Жаҳон | 09:20 / 16.09.2024
10304
4 дақиқада ўқилади

Зеленский Байденга «Украина ғалабаси режасини» тақдим этади

Украина раҳбарининг сўзларига кўра, у АҚШга олиб борадиган «ғалаба режаси»да тўртта асосий ва битта қўшимча банд мавжуд.

Фото: Украина президенти офиси

Украина президенти Володимир Зеленский Америка давлат раҳбари Жо Байденга тўрт асосий ва битта қўшимча банддан иборат «Украина ғалабаси режаси»ни тақдим этади. Зеленский CNN журналисти Фарид Закарияга берган интервюсида режанинг айрим тафсилотларини ошкор қилди. Суҳбатдан парчалар 15 сентябр, якшанба куни «Украинская правда» нашри томонидан чоп этилган.

«Мен бир нечта бандларни тайёрладим. Улардан тўрттаси асосий бандлар, плюс биттаси эса урушдан кейин бизга керак бўлади», деди Зеленский. Унинг сўзларига кўра, гап хавфсизлик, Украинанинг геосиёсий ўрни, жуда кучли ҳарбий ёрдам, шунингдек, иқтисодий ёрдам бўйича қарорлар ҳақида бормоқда. «Агар президент Байден бизнинг режамизни қўллаб-қувватласа, у ва унинг жамоаси бизнинг позициямизни мустаҳкамлайдиган яна бир нарсани қўшса, биз тайёрмиз», - дея қўшимча қилди Украина раҳбари.

Bild Зеленскийнинг стратегияси ҳақида хабар берди

Bild немис газетаси 14 сентябр куни ўз веб-сайтида Зеленский яқин кунларда АҚШга ташриф буюриши ва у ерда Байден, шунингдек, АҚШ президентлигига Демократлар ва Республикачилар партиясидан номзодлар Камала Ҳаррис ва Доналд Трампга стратегиясини тақдим этиши ҳақида хабар берди.

Bild нашрининг ёзишича, режа Ғарб қуролларидан Россия Федерацияси ҳудудига узоқ масофали зарбалар йўллашга рухсат бериш талабини ҳам, Украина фронтнинг айрим секторларида ўт очишни тўхтатиш ва «вазиятни вақтинчалик музлатиш»га рози бўлишга тайёрлигини ҳам назарда тутади. 

Зеленский маслаҳатчиси: Bild фейк тарқатди

Шу билан бирга, Зеленскийнинг маслаҳатчиси Дмитрий Литвин «Украинская правда»га берган интервюсида Bild'нинг Украина фронтнинг айрим қисмларида ўт очишни тўхтатиш ва ҳарбий ҳаракатларни вақтинча тўхтатишга рози бўлишга тайёрлиги ҳақидаги маълумотлари ишончсиз эканлигини айтди. «Bild фейк тарқатди», дейди Литвин.

Унинг сўзларига кўра, нашр режа билан танишолмаган, чунки уни тайёрлашда иштирок этганларнинг ҳеч бири журналистлар билан гаплашмаган.

Британия ташқи ишлар вазири: Путин бизни йўлдан қайтаролмайди

Байден ва Британия бош вазири Кир Стармер 13 сентябр куни Вашингтонда бўлиб ўтган учрашувдан сўнг Украинага Россия ҳудудига узоқ масофали зарбалар йўллашига ошкора рухсат беришмади. Шу билан бирга, ҳар икки етакчи Киевни Россия тажовузкорлигини қайтаришда «доимий» қўллаб-қувватлашини тасдиқладилар ҳамда Эрон ва Шимолий Кореянинг Россия Федерациясига қуроллар етказиб бериши ҳамда «Хитойнинг Россия мудофаа-саноат базасини қўллаб-қувватлашидан чуқур хавотирда эканликларини» билдирдилар.

Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Лэмми 15 сентябр куни чоп этилган BBC'га берган интервюсида, Британия ҳали ҳам Украина иттифоқчилари билан Россияга узоқ масофали Ғарб қуроллари билан зарба йўллашга рухсат бериш ёки бермаслик масаласини муҳокама қилаётганини айтди. Зеленский яқин орада Ню-Йоркдаги БМТ Бош ассамблеясида иттифоқчилар билан учрашади, у ерда бошқа масалалар қатори бу масала ҳам кўриб чиқилади, деди вазир.

Лэмми, шунингдек, Россия президенти Владимир Путиннинг агар Киевга Ғарб қуроллари билан Россия ҳудудига чуқур зарба йўллашга рухсат берилса, НАТО давлатлари Украинадаги можарода бевосита иштирок этади, деган сўзларига ҳам изоҳ берди. «Бунда ёлғон бор - бу унинг иш услуби», деди Британия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари. У Путин фақат «ҳавога чанг кўтараётгани» ва Украина иттифоқчиларини йўлдан оздиролмаслигига ишонч билдирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид