи, бу донорларнинг аксари умрида илк бор бирор сиёсатчига хайрия қилиши эди.
Демократларнинг тарафдорларидаги иштиёқ ижтимоий сўровларда ҳам акс этди: агар июл ойи бошида демократларнинг фақат 37 фоизи ўз номзодига «иштиёқманд» эканини билдирган бўлса, ой охирига келиб бундайлар — 81 фоизга етди. Бундан ташқари, ҳал қилувчи штатларнинг барчасида рўйхатга олинган сайловчилар орасидаги демократлар улуши кескин кўтарилди.
Ҳарриснинг ўзи митингларига жуда кўп одам йиға олди — масалан, унинг Аризонадаги чиқишини кузатиш учун 15 минг киши келди. Демократлар бу штатда 2008 йил Барак Обаманинг кампаниясидан буён бу қадар кўп одам йиға олмаганди.
Чикагодаги қуролтой муваффақиятли кечди: тўрт кунда ҳам телевизион рейтинг республикачиларнинг қурултойидагидан юқори бўлди. Қолаверса, штатлар делегатлари расман унинг номзодини тасдиқлаш учун овоз бераётганида, Ҳаррис «иккиланувчи» штатлардан бири Висконсиннинг энг йирик шаҳри Милуокидаги катта аренада митинг ўтказди — митинг июл ойида республикачилар қурултойи ўтказилган зални ҳам қамраб олди.
Бир кун ўтиб, 22 август куни, Камаланинг ўзи қурултойда чиқиш қилди. У ўз дастурий нутқида «тенг имкониятлар иқтисодиёти»ни яратишга чақирди, Украинани қўллашда давом этишни ва «Америка ҳамиша дунёдаги энг кучли, энг ажалвор армияга эга бўлишини таъминлаш»га ваъда берди.
Буларнинг бари Ҳаррисни сайлов фаворитига айлантирди — август ойи бошида математик моделлар унинг ғалабаси эҳтимолини Трампнинг имкониятларига қараганда юқорироқ баҳолай бошлади. Шундан кейинги даврда Ҳаррисни Дик Чейни ҳам қўллаб-қувватлаб чиқди — у 2001-2009 йилларда республикачи кичик Жорж Бушнинг вице-президенти бўлганди! Аммо унинг ижтимоий сўровлардаги натижалари пасайди. Катта эҳтимол билан, бунинг асосий сабаби, илк ҳафталардаги муваффақиятлардан кейин унинг тарафдорларидаги табиий пасайиш эди — аммо республикачилар ташлаган қадамлар ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмаган.
Трамп суиқасддан кейинги янги қиёфа ўйлаб топа олмади — ва Ҳаррисдан ортда қолди. Аммо уни қувиб етиш йўлини топди
Трампга суиқасд 13 июл куни, Республикачилар партияси қурултойи бошланишига икки кун қолганида содир этилганди. Унинг тарафдорлари қотилликка уринишдан кейин миллиардер ўзгариши мумкинлигига ишора қилишди: камроқ радикал бўлиши, «ўз трампизмини мўътадиллаштириши» ва мамлакатнинг бутун эътиборидан ўзига янги тарафдорлар жалб этишда фойдаланишини. Айтишларича, Трампнинг штаби қурултойда чиқиш қиладиган республикачилардан ўз нутқларидан демократларга қарши қаратилган энг қаттиқ сўзларни олиб ташлашни ҳам талаб қилган.
Шунга қарамай, Трамп ўзгара олмади (ёки буни истамади): у қурултойдаги нутқини ўзига қилинган суиқасдни ҳиссиётга берилган ҳолда, таъсирли сўзларда таърифлаш билан бошлади, аммо кейин сценарийдан четга чиқиб, бир соатдан ортиқ вақт давомида эски гиналарни эслаб ўтди — гўёки олдинги сайловда ғолибликни ўғирлашгани, ўзига қарши очилган жиноий ишлар ва ноўрин танқидлар. Табиийки трансляция рейтинги пастга қулади.
Аммо Трамп ўзига вице-президент сифатида Жей Ди Вэнсни танлагани асосий зарба бўлди. Оҳайолик ёш сенатор кўп масалаларда радикал позиция танлаган: у абортни тақиқлаш тарафдори, Трампнинг 2020 йилги сайлов натижалари сохталаштирилгани ҳақидаги сўзларини қўллаб-қувватлайди ҳамда фарзанд кўрмаган аёлларни танқид қилади.
Қолаверса, Вэнс сайловолди сафарлари чоғида ўзига ишончи юқори кўринмади — масалан, Жоржияда ширинлик сотиб олаётганида ноқулай ҳолатга тушди. Сотувчи уни танимади ва у ўзини таништирганидан кейин ҳам бунга лоқайд қаради ва у билан суҳбатни давом эттиришни истамади. Интервюларидан бирида сиёсатчи Трамп унга вице-президентлик лавозимини таклиф этиш учун қўнғироқ қилганида, ўғли диққатини жамлашга халал бергани ва шундан кейин боладан «орқасини қисиши»ни сўраганини айтиб берди; бошқа интервюсида — ноқонуний мигрантларни депорт қилиш бўйича чақириғини Мартин Скорсезенинг «Ню Йорк тўдалари» филми сюжети билан «асослади» (филмда эса этник жиноий гуруҳлар тасвирланган).
Трамп Ҳарриснинг рейтинги ўсишини оғир қабул қилди. Масалан, собиқ президент Камала фақат овоз олиш учун ўзини афроамерикалик қилиб кўрсатаётгани ҳақида гапирди. Республикачилар номзоди митингларда маслаҳатчилари ундан рақиби шахсиятига ҳужум қилишни эмас, дастур ҳақида гапиришни сўраётганини муҳокама қилди — ва тарафдорларини навбатдаги ҳужумларини олқишлашга чақирди.
Аммо ҳаммасидан ҳам Ҳарриснинг митинглари уники каби катта бўлаётгани уни ранжитарди; Трамп чинакамига кўп тарафдорларни фақат у йиға олишини (гўёки бундан олдин фақат Мартин Лютер Кинг шу каби кўп одам йиға олган) — демократларнинг митингларидан панорамалар эса сунъий интеллект томонидан чизилганини айтади.
Бу фонда Ҳаррис фақат уч фоиз олдинда эди — аммо кейинги ҳафталарда номзодларнинг кўрсаткичи деярли тенглашиб қолди.
Трампга биринчи навбатда кичик Роберт Кеннеди пойгадан чиқиши ёрдам берди. Антиваксер ва конспиролог бўлган ушбу сиёсатчи сайловда «учинчи номзод» сифатида қатнашаётганди ва ўтган йил баҳорида машҳурлашиб, айрим сўровларда 15 фоизгача овоз олганди — аммо жорий йил мартидан унинг рейтинги қулай бошлади. Трампга суиқасд содир этилган кечада у республикачилар номзодига пойгадан чиқишни таклиф этаётганди — вазирлар кабинетидаги лавозим эвазига. Аммо Ҳаррис ўз номзодини қўйганидан кейин кичик Кеннеди демократларнинг овозини олишни тўхтатди — 23 август куни у барибир пойгани тарк этди ва тарафдорларини Трампни қўллашга чақирди.
Бундан ташқари, ёз охирида Трамп кутилмаганда ўзининг илк муваффақиятли қарши ҳужумини уюштирди. 26 август куни у Арлингтон қабристонидаги хотирлаш маросимида иштирок этди — уни 2021 йил Кобул аэропортида рўй берган теракт вақтида ҳалок бўлган америкалик аскарларнинг оилаларидан айримлари таклиф қилганди. Трамп билан бирга фотограф ва оператор ҳам келди, аммо, сиёсатчи Номаълум аскар ёдгорлигидан қабрлар томон ҳаракатланганида қабристон ходими съёмкага халал беришга уринди. Номзоднинг ёрдамчилари эса у билан даҳанаки жанжал уюштирди.
Шунга қарамай, республикачилар номзоди бурилиш ясай олди — у демократларни ҳалок бўлган аскарлар хотирасига бепарволик ва қабристонга келмасликда айблади. Бу унга нафақат катта ватанпарвар бўлиб кўринишга, балки Америка қўшинлари Афғонистондан олиб чиқилишидаги муваффақиятсизликка Ҳаррисни жавобгар қилишга ҳам имкон берди. Шундан кейин Трамп ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида ҳалок бўлган аскарларнинг қариндошларининг ўзини қўллаб билдирган баёнотларини бирин-кетин эълон қилди.
Дебатлар пойгани ҳал қилиши деярли аниқ. Номзодлар уни қандай ўтказмоқчи?
Трамп ва Ҳаррис бунгача бирор марта юзма-юз келмаган ва ҳатто телефон орқали ҳам гаплашишмаган. Энди улар бир ярим соатни бирга ўтказишади — Филаделфиядаги студияда томошабинлар бўлмайди, фақат ABC каналининг икки бошловчиси бўлади. Номзодларнинг микрофонлари рақиби сўзлаётган вақтда ўчиқ туради. Бу қоида бўйича май ойида келишиб олинганди, ўшанда Байденнинг штаби кутилмаганда Трампни июн ва сентябр ойларида дебатлар ўтишга чорлаганди.
