«Барса» ўйинида сенсация, «Арсенал»ни дарвозабон қутқарди. ЕЧЛда кун ўйинлари
Чемпионлар лигасининг умумий гуруҳида 1-тур учрашувлари якунланди.

Фото: Marca
«Барселона» олдинги ЕЧЛни ҳам четлатиш билан тугатганди, янгисини ҳам шундай бошлади
«Монако» — «Барселона» 2:1
Голлар: Аклиуш (16), Иленкиҳена (71) — Ямал (28).
«Монако» – Кен, Вандерсон, Салису, Керер, Синго, Камара (Головин, 46), Закариё, Бен-Сегир (Кайо Энрике, 70), Минамино (Балогун, 70), Аклиуш, Эмболо (Иленикҳена, 59).
«Барселона» – тер Стеген, Балде (Фати, 88), Мартинес, Кубарси (Ферран Торрес, 79), Кунде, Эрик Гарсия, Касадо, Педри (Торре, 83), Рафиня, Ямал (Мартин, 80), Левандовски (Домингес, 80).
Огоҳлантиришлар: Бен-Сегир (29), Камара (36), Мартинес (75), Касадо (85), Балде (85), Закариё (90+2).
Четлатиш: Гарсия (10).
Каталонияликлар мавсумни ажойиб бошлади — ла лиганинг дастлабки беш турида беш ғалабага эришиб, 17 гол урилди. Бош мураббий Ҳанс Флик мавсумлар оралиғида футболчиларни кучли юкламалар билан жисмонан чиниқтирди ва жамоа мавсум стартида рақибларни фаоллиги ва прессинг билан шунчаки бўғиб қўйиб, натижаларга эриша бошлади.
Аммо «Монако» билан ўйинга қадар заиф нуқталар ҳам пайдо бўлди. Масалан, майдон марказида Касадо — Педри жуфтлиги кучлироқ босим остида қандай ҳолатда бўлиши номаълум эди, лекин жароҳатлар туфайли Фликда бошқа вариант ҳам йўқ эди. Олмо ҳам икки ойга сафдан чиқиб, нима учун шу қадар истеъдодга эга бўлатуриб, 26 ёшига қадар бирор топ-клубга ўтмаганини кўрсатиб қўйди. Флик бу вазиятга ечим топди — Педри «ўнлик» позициясига кўтарилди, таянч зонасида Касадога аслида марказий ҳимоячи бўлган Эрик Гарсия жойлашди. Қолган позицияларда — сюрпризлар йўқ эди.
«Монако» ҳам мавсумни яхши бошлаган — лига 1 мавсуми стартида уч ғалаба ва бир дуранг қайд этиб, турнир жадвалида пешқадам «ПСЖ»дан икки очко ортда қолган ҳолда учинчи ўринда бормоқда. Бу жамоа ҳам «Барса» каби таркибида ёш истеъдодлар тўла бўлган ва прессингга урғу қаратадиган ҳаракатчан жамоа.
Ва илк дақиқалардан «Монако» иккинчи рақам остида ҳаракат қилишга қарши эмаслиги кўриниб турди. Каталонияликлар ўз одатига кўра тўпга эгалик қилди ва тўп рақибдалигида прессингга киришди, майдон эгалари Бен Сегирнинг қарши ҳужумлари билан жавоб берди, бу ҳужумлар Кубарси ва тер Штеген томонидан бартараф этилди. Аммо 10-дақиқада барчаси ўзгариб кетди — «Барселона» сардори ва дарвозабони жарима майдонидан чиқишда хатога йўл қўйди, у икки қанотда бўш шериклари турганига қарамай, рақиб томонидан ёпилган Гарсияга тўп узатди, у эса ўзига босим қилган Такуми Минаминога фол ишлатишга мажбур бўлди. Аввалига ҳакамнинг тўғридан тўғри қизил карточка кўрсатиши баҳсли қарордек кўринганди, аммо видеотакрорда унда бунинг учун асос етарли бўлгани аниқ кўринди.
«Барса» ЕЧЛнинг ўтган мавсуми плей-офф босқичидаги каби даҳшатли сценарийга тушиб қолди, ўшанда ҳам «ПСЖ»га қарши ўйин бошидаёқ Араухо йўқ жойдан қизил олганди ва жамоа парчаланиб кетганди. Кўк-анорранглилар қисқа паслар билан ўйнашда давом этишди, монегаскликлар эса шиддатли прессинг уюштирди ва вазият ортидан вазият юзага кела бошлади. Фликнинг бахтига унинг жамоаси бу оралиқда биргина гол ўтказиш билан қутулди (аслида иккита, аммо иккинчи гол офсайд туфайли бекор қилинди). Аклиуш чап қанотдан жарима майдонига ёриб кирди ва тўпни яқин бурчакка аниқ йўналтирди. Бу «Монако»нинг Чемпионлар лигасида 2018 йилдан буён урган илк голи бўлди.
