Трампнинг голф-клуби яқинидаги отишма: нималар маълум?
ФҚБ Трампга қарши янги суиқасд эҳтимолини текширмоқда, уни отишга уринишда гумонланаётган Райан Рутнинг Украинадаги уруш билан боғлиқ тарихи ҳақида маълумотлар пайдо бўлди.
АҚШ президентлигига Республикачилар партиясидан номзод бўлган Доналд Трамп голф ўйнаш билан машғул бўлган голф-клуб ҳудудида ўқ овозлари эшитилди. Трамп бу вақтда отишма жойидан бир неча юз метр масофада бўлган. ФҚБ ҳодиса суиқасдга уринишдек кўринаётганини маълум қилган. ОАВ ҳавайилик 58 ёшли Райан Уэсли Раут гумондор сифатида қўлга олинганини маълум қилган.
«Президент Трамп хавфсизликда», — дея маълум қилган унинг сайловолди кампанияси коммуникациялар бўйича директори Стивен Чунг. Ҳодиса АҚШ президентига июл ойида уюштирилган суиқасдни ёдга солди.
Ҳодисадан тўрт соат кейин ФҚБ, Махфий хизмат ва маҳаллий полиция вакиллари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида Трампга тегишли бўлган голф-клуб яқинида машинада яширинишга уринган эркак ушлангани, ҳудуддаги бутазорда эса — Калашников автомати топилгани маълум қилинди.
Президентлар ва собиқ президентларни қўриқлашга масъул бўлган Махфий хизматга кўра, унинг ходими бутазорда қурол стволини пайқаб қолган ва ҳамкасблари билан биргаликда дарҳол шу томонга ўт очган.
Кейин гувоҳлар бир одам бутазордан чопиб чиқиб қора рангли Nissan автомобили томон югургани, машинага ўтириб, жўнаб кетганини кўришган. Полиция ушбу шахсни қўшни округдаги шосседа тутиб олишган.
Маҳаллий полиция шерифига кўра, Махфий хизмат агентлари отган ўқлар унга тегмаган. Бутазордан оптик мўлжаллагич ўрнатилган АК-47 русумли автомат, иккита рюкзак ва GoPro видеокамераси топилган.
Матбуот анжумани иштирокчилари Трамп хавфсизликда бўлганини таъкидлашган. Уларнинг изоҳлашича, у голф ўйнаётганида қўриқчилар доимо ундан олдинроқда юради. Бу ҳолатда собиқ президент отишма жойидан 300-500 метр берида бўлган.
Округ шерифи гумонланувчи айнан гувоҳ ёрдамида тезда қўлга олинганини айтган — у полициячиларга ушбу шахс, унинг машинасини тасвирлаб берган ва ҳатто Nissan рақамини эслаган.
Кўп ўтмай бу машинани қўшни Мартин округига олиб борувчи (Трампнинг голф-клуби Палм-Бич округида жойлашган) шосседа пайқашган. Округ полициясига бу маълумот етказилгач, Nissan тўхтатилган ва ҳайдовчи қўлга олинган. Шундан кейин гувоҳ Мартин округига олиб борилган ва у қўлга олинган шахсни таниган.
Америкадаги қатор етакчи телекомпаниялар ва газеталар ҳуқуқ-тартибот органларидаги аноним манбаларига асосланган ҳолда қўлга олинган шахс Райан Уэсли Раут (Ryan Wesley Routh) экани, у 58 ёшдалиги ва Ҳавайида яшашини маълум қилишди. Ҳозирча қўлга олинганнинг шахси бўйича расмий маълумот берилмаган.
Флориданинг Мартин округи шерифи Уилям Снайдер журналистларга, унинг исмини айтмаган ҳолда, у қўлга олиш чоғида ўзини хотиржам тутгани ва ҳеч қандай ҳиссиётга берилмаганини айтган.
«У бирор марта гап нимадалигини сўрамади. Атрофда милтиқ кўтарган полициячилар турарди, кўп нарса рўй берди, аммо унда ҳеч қандай савол йўқ эди», — деган шериф Снайдер.
Гумонланувчи ҳақида нималар маълум?
Associated Press хабарига кўра, ҳужжатларга кўра 58 ёшли Рут ҳаётининг асосий қисмини Шимолий Каролинада ўтказган, 2018 йилда Ҳавайи оролларидаги Каавага кўчиб ўтган. Ҳавайида у ва ўғли омборлар қуриш билан шуғулланишган.
Электорал реестрга кўра, у 2012 йилда Шимолий Каролинада сайловчи сифатида рўйхатдан ўтган, охирги марта 2024 йил мартида Демократик партиянинг мазкур штатдаги праймеризида овоз берган.
Сайлов кампаниясини молиялаштириш тўғрисидаги маълумотларга кўра, 2019 йилдан буён Рут 19 марта кичик сиёсий хайриялар қилган ва жами 140 долларни демократ номзодларни қўлловчи ActBlue сиёсий ҳаракатлар қўмитасига ўтказиб берган.