Байден учун қулай бўлган бу шароит Ҳаррис учун у қадар қулай эмас — ва сўнгги ҳафталарда унинг штаби микрофонлар бўйича келишувни бекор қилишга уринди. Катта эҳтимол билан, Байденнинг маслаҳатчилари у Трамп ташлайдиган луқмаларга дош бера олмайди деб ҳисоблашганди, Ҳаррис эса, аксинча, рақибини қўпол ва бесаранжом кўрсатишни истайди. Республикачилар икки вариантга ҳам розилигини билдирганди — аммо ABC аввалбошдан бўлган келишувга амал қиладиган бўлди.
Икки номзоднинг ҳам штаблари олдиндаги дебатлар кампаниядаги ҳал қилувчи нуқта бўлишига амин. Сайловчиларнинг қарийб учдан бир қисми Ҳаррис ҳақида кўпроқ билишни истайди — бу эса айнан дебатлар уларни демократлар номзодига муносабатини аниқлаб олишга мажбур қилишини англатади. Икки номзодда ҳам тайёрланишга тахминан бир ҳафта вақт бўлди — аммо улар мунозарага турлича тайёрланишди. Ҳаррис беш кун давомида Питтсбургдаги отелда маслаҳатчилар билан бирга қамалиб олди: улари студиядаги вазиятни имитация қилишди, Трамп ролини Филипп Рейнс ўйнади, ушбу мулозим 2016 йилда ҳам Ҳиллари Клинтон дебатга тайёрланган чоғда шу ишни бажарганди.
Трамп эса, аксинча, бошловчиларнинг ўткир саволларига жавоб беришни машқ қилди — Ҳаррис билан эҳтимолий мулоқотни эмас. Шуниси маълумки, маслаҳатчилар республикачи номзодни дебатда «ғазабнок, безори Трамп эмас, балки бахтиёр Трамп» бўлиб кўринишга ундамоқда. Улар ўз номзоди Ҳаррисга босим ўтказишга киришиб кетишидан — ва жуда тажовузкор ёки такаббур бўлиб кўринишидан хавотирда: ўзаро суҳбатларда Трамп мунтазам равишда Ҳаррис аҳмоқ деб атайди ва уни эслаганида сексистларча риторикадан фойдаланади.
Лекин унинг штабидагилар бу мағлубиятли тактика эканини англаб турибди: Трамп Ҳаррисни сайловчиларнинг кўнгли қолган Байденга «боғлаши» керак. Катта эҳтимол билан, республикачилар номзоди Камалани инфляция ўсиши, миграция инқирози, Украина ва Яқин Шарқдаги урушларда айблайди.
Ҳаррис эса, журналистларнинг хабарларига кўра, дебатлар вақтида ўзини ўта хотиржам тутишни режалаштирмоқда — ва Трамп ўзидан кетишига умид қилмоқда (Politico нашри демократ номзод штабидаги манбага таяниб, у дастлаб Трампнинг сўзларини бўлиб қўйиш ва «фактчекинг» қилишни режалаштиргани, аммо микрофон фақат гапираётган томонда ёниқ бўлишини билганидан кейин бу режадан воз кечгани ҳақида хабар берган).
Вице-президентнинг маслаҳатчилари Ҳиллари Клинтоннинг 2016 йилги сайловлардаги стратегияси — Трампни сексист ва ирқчи деб аташ — иш бермаслигини тушуниб турибди. Катта эҳтимол билан, Ҳаррис республикачилар номзоди демократияга хавф туғдиришини таъкидлаб келадиган Байденнинг риторикасидан ҳам фойдаланмайди. Унинг штаби ўйлаб топган янгича ёндашув — Трампни фақат ўзи ва бошқа бойлар ҳақида қайғурадиган эскича консерватор қилиб кўрсатишдан иборат.
Мавзуга оид
09:30 / 09.10.2024
Журналист Вудворд: Трамп Путин билан яширинча алоқада бўлган
19:28 / 08.10.2024
Жанг майдонига айланадиган штатлар: АҚШдаги сайловлар натижасини ким ҳал қилади?
14:38 / 08.10.2024
«Украинасиз бўлса — йўқ». Ҳаррис урушни якунлаш масаласида Путин билан бевосита музокара олиб бормаслигини айтди
13:20 / 07.10.2024