Жаҳон | 21:17 / 30.09.2024
2901
2 дақиқада ўқилади

Италия ва Швейцария музликлар эриши туфайли чегараларини ўзгартирди

Чегарани қайта кўриб чиқиш Маттерхорн тоғи ёнбағрида жойлашган машҳур Церматт тоғ-чанғи курортига таъсир кўрсатди.

Фото: Getty Images

Швейцария ва Италия музликлар эриши туфайли Алпдаги чегараларини қайта кўриб чиқди. Ўзгаришлар Церматта ҳамда Валле-д’Аоста вилоятлари чегарасидан ўтган Европадаги энг баланд чўққилардан бири ҳисобланувчи Маттерхорн тоғи атрофидаги ҳудудга тааллуқли, деб хабар беради Bloomberg.

Чегарани қайта кўриб чиқиш Маттерхорн тоғи ёнбағрида жойлашган машҳур Церматт тоғ-чанғи курортига таъсир кўрсатди. Туристлар ва чанғичилар олдингидек Швейцария ва Италия чегарасини бемалол кесиб ўтиши мумкин, аммо чегаранинг ўзи икки давлатнинг иқтисодий манфаатларидан келиб чиқиб Теста Грижиа, Плато Роза ва Гобба ди Роллен тоғлари ёнида ўзгарган.

Швейцарияда музликлар жадаллик билан эришни давом этмоқда. The Guardian маълумотларига кўра, 2024 йилда улар ўз ҳажмининг 4 фоизини йўқотган. 2022 йилда эса уларнинг 6 фоизи эриб кетганди. Олимлар айрим Швейцария чўққиларидаги музларни ўлчашни тўхтатган, чунки улар деярли қолмаган.

Европа музликлари бошқа қитъалардагидан тезроқ эримоқда. Copernicus хизмати маълумотларига кўра, охирги икки йилда улар 10 фоизга қисқарган, 2050 йилга бориб ҳароратнинг исиши 2 даража Целсийдан ошмаса ҳам муз қоплами ярмига камаяди.

Аввалроқ Алпдаги энг йирик Мармолада музлиги ўртача ҳароратнинг ошиши туфайли 2040 йилга бориб бутунлай йўқолиб кетиши мумкинлиги маълум бўлганди. Сўнгги беш йилда музлик майдони 70 гектарга қисқарган — бу 98 та футбол майдонига тенг. Мармоладада 2022 йилда муз кўчиши оқибатида 11 киши ҳалок бўлганди.

Мавзуга оид