«Ҳаётий ҳикоялар» рукнида берилаётган навбатдаги ҳикоямиз қаҳрамони бир пайтлар қилган ишидан ҳанузгача афсусланиб юрган киши.
У машинани жуда катта тезликда бошқариб, яқин дўсти ва яна икки аёлнинг умрига зомин бўлгани ҳақида ҳикоя қилди.
«Ёшлигимизда кексалар «Ҳар бир кишида қиёматлик дўст бўлсин», дейишганда бу гапнинг маъносини тушунмасдим. Аммо кейинчалик шундай дўстга эга бўлганимда ҳар қандай инсонда бир нафар бўлса ҳам яқин дўст бўлиши керак экан деб ўйлаганман.
Худойберди билан тенгдош ва қўшни бўлганмиз. У билан мактабга ҳам бирга чиқдик, бир синфда ўқидик. Бир партада ўтирдик. Эсимда, болалигимизда бир гал у, бошқасида мен уйдан нон олиб чиқардим ва булоқдан келаётган ариқда оқизиб ердик.
Улғайиб бораверганимиз сайин у билан қалин дўстларга айландик. Дўстимнинг менга энг маъқул томони одам танламас, жуда самимий бола эди.
Мактабнинг юқори синфларида ўқиб юрган пайтларимизда Ўзбекистонда автозавод ишга тушди ва отам биринчилардан бўлиб «Нексия» сотиб олди.
Отам уйда йўқ пайтларда машинани минишни ўрганиб олдим. Бунда менга автомобил тузатувчи уста бўлиб ишлайдиган қўшнимиз ёрдам берди.
Мактабни битирган пайтимда машина ҳайдашни яхши ўрганиб олгандим ва отам уйда бўлган пайтларда ҳам «Нексия»ни минаверардим.
Кўп ўтмай икки дўст олдинма-кейин уйландик, фарзандларимиз туғилди. Уйланганимиздан кейин ҳам дўстлигимиз давом этаверди.
Кўп ўтмай отам бошқа машина олди ва «Нексия» тамомила менга қолди. Лекин ўтган йиллар мобайнида ҳайдовчиликка ўқимадим ва гувоҳнома олмадим.
Устоз кўрмаганим бир кун келиб панд беришини билганимда балки биринчи навбатда ҳайдовчилик гувоҳномаси учун ўқирмидим?
Машинани тез ҳайдашни жуда ёқтирардим. Бу ишим учун бир неча марта маҳалладошлар танбеҳ беришди, билганимдан қолмадим. Кейин отамга ҳам айтишибди.
Отам қаттиқ урушди ва агар тез ҳайдашда давом этсам машинани тортиб олишини айтди. Бироқ бу ҳам мени қўрқита олмади. Энди маҳалла ичидаги йўлда эмас, катта йўлларга чиқсам ҳам тез ҳайдайдиган бўлдим.
Агар ўшанда бу ишим оғир оқибатлар келтириб чиқаришини билганимда, балки отамга машинани ўзим топшириб, пиёда юрармидим? Не ажабки, хом сут эмган банда қачонки бошига оғир ташвиш тушса ақлини йиғади. Унгача ҳеч нарса дарс бўлмайди.


















