Жаҳон | 22:21 / 12.09.2024
4068
2 дақиқада ўқилади

Зеленский Қора денгизда ғалла ортилган кемага ҳужум уюштирилганини маълум қилди

Украина Ҳарбий-денгиз кучларининг маълум қилишича, ҳужумга учраган Aya кемаси Сент-Китс ва Невис байроғи остида сузади.

Фото: Telegram/Zelenskiy

Украина президенти Володимир Зеленский россиялик ҳарбийлар Қора денгизда Миср учун мўлжалланган ғалла ортилган юк кемасига ракета зарбасини берганини маълум қилди.

«Қора денгиздаги бугунги зарба Украина ҳудудий сувларидан чиққан оддий фуқаролик кемасига берилди. Дастлабки маълумотларга кўра, бахтимизга, ҳеч ким ҳалок бўлмади», — деб ёзади Зеленский Telegram’даги каналига.

«Дунёнинг муносабатини кутамиз. Ғалла ва озиқ-овқат хавфсизлиги ҳеч қачон ракеталар нишонига айланмаслиги керак», — дея қўшимча қилади Украина президенти.

Украина Ҳарбий-денгиз кучларининг маълум қилишича, ҳужумга учраган Aya кемаси Сент-Китс ва Невис байроғи остида сузади. Буюк Британиянинг Ambrey юк ташиш хавфсизлиги компанияси маълумотларига кўра, Россия ҳарбийлари томонидан учирилган ракета чап бортга шикаст етказган. Россия томони ҳозирча ҳолатга ҳеч қандай муносабат билдирмади.

Reuters манбаларининг таъкидлашича, зарба тунда Дунай дарёси этагидан узоқроқда берилган.

Юк ташиш хизмати маълумотлар базасида келтиришича, ушбу кема Афинада жойлашган VRS Maritime Service компанияси томонидан бошқарилади.

Мавзуга оид