Ливандаги шиалар ҳаракати «Ҳизбуллоҳ» етакчиси Шайх Ҳасан Насруллоҳ Яқин Шарқдаги энг машҳур ва нуфузли шахслардан бири эди. У 64 йиллик умридан 32 йилида ушбу ҳаракатга раҳбарлик қилган. Бу даврда гуруҳ Ливандаги энг катта таъсирга эга сиёсий кучга айланди. У Исроил томонидан ўлдирилишидан қўрқиб, кўп йиллардан буён омма қаршисида кўриниш бермай келарди. Аммо 2024 йил 27 сентябр куни Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг Ливан пойтахти Байрут шаҳрига зарбаси оқибатида ҳалок бўлди. «Медуза» «Ҳизбуллоҳ»нинг марҳум етакчиси тўғрисидаги маълумотларни тўплади.

Сирли етакчи

Ҳасан Насруллоҳ — кўп жиҳатдан сирли шахс эди. У Эрон билан яқин алоқаларга эга эди ва «Ҳизбуллоҳ» жиддий сиёсий ва ҳарбий кучга айланишида муҳим рол ўйнаганди.

Ҳасан Насруллоҳнинг болалиги 1960-йилларга — замонавий Ливан тарихидаги энг фаровон даврларга тўғри келган, бу вақтда мамлакатни «Яқин Шарқ Швейцарияси», Байрутни — «Яқин Шарқдаги Париж» деб аташарди. 

Аммо кўп ўтмай вазият ўзгарди. 1970 йилда Иорданиядаги фуқаролик урушидан кейин Ливанга Ёсир Арофат бошчилигидаги Фаластин озодлик ташкилоти раҳбарияти кўчиб ўтди. Мамлакатнинг жанубий қисми «Фатҳленд»га айланди — бу амалда мамлакат ҳукумати томонидан бошқарилмайдиган ҳудуд ҳамда Исроилга қарши террорчилик амалиётлари тайёрланадиган базага айланди. 1975 йилда Ливанда фуқаролик уруши бошланди, унда фаластинлик жангарилар фаол иштирок этди. 1976 йилда Ливан Сурия қўшинлари томонидан оккупация қилинди. 1982 йилда эса «Фатҳленд»ни тугатиш учун мамлакатга Исроил қўшини бостириб кирди. 

Ҳасан Насруллоҳ 1960 йилда Байрут шарқидаги Бурж Ҳаммуд туманида туғилган, бу ерда унинг отаси Абдул Карим кичик сабзавот дўконига эгалик қиларди. У оиладаги тўққиз фарзанднинг тўнғичи бўлган.

У ўсмирлигида шиаларнинг нуфузли Садрлар оиласи раҳбарлигидаги «Амал» сиёсий ҳаракатига аъзо бўлади, бу тузилма 1975 йилда Ливан фуқаролик уруши ичида қолганида машҳурлашган. 1970-йиллар охирида Насруллоҳ Ироқдаги шиалар маркази ҳисобланган Нажаф шаҳридаги мадрасада ўқийди, бу вақтда эронликларнинг қувғиндаги оятуллоҳи Руҳуллоҳ Хоминаий ҳам шу шаҳарда истиқомат қиларди. 1978 йилда Ироқ вице-президенти Саддам Ҳусайн шиаларга қарши кампания бошлайди. Хоминаий Парижга кетади, бир йил ўтиб у ердан ислом инқилоби етакчиси сифатида Эронга қайтади. Насруллоҳ ҳам шу даврда Ливанга қайтиб, яна «Амал»га қўшилади. 

1982 йилда, Исроил босқини бошланганидан кейин  етарлича ҳарбийлашмагани туфайли бир гуруҳ аъзолари (улар орасида Ҳасан Насруллоҳ ҳам бор эди) «Амал»дан ажралиб чиқиб, «Ислом амали» ҳаракатини тузишади. Янги гуруҳ Эрон ислом инқилоби муҳофизлари корпуси томонидан фаол қўллаб-қувватланади ва шиаларнинг энг йирик ҳаракатига айланади.