«Монако» биринчи бўлимда зарбалар бўйича яққол устунлик қилди – 10:2 (дарвоза соҳасига аниқ борган зарбалар бўйича – 5:1), аммо рақиб таркибида Ямал борлигида бундай устунлик ҳам фойда бермайди. Ламин ўнг қанотда яккакурашда устун келиб тўпга эга чиқди ва навбатдаги рақибни йўлдан олиб, чап оёғида қайтариб бўлмас зарба йўллади.
Учрашувдаги иккинчи кескин бурилиш меҳмонларни ўйинга қайтарди — улар тўпни ишонч билан ўзида сақлаб тура бошлади ва ҳатто яхши ҳужумлар уюштирилди. «Монако» эса тўп назоратига шошилмади ва каталонияликларнинг майдоннинг учинчи қисмидаги хатос қилишини пойлади. Бу иш берди ва бўлим охирларига бориб тер Штеген пас билан чиқиш ўрнига тўпни узоқларга тепиб юбора бошлади.
Ади Ҳюттер янги футболчиларни тушириш орқали ўйин суръатини кучайтиришга қарор қилди ва 70-дақиқада тўртталик алмаштириш амалга оширди. Ва бу иш берди — майдонга чиққан Иленикен қарши ҳужумга чиқиб кетди ва тер Штеген билан яккама-якка вазиятда дарвозабонга имкон қолдирмади. У «Монако» сафида ЕЧЛда гол урган энг ёш футболчига айланди, 18 ёшли Иленикен бу борада кимсан Килиан Мбаппени ортда қолдирди.
Ўйин охирида «Монако» яна бир неча хавфли юришлар амалга оширди, ҳатто Балогун пеналти ишлади, аммо арбитр VAR аралашувидан кейин қарорини ўзгартирди. «Барса»да ҳам бир неча бор яхши ҳужумлар бошлади, аммо ҳужумлар давомида кескинлик юзага келмади — камчилик бўлган ҳолатда ва кучли захирасиз бунинг имкони ҳам йўқ эди.
«Монако» мавсумда иккинчи бор каталонияликларни мағлуб этди (аввалгиси Гампер кубоги доирасида 3:0 ҳисобида қайд этилганди) ва рақибнинг беш учрашувдан иборат ғалабали сериясига барҳам берди. Аммо бу ўйин учун «Барселона» футболчиларини койиб бўлмайди — кўк-анорранглиларнинг ЕЧЛга қайтиши ҳам охирги тарк этиши каби бўлди: ўйинни ўзлари бузиб қўйишди.
Ўйин якунига келиб «Монако» зарбалар бериш бўйича «Барса»дан беш баравар устунлик қилди (18:4, дарвоза соҳасига аниқ борган зарбалар бўйича – 8:1) ва рақиб бир киши кам бўлиб қолганидан оқилона фойдаланди.
Вирцнинг ажойиб премераси
«Фейеноорд» — «Байер» 0:4
Голлар: Виртц (5, 36), Грималдо (30), Велленройтер (45, автогол).
«Фейеноорд» – Велленройтер, Ҳанцко, Белен, Траунер (Митчелл, 72), Лотомба (Ҳаж-Муса, 61), Тимбер, Зерруки (Смал, 46), Ҳван Ин Бом, Миламбо (Наже, 75), Пайшао (Уэда, 61), Хименес.
«Байер» – Градецки, Инкапиэ, Та, Тапсоба, Виртц (Алеиш Гарсия, 72), Терре (Адли, 72), Грималдо (Белосян, 80), Фримпонг, Андрих, Жака (Паласиос, 81), Бонифасе (Шик, 62).
