Жаҳон | 20:55 / 26.09.2024
6045
2 дақиқада ўқилади

Россия ядровий доктринасининг ўзгаришини «Ғарбга сигнал» деб ҳисоблаш керак — Песков

У «бутун дунё яхши биладиган» Россия ядровий арсеналининг тийиб турувчи ролини алоҳида таъкидлади.

Фото: РИА Новости

Путиннинг Россия ядровий доктринасини ўзгартириш ҳақидаги таклифи Ғарбга сигнал ва Россияга «эҳтимолий ҳужум» оқибатлари ҳақида огоҳлантириш сифатида баҳоланиши керак. Бу ҳақда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.

У «бутун дунё яхши биладиган» Россия ядровий арсеналининг тийиб турувчи ролини алоҳида таъкидлади ва Россия томони ядро синовларига мораторийни бекор қилмоқчими деган саволга жавоб бермади.

25 сентябр куни Путин Россия Хавфсизлик кенгашининг ядровий масала бўйича йиғилишида нутқ сўзлади ва Россиянинг ядровий доктринасини қайта кўриб чиқишга чақирди. У таклиф қилган энг муҳим ўзгариш ядровий кучга эга бўлмаган ҳар қандай давлат томонидан тажовуз содир бўлган тақдирда ядровий қуролдан фойдаланиш имконияти эди.

Бундан ташқари, Россия президенти энди ядро қуролидан Беларусга тажовуз содир этилган тақдирда ҳам фойдаланиши мумкинлигини таъкидлади. У Ғарбни «ҳароратни доимий равишда кўтаришда, вазиятни кескинлаштиришда» айблади ва Россия учун стратегик мағлубият «минг йиллик тарихнинг охири» деган маънони англатишини айтди. Шунинг учун, унинг сўзларига кўра, «қўрқадиган ҳеч нарса йўқ» ва «охиригача бориш яхшидир». Путин бу «элементар расмий мантиқ» эканлигини таъкидлади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид