Спорт | 15:30 / 25.09.2024
4300
3 дақиқада ўқилади

Россия терма жамоаси собиқ футболчиси гиёҳванд моддалар учун 9,5 йилга қамалди

Алексей Бугаевга «закладка» координаталари кўрсатилган СМС-хабар келган, сўнг у белгиланган жойдан 494,8 грамм наркотик моддани олган. У уларни сотишни режалаштирган, бироқ қўлга олинган, деб хабар берди суд матбуот хизмати.

Фото: СПОРТ-ЭКСПРЕСС/ИТАР-ТАСС

Футбол бўйича Россия терма жамоасининг собиқ ҳимоячиси Алексей Бугаев гиёҳванд моддаларни сотишга урингани учун қаттиқ тартибли колонияга 9,5 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда 24 сентябр, сешанба куни Краснодар ўлкаси судларининг қўшма матбуот хизмати хабар берди.

Краснодар шаҳри Прикубанский район суди ҳукмига кўра, «2023 йил октябр ойида Бугаев гиёҳванд моддалар бўлган «закладка» жойлашуви координаталари кўрсатилган СМС-хабарни олиб, тегишли жойдан гиёҳванд моддаларни олиб кетган. Уларнинг умумий оғирлиги 494,8 грамм бўлган». «Судланувчи гиёҳванд моддаларни кейинги ноқонуний сотиш мақсадида олган, бироқ у ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қўлга олингани боис, бунга эриша олмади», — дея аниқлик киритади судларнинг қўшма матбуот хизмати.

Таъкидланишича, дастлаб Бугаев «у гиёҳванд моддаларни тарқатишни режалаштирмаганлигини, лекин полицияга буни қилишни таклиф этган одамларни фош қилишда ёрдам бермоқчи бўлганини» даъво қилган. «Аммо суд мажлисида кўрсатмаси ўқиб эшиттирилгач, Бугаев ўз айбига тўлиқ иқрор бўлди ва қилмишидан пушаймон бўлди, шунингдек, судланувчининг айби иш бўйича текширилган далиллар бўйича аниқланди», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, суд ҳукм чиқаришда футболчининг фарзанди борлиги, пушаймонлиги, шунингдек, спортдаги муваффақияти учун кўплаб мукофотлари мавжудлигини ҳисобга олган.

Алексей Бугаевнинг спорт карераси

«Интерфакс» агентлигининг эслатишича, 43 ёшли Бугаев 2004-2005 йилларда футбол бўйича Россия терма жамоасида ўйнаган. Шунингдек, у Москванинг «Торпедо» ва «Локомотив», Томскнинг «Том», Москва областининг «Химки», Краснодарнинг «Краснодар» клубларида ўйнаган ва Россия терма жамоасида бир неча ўйин ўтказган. «Локомотив» таркибида суперкубок ва Россия чемпионатининг бронза медали совриндори», — дейилади агентлик хабарида.

Футболчининг Краснодарда ҳибсга олингани ва унга нисбатан гиёҳванд моддаларни ўта йирик миқдорда сотишга уриниш бўйича жиноий иш қўзғатилгани 2023 йилнинг ноябрида маълум бўлган эди.

Мавзуга оид