BBC Verify хизмати ижтимоий тармоқларда Ryan Routh номига очилган аккаунтларни ва қўлга олинган шахсникига ўхшаш фотосуратларни ўрганган ҳолда у Россияга қарши урушда Украинани қизғин қўллаб келганини аниқлаган.
Унинг фейсбукдаги айрим постлари (ҳозирда унинг саҳифаси ёпилган) ва бир видеоинтервюси у Россия билан урушга хорижлик кўнгиллиларни жалб этиш билан шуғуллангани ёки шунга ҳаракат қилганини тахмин қилишга имкон беради, у бир марта Киевга ҳам борган.
Унинг профилида Фаластин ва Тайванни қўллаб, Хитойга қарши ёзган постлар бор, жумладан, Covid-19 пандемияси туфайли Хитойни «биологик уруш» очишда айблаган.
CBS манбасига кўра, Рут 2002 йилдан 2010 йилга қадар бўлган муддатда Шимолий Каролина штати Гилфорд округида бир неча бор жиноий жавобгарликка тортилган.
Рутнинг ўғли Оран Доналд Трампга суиқасд эҳтимоли юзасидан CNN билан суҳбатда ақлсизлик қилиш, айниқса зўравонлик ҳаракати содир этиш унинг отасига хос эмаслигини айтган.
«Райан — менинг отам ва менда уни меҳрибон ва ғамхўр ота, ҳалол ва меҳнаткаш инсон сифатида таърифлашдан бошқа ҳеч қандай изоҳ йўқ, — деган Оран Рут. — Мен Флоридада нима бўлганини билмайман ва умид қиламанки, барчаси шунчаки пашшадан фил ясаш, чунки эшитганимдагидек ақлсизлик, айниқса зўравонлик қилиш — мен биладиган одамни эслатмайди».
Рут ва Украина
Financial Times хабарига кўра, Райан 2022 йил февралида Россиянинг кенг кўламли босқини бошлангач, Украинага йўл олган минглаб хорижлик кўнгиллилар сафида бўлган.
У Полшанинг чегарадаги Медика шаҳрига келиб, Украина Хорижий легиони офисида суҳбатда бўлган ва у ерда унга рад жавоби берилган. «Улар шундай дейишди: „Сиз 56 ёшдасиз, қариб қолгансиз ва сизда тажриба йўқ“, — дея ҳикоя қилган Рут ўтган йили FT учун интервюсида. — Кўнгиллиларни ёллаш ва уларнинг ҳаракатларини мувофиқлаштириш билан шуғуллана қолмайсизми?»
Шундан кейин Рут «ҳаракатларни мувофиқлаштириш» учун Киевга йўл олган ва Майданда палатка қурган. Бу ерда фанер тахтага фуқаролари Украина томонида туриб жанг қилаётган мамлакатлар байроқларини ёпиштириб чиққан.
У шунингдек Киев марказий майдонига варақалар илиб чиққан, Россияга қарши урушда қатнашиш учун қўлига қурол олувчи хорижликларга 1200 доллардан таклиф қилган. Варақаларда унинг координатлари кўрсатилганди, ҳарбий ёлловчилар эса у расман Украина хорижий легиони билан алоқадор эмаслигини айтишган.
Россиянинг Украинага босқинининг илк ойларида ўн минглаб хорижликлар келишган, аммо уларнинг кўпчилиги, худди Рут каби ҳарбий тажрибага эга эмасди ва бегона мамлакатда эркин ҳаракатлана олмасди.
Рутни таниган одамлардан бири айтишича, унга Хорижий легионнинг Украина ҳарбий разведка бошқармасига алоқадор бўлинмаларидан бири ҳам рад жавоби берган. FT мухбири билан гаплашган бу одамнинг сўзларига кўра, Рут ўзининг тартибсиз хатти-ҳаракатлари туфайли улар учун «бироз ортиқчалик» қилган. Украина хорижий легиони изоҳ беришдан бош тортган.
FT билан суҳбатда Рут Майдандаги палаткаси ва яратган мемориали туфайли украин полицияси, шаҳар расмийлари ва бошқа шахслар билан бир неча бор тортишувга борган.
Рут шунингдек Украинага толиблар ҳокимиятга келганидан кейин Афғонистондан қочиб кетган афғон аскарларини жалб қилишга уринган. «Бизда бекор ўтирган 20 000 афғон аскари бор», — деган FT нашрига Рут. «Бу уруш йилларга чўзилмаслиги учун уларни фронтга юбориш мумкин».
Рут 2024 йил ёзида ҳам ёллаш бўйича янгиликларни эълон қилишда давом этган. Унинг июл ойида фейсбукда қолдирган постида шундай дейилади: «Аскарлар, илтимос, менга қўнғироқ қилманг. Биз ҳали Украина афғон аскарларини қабул қилиши учун ҳаракат қиляпмиз ва яқин ойларда жавоб бўлишига умид қиламиз… илтимос, сабрли бўлинг».
Рут билан Киевда учрашган одамнинг сўзларига кўра, у афғон аскарлари маълумотлари базасини юритган, аммо Украина хорижий легиони вакиллари унинг режасини бемаъни деб ҳисоблашган ва рад этишган.
Pheonix гуманитар проекти ходими, аввал Украинада ишлаган Крис Лутц BBC билан суҳбатда у 2022 йил июнида Киевда Рут билан бир неча бор кўришганини айтган.
«Мен 2022 йил июнида Райан билан бир неча бор шахсан учрашганман, — дейди Лутц. — Райан инглизча гапирадиган барча билан алоқа ўрнатишга ҳаракат қиларди. У тиним билмайдиган йигит эди».
Лутцнинг сўзларига кўра, Рутни Киевда «ёлловчи» деб аташган, унинг асосий мақсади хорижликларни Украина қуролли кучлари томонида туриб ҳарбий ҳаракатларда қатнашишга жалб этиш бўлган.
Унинг характери ҳақидаги саволга Лутц шундай жавоб қайтарган: «Мен уни жинни демаган бўлардим. У шунчаки ишга берилганди. У бор кучи билан Украинага ёрдам беришга ҳаракат қиларди. Аммо унда Украина хорижий легионига одам ёллаш учун ҳуқуқ ҳам, ваколат ҳам йўқ эди. Бу эса вазиятни оғирлаштирарди».
Лутцнинг сўзларига кўра, Рут ундан хорижлик кўнгилли жангчиларни ёллашда ёрдам сўраган: «У мендан афғонларни қандай қилиб Украинага жалб қилиш мумкинлиги ҳақида маслаҳат сўради. Аммо менда Украина ҳуқуқ тизими билан ишлаш тажрибаси йўқ эди, шунинг учун мен бу илтимосга рад жавобини бердим. У минглаб афғон жангчиларини олиб келиши мумкинлигини айтганида, менда ишончсизлик пайдо бўлди».
Маълум бўлишича, Рут Украинадаги уруш ҳақида китоб ёзган, унда ўзи қандай қилиб «таслим бўлгани ва кетгани» ва бу қарор уни «одамларнинг энг ёмонига айлантиргани»ни ёзган. «Украинадаги уруш, қайсики енгиб бўлмайдиган» номли китоб Amazon сайтида уч доллар атрофидаги нархда сотилмоқда.
У шундай ёзади: «Мен — дунё ўзгаришини хоҳлаган, аммо коммунизмга ўзимни мағлуб этишга, ҳолдан тойдиришга ва уйга қайтаришга имкон берган омадсиз, иккиюзламачиман. Атиги беш ой ўтди ва мен лойгарчиликка, совуққа, биринчи ўқ овозига дош беролмасдан уйга чопдим, мен ёвузлик ва эзгулик курашидаги энг оддий синовларда калтакландим ва кучдан қолдим ва мағлубиятга учрадим».
Бу ҳодиса Трампнинг сайловолди кампаниясига қандай таъсир кўрсатиши мумкин?
Энтони Зуркер, BBC’нинг Шимолий Америка бўйича мухбири
Эҳтимолий янги суиқасддан кейинги илк баёнотида Доналд Трамп уни ҳеч нарса тўхтата олмаслиги ва чекинишга мажбур қила олмаслигини айтди.
Бундай реакция собиқ президентнинг сайлов кампаниясига хос, у тез-тез «унутилган» америкаликлар номидан гапираётгани учун таъқиб қилинаётгани ва ҳужумга учраётганини таъкидлаб келади.
«Улар мени эмас, сизни нишонга олишди. Мен шунчаки ўқ йўлига турдим», — дейишни ёқтиради Трамп. Энди унда бу тезис бўйича яна бир рангли иллюстрация мавжуд.
Тўғри, сўнгги ҳодиса Пенсилваниядаги отишма каби ҳиссий эффект бермаслиги мумкин. У ерда суиқасд митингда, қонга беланган, аммо қўрқмаган Трампни тасвирга олган телекамералар қаршисида содир этилганди.
Бу сафар собиқ президент тўғридан тўғри хавфдан узоқроқда эди. Матбуот саҳифаларида ва экранларда кўп кунлар давомида қайта-қайта пайдо бўладиган ранг-баранг тасвирлар йўқлиги жамоатчилик онгига таъсир қилиш даражасига таъсир қилиши мумкин.
Аммо, бу эҳтимолий суиқасдга уриниш, камида янги сарлавҳаларни келтириб чиқаради, бу эса ҳеч бўлмаганда собиқ президентнинг сўнгги кунлардаги сайловолди ташвиқоти муаммоларидан вақтинча чалғитади.
Мавзуга оид
09:30
Журналист Вудворд: Трамп Путин билан яширинча алоқада бўлган
19:28 / 08.10.2024
Жанг майдонига айланадиган штатлар: АҚШдаги сайловлар натижасини ким ҳал қилади?
13:20 / 07.10.2024
Трамп ўзига суиқасд уюштирилган жойда нутқ сўзлади
10:20 / 07.10.2024