Огоҳлантириш: Траунер (43)
Чемпионлар лигаси — олдинги кучли мавсумдан кейин ҳам яна бир йилга Леверкузенда қолган «Байер» футболчилари учун муҳим стимул эди. Улар қитъанинг асосий турнирида биргаликда ўйнашини барча мухлислар кутишганди. Улар бошқа жамоада қандай кўриниши номаълум, ҳозирда эса икки латерал — Фримпонг ва Грималдо — бир-бирини кўзини юмган ҳолда ҳам тўғри тушунади ва голларни қалаштиришади, улар самарадорлик борасида фақат Вирц каби ижодкор футболчидангина ортда қолади. Нима бўлганда ҳам у ўзгача иқтидорга эга футболчи ва ЕЧЛдаги дебюти кунида икки гол урган илк немис футболчисига айланди.
Роттердамдаги тўлиб-тошган стадион эса танаффусгача чуқур шок ҳолатига тушди. Дарвозабон Велленройтернинг қўпол хатосидан кейин таблодаги ҳисоб 0:4 кўринишига келди, «Фейеноорд» Европа ареналарида бундай шарманда қилинмаганига анча вақт бўлганди. Дастлабки 45 дақиқа якунларига кўра худди шундай ҳисоблар 1965 ва 1983 йилларда — мос равишда «Реал» ва «Тоттенҳэм» клубларига қарши ўйинларда қайд этилганди. Лекин бу ўйинда нидерландлар иложсиз ҳолатда эмасди. Фақат Ҳаби Алонсонинг ажойиб спорт формасидаги жамоаси фонида кучсизроқ кўринди. Қолаверса, мезбонларнинг икки голи офсайд туфайли бекор қилинди. Аммо бу протоколда қайд этилмайди.
Белградда турклар куни
«Црвена Звезда» — «Бенфика» 1:2
Голлар: Милсон (86) — Оқтуркўғли (9), Кўкчу (29).
«Црвена Звезда» – Глазер, Сол Ён У, Спайич, Жига, Мимович (Далсиу, 27), Элшник, Крунич (Илич, 82), Олайинка (Милсон, 71), Иванич, Мвумпа, Бруно Дуарте (Ндиайе, 71).
«Бенфика» – Трубин, Алваро Фернандес, Отаменди, Антониу Силва, Ба (Каборе, 37), Кўкчу (Баррейро, 88), Флорентину, Ди Мария (Бесте, 88), Оқтуркўғли, Ролҳейсер (Эурснес, 56), Павлидис (Амдуни, 88).
Ёзги трансферлар доирасида харид қилинган Карим Оқтуркўғли «Бенфика»да яхши ўйнаб кетди. Биринчи зарбасидаёқ ҳисобни очган вингер фаолиятида иккинчи бор қаторасига уч ўйинда гол урди. Кейин эса эстафета таёғини Туркия миллий жамоасидаги шериги Кекчуга узатди. У эса Лиссабонда анча вақтдан буён ўйнайди, аммо фақат эндигина «бургутлар» мухлислари у жарима зарбасидан ҳам гол ура олишига гувоҳ бўлишди. Ушбу ҳавбек бу ишни бунгача фақат «Фейеноорд» таркибида амалга оширганди.
«Црвена Звезда» эса ўз мухлислари ҳафсаласини пир қилди. Гап натижа ҳақида бормоқда, чунки белградликлар жон куйдириб ўйнашди. Жамоага Ҳван Ин Бомнинг йўқлиги билинди, у параллел ўйинда янги клуби — «Фейеноорд» сафида ўйнаётганди. Ёзда жамоага келиб қўшилган, тажрибали Крунич эса ҳозирча етакчига айлана олмаган. Ўйин охирида Милсон интригани қайтарди. Аммо амалда бу ҳеч нарсани ўзгартирмади — «Звезда» асосий еврокубокда қаторасига бешинчи бор мағлубиятга учради, жамоа турнирда 11 ўйиндан буён ғалаба нималигини билмаяпти.
Италянча комплекс
«Аталанта» — «Арсенал» 0:0
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Ретеги (51).
«Аталанта» – Карнезекки, Колашинац, Ҳин, Жимсити, де Кетеларе (Куадрадо, 60), Лукман (Самаржич, 89), Ружери (Пашалич, 89), Заппакоста (Белланова, 70), Эдерсон, де Рон, Ретеги (Заниоло, 70).
«Арсенал» – Райя, Тимбер (Калафиори, 73), Габриэл, Салиба, Уайт, Райс, Парти (Жоржиньо, 58), Ҳавертц, Мартинелли, Жезус (Троссар, 58), Сака (Стерлинг, 73).
Огоҳлантириш: Эдерсон (12).
Куннинг марказий баҳси бўлиши кутилган Бергамодаги ўйин мухлислар ишончини оқламади. Биринчи бўлим воқеаларга бой бўлмади, аммо иккинчи бўлим бошида Парти жарима майдонига ёриб кирган Эдерсонни қўполлик билан тўхтатди. Ва Райянинг юлдузли онлари бошланди. Испаниялик посбон Ретегининг «нуқта»дан йўлланган зарбасини қайтарди — газондан кўтарилишга улгуриб, аргентиналикнинг такрорий зарбасига ҳам сакрашга улгурди. Бу билан биринчи турдаги энг яхши сейв масаласи ҳам ёпилди.
«Арсенал»да Райя ҳар иккинчи 11 метрлик зарбани қайтармоқда (саккизтадан тўрттасини)! «Канонирлар»нинг майдондаги вакиллари эса кутилган ўйинни намойиш эта олишмади. Бу кўпроқ Габриэл Мартинеллига тааллуқли, у тарози палласини меҳмонлар томонга оғдириши мумкин эди, аммо унинг қулай позициядан йўллаган зарбасидан кейин тўп тўсин устидан ўтиб кетди. Аммо, бу жамоанинг қандайдир комплексига ҳам ўхшаб кўринмоқда, чунки лондонликлар Италиядаги ўйинларда қаторасига тўртинчи бор гол ура олишмаяпти. Аммо ўсиш ҳам йўқ эмас, чунки Апеннин оролларига охирги ташриф мағлубият билан якунланганди.
«Атлетико» — 1966 йилдаги каби
«Атлетико» — «Лейпциг» 2:1
Голлар: Гризманн (28), Хименес (90) — Шешко (4).
«Атлетико» – Облак, Рейнилду, Хименес, Ле Норман, Гризманн (Витцел, 90+2), Корреа (Молина, 66), Рикелме (Лино, 62), Коке, Де Паул (Галлаҳер, 63), Лоренте, Алварес (Сёрлот, 63).
«Лейпциг» – Гулачи, Раум, Лукеба, Орбан, Ҳенрикс (Поулсен, 70), Симонс (Элмаз, 83), Вермерен (Зайвалд, 60), Айдара, Нуса (Баумгартнер, 46), Шешко (Гертрюйда, 70), Опенда.
Огоҳлантиришлар: Ле Норман (10), Лукеба (39), Баумгартнер (49), Хименес (60), Де Паул (60), Ҳенрикс (64), Опенда (90+4).
«Атлетико» ЕЧЛда ўзи учун энг тезкор голлардан бирини ўтказиб юборди, 4-дақиқада Облак Опенданинг зарбасини қайтарганидан кейин тўпга биринчи бўлиб етиб келган Шешко ҳисобни очди. «Матрасчилар» эса яққол вазиятларда ҳам тўпни дарвоза тўрига кирита олишмади. Фақат биринчи бўлим ўрталарига бориб Лиоренте жарима майдонига пас узатганидан кейин Гризманн тўпни газонга чўпчитиб йўллаган ҳолда рақиб дарвозабонини доғда қолдирди. Ва дуранг ҳисоб бу ўйин учун мантиқий якун бўлиши мумкин эди, аммо Диего Симеоне жамоаси ўз одатига кўра рақибни сўнгги дақиқаларда таслим этди. «Матрасчилар» том маънода 90-дақиқани кутишди, шундан кейин Гризманнинг намунали узатмаси Хименес бош билан гол уришига олиб келди. Фахрий футболчи «Атлетико»га асосий еврокубокдаги клуб рекордини такрорлашда ёрдам берди: мадридликларда олти учрашувдан иборат ғалабали серия 1966 йилдан буён кузатилмаганди.
Тарих учун ғалаба
«Брест» — «Штурм» 2:1
Голлар: Магнетти (23), Сима (56) — Фернандеш (45+1, автогол).
«Брест» – Бизот, Амави, Кулибали, Шардонне, Лала, Манетти, Фернандеш (Думбия, 72), Камара (Мартен, 71), Февр (Дел Кастийо, 62), Сима, Ажорк.
«Штурм» – Схерпен, Лавале, Вютрих (Жонстон, 10), Айву, Газибегович, Горенц-Станкович, Бевинг, Китейшвили (Камара, 78), Хорват (Ялкуйе, 46), Жатта (Звонарек, 60), Бирет (Ярдимчи, 78).
Огоҳлантиришлар: Хорват (21), Жонстон (22), Сима (36), Лавале (40), Горенц-Станкович (59), Камара (64), Газибегович (83), Ажорк (85).
Четлатиш: Лавале (89).
«Монако» «Барселона» билан жанг қилаётган паллада Чемпионлар лигасида Франциянинг бошқа бир клуби «Брест» дебют қилди. Бу жамоага монегаскликларникига қараганда осонроқ рақиб тушганди, аммо турнирда осон ўйин бўлмайди. Мезбонлар учун тарихий голни урган Магнеттига (у бунгача сўнгги саккиз мавсумда атиги тўрт бор рақиблар дарвозаларини ишғол этганди) «Штурм» бўлимнинг охирги дақиқасида жавоб қайтарди ва автогол юзага келди. Аммо французлар иккинчи бўлимда устунликни ўзига қайтарди, Сима йиқилатуриб аниқ зарба йўллади ва Генгамдаги стадионда йиғилганларни оёққа турғазди.
Гап шундаки, 121 йиллик тарихга эга бўлган клубнинг уй аренаси турнир талабларига жавоб бермайди. УЕФА инспекцияси трибуналардаги ўн беш минг ўриндиқдан фақат учдан бир қисмини яроқли деб топган, шу туфайли мухлислар ЕЧЛ учун 111 километр масофага сафар қилишига тўғри келган. Лекин бу масофа — тарихга кириш имконияти турганда ҳеч нарса эмас. Қолаверса, француз дебютантлар бу асрда асосий еврокубокда ғалаба билан бошламаганди. Бунга эришган сўнгги жамоа 2000 йилги «Лион» бўлганди.
Кун статистикаси
«Аталанта» ЕЧЛда Англиянинг 4-жамоасига ютқазмади («МЮ», «Манчестер Сити» ва «Ливерпул» ортидан «Арсенал»га ҳам). Бу борада фақат «Бавария»да яхшироқ натижа (5).
«Байер»нинг ЕЧЛ сафар ўйинларидаги энг тезкор голини уриши учун Вирцга 5 дақиқа етарли бўлди.
9 дақиқаю 32 сония — Эрик Гарсия «Барселона»нинг асосий еврокубокдаги энг тез четлатилган футболчиси бўлди.
«Барселона» ЕЧЛда сўнгги 26 ўйинидан 12 тасида ютқазган. Каталонияликларда бундан олдинги бунча мағлубият 79 ўйинлик оралиқда кузатилганди. Кейинги оралиқдаги мағлубиятлар улуши 13,9 дан 46,2 фоизгача ошди.
«Арсенал» форварди Ҳаверц ЕЧЛдаги ўйинлари сонини 50 тага етказиб олди.
«Барселона» ҳужумчиси Левандовски асосий еврокубокдаги ўйинлари сонини 121 тага етказди. Поляк ҳужумчиси бу кўрсаткич бўйича Пепе ва Роберто Карлосни ортда қолдирган ҳолда топ-20 сафига кирди.
Умумий гуруҳ жадвалидаги ҳолат:
Тавсия этамиз
Швейцариядаги қишлоққа кўчиб келган сайёҳларга 24 минг доллардан пул тўланади
Жаҳон | 01:36 / 09.06.2025
Тошкентда илк BRT тизими: у қандай кўринишда бўлади?
Ўзбекистон | 20:17 / 07.06.2025
Бир нечта ташкилотлар Enter Engineering компаниясини судга берди
Ўзбекистон | 17:39 / 07.06.2025
Хатолар улғайтирган жамоа. Ўзбекистоннинг мундиал сари узоқ йўли ҳақида
Спорт | 15:27 / 07.06.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Карлови Вари — Европанинг асосий соғломлаштириш жойи
Жамият | 15:00 / 09.06.2025
-
90 кундан ортиқ чет элда бўлган фуқаролар мажбурий равишда ОИВга текширувдан ўтказилиши мумкин
Ўзбекистон | 10:33
-
Россия ҳукумати «чет эл агенти» тўғрисидаги қонунни кучайтиришни маъқуллади
Жаҳон | 10:32
-
Фуқаролар ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш кафолати кучайтирилади
Ўзбекистон | 10:23
Мавзуга оид

02:17 / 08.05.2025
ЕЧЛ. "ПСЖ" жавоб ўйинида ҳам "Арсенал"ни енгиб, финалга чиқди

02:38 / 07.05.2025
Етти гол урилган ўйинда "Интер" "Барселона"ни ЕЧЛдан чиқариб юборди

10:53 / 01.05.2025
ЕЧЛда яна бир суперўйин. «Барселона» ва «Интер» жами 6 та гол уришди

02:04 / 10.04.2025