Жаҳон | 20:23 / 21.09.2024
2062
2 дақиқада ўқилади

Хитойда илк бор пандаларнинг «қайта дастурлаштирилган» илдиз ҳужайралари олинди

Хитойлик тадқиқотчилар пандаларнинг қайта дастурлаштирилган бириктирувчи тўқима ҳужайраларидан илк бор тўлақонли илдиз ҳужайраларни олишга муваффақ бўлди.

Фото: Pixabay

Хитойлик тадқиқотчилар пандаларнинг қайта дастурлаштирилган бириктирувчи тўқима ҳужайраларидан илк бор тўлақонли илдиз ҳужайраларни олишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда Science Advances журналида чоп этилган мақолада сўз боради.

Қайд этилишича, қайта дастурлаштирилган илдиз ҳужайралар танадаги турли тўқималарга, жумладан, жинсий ҳужайраларга ҳам айланишга қодир. «Бу улардан ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган турларни, жумладан, пандаларни ҳам қутқариб қолиш имконини беради», — дейилади тадқиқотда.

Мазкур янгилик Гуанчжоудаги Регенератив биологиянинг асосий лабораторияси илмий ходими Лю Цзин бошчилигидаги молекуляр биологлар гуруҳи томонидан амалга оширилди. Улар йирик пандалардаги фибробластларнинг тўлиқ қайта дастурлаштирилган илдиз ҳужайраларига айлантириш бўйича тажрибалар ўтказган.

Тадқиқотчиларнинг айтишича, ҳозирда молекуляр биолог ва экологларнинг бир нечта гуруҳи қирилиб кетган ёки йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган турларнинг илдиз ҳужайраларини ўстириш имконини берадиган технология устида иш олиб бормоқда.

Олимлар йирик пандаларнинг фибробластларини EBV вирус генларидан бирининг модификация версияси ёрдамида қайта ишлаш орқали илдиз ҳужайралар олиш мумкинлигини аниқлаган. У ўз навбатида тўртта — OCT4, SOX2, LIN28A ва SALL4 генни фаоллаштиради. Панда ҳужайрасига мазкур ДНК занжирининг киритилиши ва махсус озуқа муҳити бир неча ҳафта ичида тўлақонли илдиз ҳужайраларнинг пайдо бўлишига хизмат қилади.

Қайта дастурлаштирилган фибробластлар билан ўтказилган биринчи тажрибалар шуни кўрсатганки, улар кўплаб бўлиниш даврларида барқарор бўлиб қолади ва шу билан бирга, улар бамбук айиқларининг ҳар қандай ҳужайралари ва тўқималарига айланишга қодир.

Мавзуга оид