Жаҳон | 21:50 / 28.09.2024
3898
2 дақиқада ўқилади

Бразилия Олий суди Х ижтимоий тармоғига янги жарима белгилади

Илон Маскка тегишли ижтимоий тармоқ тақиққа қарамай ўтган ҳафта бироз муддат Бразилияда фаолият юритган.

Фото: AFP

Бразилия Олий суди Х ижтимоий тармоғи мамлакатда фаолиятини қайта тиклаши учун умумий ҳисобда 5 миллион доллардан зиёд жаримани тўлаши кераклигини маълум қилди.

Аввалроқ Бразилия Олий суди Илон Маскнинг Х ижтимоий тармоғини тўлиқ блокировкадан сўнг мамлакатдаги бир кунлик фаолияти учун 920 минг доллар миқдорида жаримага тортганди. Ижтимоий тармоқ суднинг дезинформацияни тарқатишни тўхтатиш борасидаги қарорига риоя қилгани сабаб платформага қўйилган тақиқ олиб ташланишини сўраган эди.

Аммо 27 сентябр куни судя Александре де Мораэс Х ва унинг Бразилиядаги қонуний вакили суд қарорига мувофиқ умумий ҳисобда 3,4 миллион доллар тўлаши кераклигини эслатди. Судя Х ва Starlink’нинг Бразилияда музатилган маблағларидан фойдаланиши мумкинлигини маълум қилган, бироқ сунъий йўлдош компанияси маблағларга қўйилган тақиқ бўйича апелляцияни қайтариб олишга мажбур бўлган.

Судя ўтган ҳафта давомида Х ижтимоий тармоғи қисқа муддатда ўз фаолиятини давом эттиргани учун яна янги жарима белгилади — 1,8 миллион доллар.

Х’га алоқадор манбалардан бирининг таъкидлашича, технологик компания жарималарнинг барчасини тўлайди, аммо қўшимча 1,8 миллион доллар борасидаги суд қарори устидан шикоят киритиши мумкин.

Бразилияда X ижтимоий тармоғи блокланиши

Август ойи охирида судя Алешандре де Мораэс Миллий телекоммуникация агентлигига X ижтимоий тармоғининг бутун мамлакат бўйлаб фаолиятини тўхтатишни буюрди. Бунга компаниянинг Бразилиядаги қонуний вакилини 24 соат ичида тайинлаш талабини бажаришдан бош тортгани сабаб бўлди.

Бразилияда X’дан фойдаланиш бўйича чекловларни четлаб ўтишга ҳаракат қилинса, фойдаланувчилар кунига 50 000 реал (тахминан 8 000 евро) жаримага тортилиши мумкин. Платформани блокировка қилиш қарори бутун мамлакат бўйлаб оммавий норозиликларга сабаб бўлди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид