Жаҳон | 01:07 / 27.09.2024
8359
2 дақиқада ўқилади

Россияда болали бўлган мактаб ўқувчиларига ОТМга киришда қўшимча балл бериш таклиф этилди

Россиялик сенаторнинг сўзларига кўра, имтиёзлар ОТМга ҳужжат топширишдан бир йил олдин фарзанд кўрган ёш оналарга тааллуқли бўлади. Ушбу тоифага 10-11-синф ўқувчилари киради. 

Фото: Москва агентлиги

Мактабнинг юқори синфида бола дунёга келтирган ўқувчилар «индивидуал ютуқ» деб баҳоланиши ва ОТМга киришда қўшимча баллар билан рағбатлантирилиши лозим. Бу ҳақда Россия Федерация кенгашининг иқтисодий сиёсат бўйича қўмитаси раҳбари Андрей Кутепов маълум қилди. У мамлакат Фан ва олий таълим вазирлигига мактуб йўллаб, ёш оналарни қўллаб-қувватлашга қаратилган шу каби чораларни кўриб чиқишга чақирган.

Сенаторнинг сўзларига кўра, имтиёзлар ОТМга ҳужжат топширишдан бир йил олдин фарзанд кўрган ёш оналарга тааллуқли бўлади. Ушбу тоифага 10-11-синф ўқувчилари киради. Ҳужжатда уларнинг оталари ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.

«Болаларни индивидуал ютуқ деб ҳисоблаш таклиф этилади ва уларга имтиҳон натижалари учун максимал даражада қўшимча балл қўшиб бериш керак», — дейилади мактубда. Кутеповнинг ҳисоблашича, бу ҳомиладорликни тўхтатишнинг олдини олишга ва фарзандли оилалар мақомини оширишга қаратилган чора-тадбирларнинг бир қисмидир. У ўз ташаббусини «мамлакатда туғилиш даражасини қўллаб-қувватлашга қаратилган изчил ҳаракат», деб атаган.

Президент Владимир Путиннинг ўн нафаргача фарзанд кўриш талабига қарамай, Россияда демографик вазият ёмонлашмоқда. 2023 йили мамлакатда 1,264 миллион бола туғилган — бу 1999 йилдан бери қайд этилган энг ёмон кўрсаткич. 2024 йилнинг дастлабки тўрт ойида чақалоқлар туғилиши ўтган йилга нисбатан 3 фоизга тушиб кетган. Июн ойининг ўзида туғилишлар сони 6 фоизга камайган.

Ҳукумат бўлажак оналарни молиявий рағбатлантириш орқали туғилишлар даражасини кўтаришга уринмоқда. Бундан ташқари, русларни мамлакатнинг ташландиқ ҳудудларига оммавий кўчириш, бир хонали квартираларни тақиқлаш ва аёллар учун олий маълумотни чеклаш каби турли «экзотик» таклифлар илгари суриляпти.

Президент матбуот котиби Дмитрий Песковнинг тан олишича, туғилиш коэффициенти жуда паст даражада бўлиб, бу миллиат келажаки учун ҳалокатлидир. 

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид