Жаҳон | 20:09 / 14.09.2024
9064
2 дақиқада ўқилади

Британияда аёл фарзандини «икки марта туғди»

Ҳомиладорликнинг дастлабки босқичларида боланинг умуртқа поғонаси шикастланган ҳолда туғилиши эҳтимоли борлиги аниқланган, сўнгра мураккаб амалиёт ўтказилган.

Фото: Caters news

Буюк Британиянинг Кент шаҳрида яшовчи 23 ёшли Лиза Коффи фарзандини «икки марта дунёга келтирди». Бу ҳақда Daily Mail хабар берди.

Таъкидланишича, она ҳомиладорликнинг дастлабки босқичларида боланинг умуртқа поғонаси шикастланган ҳолда туғилиши эҳтимоли борлигини билиб қолган. Касалликнинг ривожланишини тўхтатиш учун аёл ҳомиладорликнинг олтинчи ойида болани «туғишга» рози бўлди - шифокорлар болани чиқариб олиб, нуқсонни тузатди ва қайтариб она қорнига жойлаб қўйди.

Шундан сўнг, чақалоқ табиий равишда 38-ҳафтада дунёга келди. Туғилгандан сўнг бола саккиз кун интенсив терапия бўлимида ётиб, бир неча марта жарроҳлик амалиётини ўтказди. Шифокорларнинг фикрича, бола катта эҳтимол билан юра олмайди, бироқ, физиотерапия муолажалари орқали аҳволи яхшиланиши мумкин.

Қайд қилинишича, бола камдан-кам учрайдиган миеломенингоцел билан хасталанган.

«Бу камдан-кам ҳолларда бўлади; 1000 ҳомиладорликдан фақат 1 таси шундай операцияни талаб қилади», деди Миллий соғлиқни сақлаш хизмати шифокори Ҳана Пател.

«Болада миеломенингоцел (умуртқа поғонасининг шикастланиши) аниқланган. Бундай ҳолатда ҳомилага жарроҳлик амалиёти зарур эди. Бу одатда ҳаёт учун хавфли туғма нуқсонни даволаш учун амалга оширилади. Ушбу амалиёт бундай касаллик билан туғилган болаларнинг аҳволини яхшилайди. Кўплаб болалар тўғри даволаш ва парвариш билан балоғатга етади. Бундай касалликда одамнинг ўртача ёши 40 йил. Кўпинча бундай хасталик билан яшаш қийин бўлса-да, одам мустақил ва бахтли ҳаёт кечириши мумкин», деди шифокор.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид