Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳаррис сайлов кампаниясида Трампдан уч баробар кўп маблағ тўплади — ОАВ
Бу Республикачилар партиясида ваҳима уйғотгани, чунки Ҳаррис-Трамп дебатидан сўнг, собиқ президент моҳиятан ҳеч қандай маблағ йиғолмагани таъкидланмоқда.
Вице-президент Камала Ҳарриснинг президентлик кампанияси август ойида бутун Республикачилар кампаниясидан, шу жумладан собиқ президент Доналд Трампнинг сайловолди кампаниясидан ҳам кўпроқ пул йиғди. Бу ҳақда Axios ёзди.
Нашрнинг таъкидлашича, бу Трампнинг маблағ йиғиш жараёни сўнгги ойларда тўхтаб қолганидан далолат, Ҳаррис эса амалдаги президент Жо Байден президентликка номзод бўлган даврдагидан кўпроқ маблағ йиғди.
Август ойида Ҳаррис ва унинг қўмиталари Демократик партия учун 361 миллион доллар ва Трампнинг сайловолди кампанияси ва тегишли қўмиталар учун 130 миллион доллар йиғилди, деб хабар берди Федерал сайлов комиссияси.
Ҳарриснинг президентлик кампаниясига алоҳида эътибор қаратадиган бўлсак, у август ойида қарийб 190 миллион доллар тўплаган. Бу Трампнинг сайловолди кампанияси, Республикачилар партияси ва бошқа қўллаб-қувватловчи қўмиталар томонидан йиғилган 130 миллион доллардан кўпроқ.
Хусусан, 20 сентябр куни кечқурун Доналд Трампнинг сайловолди ташвиқоти август ойида 44,5 миллион доллар йиғишга муваффақ бўлгани, умумий ҳисобда эса 135 миллион доллар тўплангани ҳақида хабар берди.
Axios маълумотларига кўра, бу Республикачилар партиясида ваҳима уйғотди, чунки Ҳаррис-Трамп дебатидан сўнг, собиқ президент моҳиятан ҳеч қандай маблағ йиғолмади.
Axios хулосасига кўра, сайловга 45 кундан камроқ вақт қолганида, Трамп маблағ йиғиш бўйича Ҳаррис билан орадаги бўшлиқни бартараф қилолмайди.
АҚШ президентлиги учун сайлов 5 ноябрда ўтказилади.