Жаҳон | 11:00 / 28.09.2024
1879
3 дақиқада ўқилади

Финландия РФ билан чегара яқинида НАТО қўмондонлик марказини яратади

Россия чегарасидан 200 километр узоқликда жойлашган Шимолий Европадаги янги қуруқликдаги қўшинлар штабида турли мамлакатлардан келган бир неча ўнлаб ходимлар жойлашади.

Фото: Getty Images

Финландия Россия чегарасидан 200 километрдан камроқ масофада жойлашган Миккели шаҳрида НАТО қўмондонлик базаси яратилишини эълон қилди. Бу ҳақда 27 сентябр, жума куни мамлакат мудофаа вазири Антти Хяккянен маълум қилди. Бу билан Финландия Россияга «биз НАТОнинг тўлақонли аъзоси эканлигимиз ва НАТО Финландия мудофааси учун ҳам жуда муҳим эканлигини билдириб қўяди», деди Хяккянен ва Финландия армияси қўмондонлиги аллақачон Миккели шаҳрида жойлашганини қўшимча қилди.

Мамлакат НАТОга қўшилганидан деярли бир ярим йил ўтгач, Миккели шаҳрида Шимолий Европадаги янги база яратилади, у ерда турли мамлакатлардан бир неча ўнлаб ходимлар жойлаштирилади. «Жойлаштириш жойларини бирлаштириб, биз миллий мудофаа бошқаруви ва НАТО мудофаа бошқаруви ўртасида энг яхши синергик таъсирга эришамиз», деб қўшимча қилди Финландия Мудофаа вазирлиги раҳбари. Янги бош қароргоҳ НАТОнинг Норфолкдаги штаб-квартирасига бўйсунади, дея хабар беради YLE.

Июн ойида НАТО мудофаа вазирлари Финландияда алянснинг шарқий мамлакатлари хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилувчи ротацияли қуруқликдаги кучларни (FLF) жойлаштиришга қарор қилишди. Хяккянен аниқлик киритишича, аниқроқ саналар кейинроқ эълон қилинади.

Финландия 2023 йил апрелида НАТОга қўшилди

2023 йил 4 апрелда Финландия Россиянинг Украинага бостириб кириши фонида НАТОнинг 31-аъзо давлати бўлди ва шу тариқа ўзининг 75 йиллик бетарафлик даврини тугатди. Шимолий Атлантика алянси таркибига кирганидан кейин НАТОнинг Россия билан умумий чегараси икки бараварга ошиб, 2600 километрга етди. Деярли бир йил ўтиб, 2024 йилнинг 7 мартида яна бир Скандинавия давлати - Швеция алянснинг янги аъзоси бўлди.

Август ойи охирида Финландия ташқи таҳдидларни олдини олиш учун ўз ҳудудида НАТО зирҳли бригадасини жойлаштириши мумкинлиги хабар қилинган эди. Iltalehti ёзганидек, Миккелида 4-5 минг аскар ва офицердан иборат бригада жойлаштирилади. Бундан ташқари, Скандинавия мамлакатлари томонидан яриморол шимоли орқали Норвегия портларидан Финландиягача бўлган ҳарбий транспорт коридори яратилиши маълум бўлди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид